“Бешиктош” клубини тарк этганидан сўнг ҳеч бир клуб билан шартнома туза олмаган Туркия терма жамоасининг собиқ футболчиси Ниҳат Қаҳвачи футболчилик фаолиятига нуқта қўйганини расман эълон қилди...
Футболчи кеча “NTV Spor” телеканалига берган интервьюсида жумладан шундай деди:
— Ҳар қандай гўзал нарсанинг бошланиши, давом этиши бўгани сингари якуни ҳам бўлади. 1998 йилда 1-лигада тўп сура бошладим. Жуда ажойиб кунларни бошимдан кечирдим. Фаолиятимда кўтарилиш-пасайиш дамлари бўлди, жароҳатларга учрадим. Футболда ажойиб дамларни ўтказдим. Ёш ўтган сари инсон ўзи истар-истамас футболда ўзи хоҳлаган ишларни амалга оширолмай қоларкан. Испания чемпионатидан Туркия чемпионатига қайтишим жуда омадсиз бўлди. Ўзимдан хафа бўлдим, қўлимдан ҳеч нарса келмаганига. Афсуски, Туркияда мувафаққиятсизликка учрашсак, танқидларга кўмиб ташлашади. “Бешиктош”дан кетганимдаёқ футболдан кетишни ўйлагандим. Энди оилам ва фарзандларимни ўйлашим лозим. Испанияга жойлашиб олдим. Энди Туркияга қайтмасам керак. Бироз дам олишни истайман. Футболчиларга футболдан айро касбни қилиш қийин. Балки мураббий сифатида футболга яна қайтарман. Барчага миннатдорчилик билдираман.
Ниҳат Қаҳвачи 1979 йилнинг 23 ноябр куни туғилган. Фаолияти давомида “Бешиктош”(30 гол), “Реал Сосиедад”(58 гол), “Вильярреал”(18 гол) клубларида тўп сурди. Мамлакат миллий терма жамоасида 65 та ўйинда майдонга тушиб, 19 та гол киритган. Айниқса, Евро-2008 да 3 дақиқа ичида Чехия термаси дарвозасига 2 та гол киритиб, термасини чорак финалга олиб чиққани билан мухлислар ёдида қолди.