Ўзбекистон футбол ассоциацияси келишилган футбол учрашувларига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон футболчилари уюшмаси билан ҳамкорликни йўлга қўйди.
Бугун ЎФА бош котиби Аваз Максумов ҳамда уюшма раҳбари Камолиддин Мурзоев иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Унда келишилган ўйинларга қарши курашиш бўйича ФИФА ва FIFPro қўшма лойиҳаси “Red Button” мобил иловасини Ўзбекистонда амалга тадбиқ этиш мақсадида ҳамкорлик меморандум имзоланди.
Мазкур мобил илова орқали келишилган ўйинларни ташкил этиш мақсадида футболчиларга таъсир ўтказиш, уларни келишувларда қатнашишга мажбурлаш каби ҳолатлар ҳақида футболчилар аноним тарзда хавфсиз ЎФАга маълумот юбориш имкониятига эга бўлади. Бунда юборувчиларнинг шахсий маълумотлари сир сақланишига кафолат берилади.
Бугунги кунда ушбу дастурдан дунё бўйлаб 60 мингдан ортиқ профессионал футболчилар фойдаланмоқда ва бу келишилган учрашувлар бўйича ўзига хос футболчилар жамоатчилиги назоратини англатади.
“Юқорида тилга олинган “Red Button” иловаси фақатгина ўйинчилар томонидан фойдаланади ва бу умумий маълумот сифатини оширишга хизмат қилади. Бизга берилган маълумотга асосан, Халқаро жиноий полиция ташкилоти – Интерпол мутахассислари “Red Button” дастурини синовдан ўтказдилар ва уни бузиб, фойдаланувчилар маълумотини қўлга киритиш имкони бўлмаган. Натижада Интерпол мазкур дастурни 20 та муқобил иловалар ичида энг хавфсиз маълумот бериш воситаси сифатида тасдиқлаган”, дейди - Ўзбекистон футболчилари уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоев.
“Иловадан фойдаланиш хавфсиз эканлигига футболчиларни ишонтириб айта оламизки, улар керакли ахборотни аноним бўлишини истаса, мавжуд тизим мазкур маълумотни ким юборганлигини аниқлашга тўсқинлик қилиши мумкин. Хатто футболчи маълумот юборган шахсий телефонини йўқотиб қўйган тақдирда ҳам, ушбу қурилма орқали дастурдан фойдаланганлигини аниқлаб бўлмайди”, дея қўшимча қилди - Камолиддин Мурзоев.