Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Руслан Малиновский: «Вируснинг оғир зарбасига муносиб бардош бердик»

Баҳо:
+ | -

Украина терма жамоаси ярим ҳимоячиси Руслан Малиновский Zbirna нашрига берган интервьюсида Евро-2020 саралаш турнири ва мусобақанинг сўнгги босқичидаги имкониятлари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Ажойиб муҳитга эга жамоага қўшилдим»

- Украина терма жамоасидаги ҳақиқий ҳаётим жамоани Андрей Шевченко бошқарганидан кейин бошланди, дейиш мумкин, - дейди Руслан Малиновский. - Шундай бўлса-да, менга эътибор қаратган ва дебют учун имконият яратиб берган олдинги мураббийлар штабидан миннатдорман, албатта. Аммо у пайтда мен захира ўриндиғида ўтирардим, энди эса ўйнаш вақти келди.

Амалдаги шаклланган терма жамоага илк ташрифим узоқ вақт эсимда қолади. У ерда бир нечта янги келганлар бор эди ва Шевченко биз қўшиқ айтишимиз кераклигини айтди. Мен унга: «Николаевич, мен дебютант эмасман, аллақачон терма жамоада бўлганман», дедим, у эса шундай жавоб беради: «Сен ҳали менинг олдимда бўлмагансан». Шундан кейин ижро этишга тўғри келди (жилмаяди). Концерт ўринли бўлиб чиқди ва мен бу ерда ажойиб атмосфера борлигини дарҳол англадим. Шубҳасиз, профессионал ишлар фалончи мураббийлар штаби билан олиб борилаётган эди. Умуман олганда, дастлабки таассуротлар ижобий бўлган. Ҳатто, илк машғулотдан кейиноқ.

«Ўйиндан завқлана бошладик»

- Бу 2017 йил июнь ойида бўлган. Биз Финляндия билан ўйинга тайёргарлик кўраётгандик ва Австриядаги ўқув-машғулот йиғини Мальтага қарши спарринг билан бошланганди. Ҳозир ўша баҳснинг икир-чикирлари эсимда йўқ, гарчи ҳисоб хотирамда қолган бўлса-да. Биз ютқазгандик - 0:1. Кутилмаган ҳисоб бўлганлиги тушунарли, аммо шунга қарамай, унчалик яхши бўлмаган. Ўша пайтга келиб мен Европа футболи билан бироз танишиб улгургандим ва мураббийларимизда алоҳида хурофотлар йўқ эди. Умуман олганда, мен кимнингдир «бу йигит муваффақиятли киришди» каби фикри билан ўзимни безовта қилмадим. Финляндиядаги ўйин олдидан йиғилишда исмимни эшитиш жуда ёқимли эди. Ўйин анча оғир кечди, аммо якунда биз ғалабани тортиб олдик ва мен голда қатнашишга муваффақ бўлдим.

Европа даражасидаги жамоага қўшилдим. Буни бизда сингдирилган ўйин услубига қараб баҳоладим. Менга бундай футбол, яъни онгли равишда ҳамиша тўпни назорат қилиш орқали ўйнаш ёқарди ва мен бундан хурсанд эдим. Ўша саралаш циклида энг яхши натижаларга эришмаган бўлсак-да, йигитлар майдонда қилаётган ишларидан завқланишди. Энди биз мамлакатнинг асосий жамоаси либосини кийиб, майдонда шунчаки югурмадик. Энди биз ўйнашни ҳам эпладик. Барча бирдек ғайратли ва қатъиятли эди, ҳамма ўзини кўрсатишни хоҳларди. Рақобат анча самарали бўлди ва бу ҳам мураббийлар штаби берган маълумотни майдонда кўрсатишга ёрдам берди.

«Терма жамоадаги биринчи голимни Италияда урдим»

- Умуман олганда, биринчи саралаш цикли жамоани «рандалаш» билан ўтди, 2018 йил эса уни шакллантиришга сарфланди. Эсимда, бизда кўплаб синов ўйинлари бўлган - Саудия Арабистони, Япония, Марокаш, Албания... Ҳаммаси ҳам амалга ошмаган бўлиши мумкин, аммо жиддий синовларга тайёргарлик жараёни бор эди, у ерда. Спаррингда мен ҳар доим ҳам асосий таркибда тушмасдим, лекин Миллатлар Лигасини «асосий»да бошладим ва у ерда ўз ўрнимни эгаллашга муваффақ бўлганман. Бу биз учун муҳим турнир бўлди, жамоа кўплаб ишларни бошлаб юборди. Италиядаги синов ўйини ҳам унутилмас бўлди - у ерда яхши ўйин намойиш этдик ва мен терма жамоадаги биринчи голимни урдим. Шундан кейин ҳамма Андрей Шевченконинг ишончига эриша бошлади.

Италияда мени кузатишганми ёки йўқ, эслолмайман, лекин ўша пайт Бельгияда кўп ишлар қилдим. Гарчи терма жамоадаги ўйинлар ҳар доим ажралиб турса-да, бу халқаро даража, бошқа масъулият. Мен жуда кўп ҳаракат қилдим ва миллий терма жамоа ҳам ўзимни яхши даражада намойиш этишимга ёрдам берди. Кўпчилик мамлакатингизнинг асосий жамоасидаги ўйинингизга қараб хулоса қилишади.

«Саралаш турниридаги иштирокимизга 10 очко бераман»

- Евро-2020 саралаш турнири учун жамоамизга 10 очколик тизимда 10 очко берган бўлардим. Ҳазилдан ташқари... Биз биринчи ўринни қўлга киритдик, бирорта учрашувда мағлубиятга учрамадик, Португалияни, Сербияни мағлуб этдик, яхши футбол кўрсатдик. Бу жуда ажойиб эди: Львовдаги стадионда кузатилган ноёб муҳит, Олимпия стадионидаги ғазабланган мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши - эҳтимол, бу саралашнинг энг ёрқин дақиқалари бўлиши мумкин. Серблар билан ажойиб ўйин кўрсатдик, аммо тан олишим керак, уларнинг ўзлари энг ёмон учрашувларидан бирини ўтказишганди. Биз улардан бутунлай ўтиб кетдик, ҳар жабҳада ғалаба қозондик, тажовузкорроқ эдик, ҳеч нарса яратишга имкон бермадик. Ўшанда «Аталанта» билан музокараларим қайси босқичда бўлганини эслолмайман, лекин аллақачон бошланғич режалар мавжуд эди. Нимадир ҳал бўлаётганди (кулади).

Португалияликлар Киевда анча кучли эди, аммо биз яхлит жамоа сифатида яхшироқ ўйнадик. Барча максимал даражада ишлади, ҳам ҳужумда, ҳам мудофаада бирдек ўйнашди. Лекин кўпчилик учун янгилик бу бўлмади, балки бизнинг техник жиҳатдан кўринишимиз: узатмалар, тез қарор қабул қилишлар, босимдан тезда чиқиб кетишлар... Ўзимиз бундан ҳайрон бўлмадик, чунки шундай футболга узоқ вақт тайёрлангандик.

«Энди барча пенальтилар меники деб ўйламайман»

- Саралаш турнирларида ҳар қайси ўйинда ютқазмаслик муҳим, шу сабабли Люксембург ва Литва устидан қозонилган ғалабалар ҳам аҳамиятли эди. Икки учрашувда литваликлар дарвозасига учта гол уришга муваффақ бўлдим. Ҳамма мени жарима зарбасидан урилган гол билан табриклади. Улар термада беш йилдан ошиқроқ вақтдан бери ҳали бундай гол урилмаганини айтишди. Ҳа, қулай вазиятдан яхши зарба бера олдим. Аммо бу мени ҳайрон қолдирмади, чунки «Генк»да бу тарзда икки ёки уч марта эмас, бир неча маротаба гол урганман. Нима учун барча жарима ва бурчак зарбаларини мен бажармаяпман? Чунки бизда буни қойил қилиб ижро этадиган йигитлар етарли. Марлоснинг Португалияга қарши баҳсда биз ҳисобни очган вазиятдаги фантастик узатмасини эсланг.

Энг асосийси, стандартларнинг мавжудлиги, уларни қандай тарзда бўлишиб олишимиз кейинги масала. Қайси позициядан, қандай вазиятда ва ким яхшироқ бажаришини мураббийлар штаби ҳал қилади. Ахир рақибни ажаблантира олишингиз керак-ку. Миллатлар Лигасида Германия билан ўйинда масалан, мен пенальтидан гол урдим, аммо бу энди барча пенальтилар меники дегани эмас. Бизда Андрей Ярмоленко ва бошқа тажрибали йигитлар бор. Олдин бу борада ишлашимиз керак - ижрочи топилади. Жамоамиз жуда самимий, мураббийлар штаби билан алоқаларимиз ҳам яхши. Уларни европаликлар деб айтган бўлардим. Бизга ишонишади, буни қадрлаймиз ва уларни хафа қилиб қўймасликка интиламиз. Ҳозир Андрей Шевченконинг ёрдамчилари билан итальян тилида гаплаша оламан, баъзан Андреа Малдера билан ёзишиб турамиз.

«Вирус терма жамоамизга қаттиқ зарба берди»

- Охирги Миллатлар Лигаси - анча қийин давр бўлди. Вирус жамоамизга қаттиқ зарба бўлди, аммо менимча, бунга муносиб тарзда бардош бердик. Ахир қандай рақиблар билан қанча ўйин ўтказдик. Қандайдир муваффақиятсизликлар бўлди, лекин муваффақиятлар ҳам бўлган. Ишончим комилки, ушбу мусобақа биз учун фақат фойдали бўлди. Пандемия даврида кўплаб йигитлар ўзларини кўрсатиш имкониятига эга бўлишди ва улардан баъзилари фойдалана олишди. Мураббийлар штаби кўплаб фойдали маълумотга эга чиқишди ва биз ЖЧ-2022 саралашининг очилиш ўйинида Францияда ажойиб ўйин кўрсатдик. Кейин иккита дуранг бўлди, аммо мен буни муваффақиятсизлик деб атамаган бўлардим. Финляндия ўйин охирида кўплаб имкониятлар яратдими? Қандай қилиб? Пенальти кутилмаган вазиятда юзага келди. Қозоғистон билан ўйин учун ўзимиз айбдормиз. Иккинчи голни уриб, ўйинни ёпиш керак эди. Бундан буён совуққонроқ бўламиз. Олдинда ҳали учрашувлар кўп ва биз камчиликларни тўлдиришга улгурамиз. Ҳаммаси ўз қўлимизда, лекин ҳозирча барча ўй-хаёлимиз фақат Еврога қаратилган.

«Жисмоний ҳолат ҳал қилувчи омил бўлиши мумкин»

- Европа чемпионатида жуда қизиқарли гуруҳга тушиб қолдик - барча рақиблар турлича ва ўзига хосдир. Биз ҳамма жамоалар билан яхши савияда ўйнашимиз мумкинлигини бир неча бор намойиш этдик. Шундай экан, барчаси фақат ўзимизга боғлиқ. Нафақат ўйин нуқтаи назаридан, балки руҳий жиҳатдан ҳам тайёр бўлишимиз муҳим. Чидамлилик биринчи планга чиқади - ахир, ўйинлар бирин-кетин ўтади. Бир тактикадан бошқасига тезда қайта қуриш жуда муҳим - рақибга қараб мураббийлар олдимизга турли вазифаларни қўйишлари аниқ. Айтганча, жисмоний тайёргарлик ҳал қилувчи омил бўлиши мумкин. Ўйинчиларнинг аксариятига Еврога тайёргарлик кўриш учун икки ҳафтадан камроқ вақт керак бўлади, зич мавсум борлигини ҳам унутмайлик. Ўтган йилнинг ёзи қандай бўлганини ҳамма яхши эслайди. Бу галгиси анча яхши бўлади, деган умиддаман. Аввало, Украина терма жамоаси учун...

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 08:44, 17.06.2021.
Ўқилди: 1471 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.