Бугун «Навбаҳор» жамоасининг умидли футболчиларидан бири саналган – Азимжон Аҳмедов билан суҳбат қурдик.
— Бугун Сизни «Локомотив» билан ўйинда майдонда кўрмадик?
— Енгилроқ жароҳат олгандим. Шунинг учун бугунги учрашувни ўтказиб юбордим.
— Футболга неча ёшдан кириб келгандингиз?
— Ёшлигимдан футбол билан дўст тутинганман, десам ҳам бўлаверади. Аниқроқ қилиб айтганда, 6 ёшимдан футбол билан шуғулланиб келганман. Ўзимизга яқин бўлган стадионда футбол ўйнаб турардик.
— Футболга қадам қўйишингизга ким сабабчи бўлган? Қаршиликлар ҳам бўлганми?
— Қаршиликлар бўлмаган. Ёшлигимдан акамнинг ўйинларини кўриб, уларга ҳавас қилиб келганман. Одил акам туфайли мен ҳам футболчи бўлишга қарор қилгандим.
— Биринчи мураббийингиз ким бўлган?
— Футбол сабоқларини Турдиев Маликжон ҳамда Холмирзаев Аҳмаджон акалардан олганман.
— Янги мавсумда «Навбаҳор»да 25-рақамда тўп суриш ниятингиз борми?
— Албатта бор, лекин қайси рақамда тўп сурсам ҳам, жамоа учун фойдам тегса бўлгани. Рақам муҳим эмас.
— Сизга «Пахтакор»дан таклиф бўлган экан. Шу ростми?
— Тўғри, «Пахтакор»дан таклиф бўлган. Лекин дадам Наманганда қолишимни истаганлар. Ўзимни ҳам кетгим келмайди «Навбаҳор»дан.
— Акангиз билан бирга тўп суриш ниятингиз борми?
— Бу энг катта орзуларимдан бирику! Вақти келиб, Одил акам билан бирга тўп сурамиз.
— «Навбаҳор» янги мавсумда қайси ўринлар учун курашишга қодир?
— Ўйлашимча, 4-5-ўринлар учун жамоамиз курашишга қодир. Мураббийимиз билан биргаликда ҳали кўплаб ютуқларни қўлга киритамиз!
— Жамоада яратилган шаротлар қониқарлими?
— Албатта. Бу борада муаммолар йўқ.
— «Навбаҳор»да яна неча йил тўп суришни истайсиз?
— Аниқ вақтини айтишим қийин. Чунки, футболчи кейинги тақдири қандай кечишини олдиндан айта олмайди. Лекин «Навбаҳор»да имкон борича узоқроқ тўп суришни истайман!
— Биламизки, мураббийларда футболчиларни танлаш имконияти бор. Агар шундай имконият футболчиларда ҳам бўлганида қайси мураббий қўл остида ўйнаган бўлардингиз?
— Айнан битта мураббийни алоҳида кўрсата олмайман. Виктор Жалилов, Усмон Асқаралиев, Аҳмад Убайдуллаев, Миржалол Қосимовларни келтириб ўтишим мумкин.
— Хориж футболида қайси жамоа ва футболчига мухлиссиз?
— Испаниянинг «Реал» ҳамда Англиянинг «Арсенал» жамоаларининг мухлисиман. Футболчилардан эса, Робин ван Перси ва Месут Ўзилларнинг ўйинлари манзур бўлади.
— «Навбаҳор»да ўйнашни истаган маҳаллий ёшлар жуда кўп. Нега мураббийлар уларга эътибор беришмайди?
— Янги мавсумда жамоамиз бош мураббийи Усмон Аҳмедович асосан ёшларга эътибор қаратади. Таркибга ҳам бир қанча ёшлар қўшилди. Тўғри, аввал эътибор кам бўлган бўлиши мумкин, лекин ҳозир эътибор кучли.
— Сизни моддият қизиқтирадими ёки маънавиятми? Демоқчиманки. «Навбаҳор»га зарур бўлиб турганингизда жамоани ташлаб кета оласизми?
— Йўқ, бундай қила олмайман. «Навбаҳор» — жонажон клубим! Ҳар қандай ҳолатда ҳам «Навбаҳор»да қолишга ҳаракат қиламан. Шундай ҳолатда жамоани ташлаб кетганлар бир умр ўзларини кечира олишмаса лерак.
— Сизни ҳам акангиз сингари Англия чемпионатида ўйнаш ниятингиз борми? Агар бўлса қайси жамоада?
— Албатта. «Арсенал»да тўп суриш орзуим.
— Имконият бўлса, «Навбаҳор»да фаолиятингизни охиригача тўп суришни истармидингиз?
— Имконият бўлса, фаолиятимни «Навбаҳор»да якунлашим ҳам мумкин.
— Бир мухлисимиз, Сиз учун янги соч «причёска» танлаб қўйибди. Бунга нима дейсиз?
— Янги мавсум бошланишидан аввал уларнинг олдига албатта бораман!
— Футболчи қачон ўзи кўрсатган ўйиндан қониқади?
— Жамоасининг ютуғига ўзининг улушуни қўша олса, мураббий томонидан билдирилган ишончларни оқлай олса, ўз ўйинидан қониқиш ҳосил қилади.
— Янги мавсумдан нималарни кутяпсиз?
— «Навнаҳор»нинг асосий таркибида ўйнаб, мухлислар ишончини қозонмоқчиман. Чиройли ўйинларим билан уларни хурсанд этишга ҳаракат қиламан. Янги мавсумда жамоамиз ҳам яхши натижа қайд этишини кутяпман.
— Жамоага содиқлик деганда нимани тушунасиз?
— Хориж футболида Раян Гигз, Стивен Жеррард, Паоло Малдини сингари футболчилар фаолиятларини бир жамоага бағишлаганлар. Бизда эса ундай футболчиларни топиш қийин. Содиқ футболчи ҳар қандай кунда ҳам жамоаси билан бирга бўлади. Ана шу жамоага бўлган содиқликдир.
— Ўзбекистонда «Навбаҳор»дан бошқа жамоада ҳам тўп сура оласизми?
— Ҳа, бошқа жамоада ҳам ўзимни кўрсата оламан. Лекин бу билан «Навбаҳор»ни тарк этмоқчиман, дейишдан йироқман.
— «Навбаҳор»да олдин ўйнаган қайси футболчига ҳавас қилардингиз?
— Жамоанинг ҳақиқий етакчиси бўлган, голеадор ҳужумчи Шуҳрат Мирҳолдиршоевнинг ўйинларига ҳавас қилганман.
— Футболчи бўлмаганингизда қайси касбни танлаган бўлардингиз?
— Тўғриси, буни ўйлаб кўрмаган эканман. Футболсиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман.
— Ўзингизга қайси чизиқда тўп суриш ёқади?
— Албатта марказда.
— «Эл-Классико»да қайси жамоага мухлислик қиласиз?
— Юқорида айтиб ўтганимдек, мен «Реал» мухлисиман. Шундай экан, фақат «қироллик клуби»га мухлислик қиламан.
— Сиз «Навбаҳор»ни Туркияга боришига ишонасизми?
— Ишонаман.
— Сизнингча «Навбаҳор» қачон чемпион бўлади?
— Худо хоҳласа, яқин йилларда Наманганга чемпионлик қайтади.
— «Навбаҳор» билан қанча муддатга шартнома тузгансиз?
— Амалдаги шартномам шу йил охирида ўз ниҳоясига етади.
— Ош қилишни биласизми?
— Билмайман. Лекин тухумни сувга солиб пиширишни биламан (кулиб).
— Ака-ука Аҳмедовларни қачон «Навбаҳор»да кўрамиз?
— Худо хоҳласа, бунга оз қолди. Албатта, бир кун келиб, акам иккимиз «Навбаҳор» шарафини ҳимоя қиламиз.
— Сизга «Навбаҳор»дан кучлироқ жамоадан таклиф тушсаю, аммо отангиз Наманганда қол десалар, қандай йўл тутасиз?
— Отамнинг фикрига қарши чиқолмайман. «Навбаҳор»да қолардим.
— Юлдузлик касалига чалинмаслик учун нималар қилиш керак?
— Ортиқча эҳтиросларга берилмаслик керак. Шунингдек, турли мақтовлардан сармаст бўлмаслик лозим. Бу ёмон «касаллик», бир зумда осмондан ерга тушириб қўяди.
— Агарда «Навбаҳор»дан бошқа клубда тўп сурганингизда, «Навбаҳор» дарвозасига гол уриш имконияти бўлганда нима қилардингиз?
— Тўғрисини аяман, агарда шундай ҳолат бўлганида «Навбаҳор» дарвозасига гол урмасдим.
— Мураббий бўлганингизда жамоага кимни танлар эдингиз: Азимжон Аҳмедовними ё Одил Аҳмедовними?
— Иккаласини ҳам танлаб, уларни марказга қўярдим!
— Ўтган йили Элдор Сакаев Сизга нима учун эътибор қаратмади?
— Элдор Усмонович менга ишонч билдиргани йўқ. Агар менга имконият берганида ўзимни кўрсата олардим.
— Усмон Асқаралиев ҳақида фикрларингиз...
— Жароҳатдан қутилиб келганимдан сўнг, Усмон ака менга ўйнаш имкониятини бердилар. Мураббийимизни қаттиққўл, тартиб-интизомга жиддий эътибор қаратадиган тажрибали мутахассислардан, деб биламан.
— Ота-онангиз ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.
— Ота-онам оддий одамлар. Дадам ёшликларида футболчи бўлганлар. Лекин улар тўп сурган пайтда ҳозиргидек шароитлар бўлмаган. Шунинг учун дадам бизга ҳамма шароитларни яратиб берадилар. Онам эса уй бекаси.
— Футболчи бўлганингиздан афсусланган пайтингиз бўлганми?
— Бундай ҳолатлар аввал бўлган. Футбол интернатида ўқиб юрган кезларимда шундай фикрлар бўлган. Лекин ҳозир эмас.
— Азимжон Аҳмедов номи ўта масулиятли. Чунки ҳаммамиз биламиз, Сиз Одил Аҳмедовнинг укасисиз. Майдонга тушганингизда мухлислар барибир сизга алоҳида эътибор беришади. Одил Аҳмедов номи Сизга қанчалик таъсир ўтказади?
— Ҳа, бу нарса таъсир ўтказмай қолмайди. Одилни укаси деб бошқача қарашади менга. Бу эса ўйинимга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Албатта, бундай ҳолларга эътибор қаратмасликка ҳаракат қиламан.
— Бошқа жамоалардан таклифлар бўлса, «Навбаҳор»дан кетасизми?
— Бу ҳақда ўйлаб кўрмаганман. Ҳозир «Навбаҳор» футболчисиман. Бор эътиборим шу жамоага қаратилган.
— Сиз иккинчи Одил Аҳмедов бўлиб танилишни истайсизми ёки Азимжон Аҳмедов бўлибми?
— Азимжон Аҳмедов бўлиб, мухлислар кўнглидан жой олишни хоҳлайман.
— Фаолиятингиздаги дастлабки голни қайси жамоа дарвозасига киритгандингиз? Ва уни кимга бағишлагандингиз?
— Ўтган йили ёшлар лигасида «Қизилқум»га қарши кечган учрашувда илк голимни киритганман. Голимни ўзимга бағишлаганман (кулиб).
— Агар сеҳргар «Умрингни охиригача «Навбаҳор»да ўйнасанг бир хил ҳаёт кечириб, Наманган халқи олдида ҳурматинг баланд бўлади. Агар бошқа жамоада тўп сурсанг маълум муддат бадавлат яшайсан, бошқа вилоятда ҳурматинг ошади», деганда қайси йўлни танлаган бўлардингиз?
— «Навбаҳор»да тўп суриб, халқимиз олдида обрўйим ошишини истардим.
— Келажакдаги орзуларингиз...
— Орзуларим бисёр. Етук футболчи бўлиб, Ватанимиз шарафини халқаро мусобақаларда ҳимоя қилишни истайман. Шунингдек, «Навбаҳор» билан биргаликда чемпионатда катта ютуқларга эга чиқишни орзу қиламан.
МАЪЛУМОТ УЧУН:
Азимжон АҲМЕДОВ, 1992 йил 4 январда туғилган.
Тўп сурган жамоалари: «Пахтакор» (ўринбосарлар), «Навбаҳор»
Амплуаси: Ярим ҳимоячи
Улуғбек АБДУЛЛАЕВ тайёрлади