Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Функционерлар: Шунчаки, халоскор малак

Баҳо:
+ | -

Испания миллий жамоа­сининг панадаги қаҳрамони - маъмур хоним Сильвия. Вақтида жаҳон кубогини ўз юклари ичида олиб юрган ва фаолияти давомида испаниялик футболчилар учун ҳақиқий маънода иккинчи онага айланган тажрибали мутахассис қарийб 30 йил терма жамоа билан ҳамнафас бўлди. Мана, Евро-2020 ҳам якунига етди ва халоскор малак терма жамоа билан хайрлашди.

Сўнгги қитъа чемпионати ёки ундан аввалги йирик мусобақаларни кузатган мухлислар Испания миллий жамоаси ўйинлари чоғи ён чизиқ олдида қандайдир хавотир билан турган аёлни эслаб қолган бўлсалар керак. Асосан футболчиларни алмаштириш жараёнини назорат қиладиган аёл жамоада маиший масалаларни жойида ҳал этишга масъул ҳисобланади. Учрашувлар пайти ҳам, бошқа ҳар қандай вазиятда ҳам. Испания миллий жамоаси маъмури Сильвия Доршнерова Вайс хоним - катта футболда кўп воқеотларни бошдан кечирган тажрибали иш юритувчи. Оддий айтганда, Сильвия терма жамоада халоскор малак мақомидаги шахс. Унинг ғамхўрлиги ва самимийлиги футболчиларнинг бир неча авлоди томонидан тасдиқланган. Табиатан ўта камтарин аёл машҳурликка интилган эмас. У интервью сўраб мурожаат қилган журна­лист­ларга ҳамиша бир хил тарзда жавоб қайтаради: «Қўйсангизчи, ким бўлибман? Боз устига, нима дейишни ҳам билмайман». Амалда эса, узоқ йиллик фаолияти давомида Сильвия хонимнинг «Қизил фурия»да тутган роли ҳақида етарлича эътиборга молик фикр-мулоҳазалар юзага чиққан. У ўсмирлик чоғидаёқ 4 хил тилда бемалол гаплаша оларди, 1994 йилдан кейинги барча йирик мусобақаларнинг доимий иштирокчиси. Хосе Антонио Камачо давридан буён эса Испания термаси бош маъмури лавозимида меҳнат қилди. «Агар Сильвия бўлмаганида, бизнинг шундай меҳрибон аёл ихтиро қилишимизга тўғри келарди», - деганди афсонавий Фернандо Йерро 2012 йили. Ўшанда миллий футбол федерацияси спорт директори лавозимида ишлаган собиқ футболчи аёлнинг терма жамоадаги ўрнига юксак баҳо берганди. Фернандо Йерронинг ўйинчилик даври испанлар Евро-2008 ва ЖЧ-2010 турнирларида ғолиб чиқишди, кейин у кетди. Сильвия эса нақ 30 йилдан зиёд вақт давомида мамлакат бош жамоаси билан бирга бўлди. У жумладан, 2002 йилдан эътиборан бевосита захира ўриндиғидан жой олганди.

Айтишларича, 2010 йили Сильвия жаҳон кубогини ЖАРдан айнан ўз жомадонида кўтариб келган экан. Шунинг ўзиёқ унинг миллий жамоада қандай ўрин тутганини кўрсатиб турибди. Умуман, Сильвиянинг Испанияга ташрифи ва мамлакат футболига бош суқиши ҳам ўзига хос тарихга эга. Қўшалоқ шариф соҳибаси бўлишининг сабаби - онаси чехиялик, отаси эса германиялик. Сильвиянинг ўзи Менхенгладбахда туғилган. Бироқ унга немис футболини тўғридан-тўғри стадионларда томоша қилиш насиб этган эмас. Яъни бўлажак маъмур стадионга илк марта Испания­га кўчиб ўтганидан кейин қадам қўйган. У ўшанда «Висенте Кальдерон»га ташриф буюрганди. Сильвия келиб чиқиши таъсиридами, болалигидан испан, инглиз, француз ва немис тилларида бемалол гаплашишни ўрганган, онасидан эса чехчани ҳам ўзлаштириб олганди. Тил билиши қўл келиб, Испания мезбонлик қилган ЖЧ-82 турнири ташкилий қўмитасига таржимон сифатида киради. Сильвия Испания футбол федерациясида иш бошлагач, «Қизил фурия»нинг собиқ афсонавий маъмури Юлиан дель Амо уни ёрдамчиликка чақиради. Бу воқеа Испания мундиалидан 5 йил ўтгач, юз берганди. Ўз ўрнига муносиб ворис тайёрлаганига ишонч ҳосил қилган дель Амо 2002 йили истеъфога чиқди. ЖЧ-2002да терма жамоани бошқарган Хосе Антонио Камачо эса бош маъмур лавозимини айнан Доршнеровага беришни сўради. Бунга қадар АҚШ ва Францияда ташкиллаштирилган мундиалларда қатнашган Сильвия ўз касбининг барча нозик жиҳатларини ўзлаштириб улгурганди ва янги лавозимда айтарли муаммога дуч келмади: «Жамоа захира ўриндиғидан илк бора 2002 йилнинг 13 февралида, Барселонадаги «Олимпия» стадионида жой олгандим. Ўшанда Камачо раҳбарлигида майдонга тушган термамиз португалияликлар билан баҳсда 1:1 ҳисобида дуранг қайд этганди. Эсимда, ғоят ҳаяжонланган бўлсамда, буни атрофимдагиларга бирдирмагандим». Бош маъмурга кўп тилларни билиши жуда асқотди: терма жамоа қаерга боришидан қатъий назар, Сильвия ташкилий масалаларни осонгина ҳал қиларди. У билан ҳамкорликда ишлаганлар жамоада ваколат кўлами анча кенг бўлганини тасдиқлашади, энг муҳими, футболчилар хонимни иккинчи она сифатида бирдек эъзозлашарди.

Испания терма жамоаси таркибида яна бир аёл - Палома Анторанс ҳам ишлаган. У ОАВ билан алоқа ўрнатиш бўлими раҳбари эди. Евро-2008да Россия термасига қарши кечган ярим финал ўйинидан кейин автобусда турнир арафасида вафот этган жамоа шифокори Хенаро Боррасни эслаб, йиғлаб ўтирган Паломани кўрган Икер Касильяс дарҳол бош мураббий Луис Арагонес олдига бориб, аёлни қўллаб-қувватлаш зарурлигини айтади. Шунда доно мутахассис ғалабани айнан марҳум шифокорга бағишлашлари ҳақида баёнот берганди. Палома жазирама ёзда ташкил этилган ўша турнир давомида жамоа рамзи туширилган шарфни бўйнидан олгани йўқ, албатта, шифокор ҳурмати учун. Лекин Анторанс соф профессионал масалалар билан шуғулланган, Сильвия эса ҳамиша жамоа билан ёнма-ён юриб, кийиниш хонаси ёки майдон четида қандайдир муаммо ёки можаро чиқса, унга жойида дарҳол барҳам берарди. Қисқаси, унинг «Қизил фурия» онаси бўлганига шак-шубҳа йўқ. Хоним ҳаттоки, футболчилар ўртасида рақамлар тақсимоти борасида ҳам можаро чиқмаслигига интиларди. Анъанага кўра, терма жамоада рақамни фахрийлар танлаб оладилар, дебютантлар қолганлари билан кифояланишга мажбурлар. Айтишларича, испанлар 12 ва 13-рақамларни сира ёқтиришмайди. Доршнерова эса бу рақамлар ҳам омад келтириши мумкинлигини аввалги авлод вакилларидан мисоллар келтириш асносида исботлаб берарди.

Сильвия ўта кескин вазиятларни ҳам ақл билан ҳал қилганига мисоллар етарли. Масалан, Евро-2012нинг Донецкда ташкил этилган ярим финал ўйинида юзага келган сон-саноқсиз тортишувлар оқибатида Португалия термаси захира ўриндиғидан жой олганлар асабларини бошқаролмай, ҳакамларга ташланишганди. Шу қалтис паллада Сильвия Испания термаси вакили сифатида томонларни тинчлантиради - у аввалига захира ҳакамига, кейин рақиб жамоадаги касбдошларига мулойимлик билан мурожаат қилади. Бунинг самараси ўлароқ, можарога нуқта қўйилади, учрашув нурсиз дуранг билан якунланади, пенальтилар серияси натижасига кўра, испанлар финал йўлланмасини қўлга киритишади. «Эркаклар даврасида ўзимни ноқулай ҳис этмайман. Чунки ўз ишимга шунчалик киришиб кетаманки, атрофдаги воқеаларни умуман сезмай қоламан. Ҳамма менга ўз яқинидек муносабатда бўлади. Тўғри, баъзан ноқулай вазиятлар ҳам учрайди: бир сафар венгриялик ҳакам ўйинчиларни алмаштириш карточкасини мен билан расмийлаштириши кераклигидан таажжубланган эди. Муҳими, зиммамдаги вазифаларни яхши биламан ва талаб даражасида адо этаман», - деганди Сильвия кам сонли интервьюларидан бирида.

Сильвия фаолиятида фақат битта омадсиз воқеа бор: терма жамоа Карлес Пуйоль голи эвазига ЖЧ-2010 финалига йўл олгач, Испания қироличаси София футболчиларни табриклашга қарор қилади. Бу жараёнга ҳам айнан Сильвия бош-қош бўлиши шарт эди. У деярли ҳаммасига улгуради, аммо бош қаҳрамоннинг тўсатдан пайдо бўлишига тўсқинлик қилолмайди. Қисқаси, қиролича ташрифидан бехабар қолган Пуйоль ювиниш хонасидан фақат сочиққа ўранган ҳолда чиқиб келади. Ваҳоланки, София айнан уни табриклаш ниятида эди. Хуллас, қиролича ярим яланғоч Карлес қўлини қисиб қўйишдан ўзга чора топоймайди - ноқулай ҳолат. Лекин умумий байрам муҳитида тасодифий камчиликка ҳеч ким эътибор қаратмайди.

Сильвия хоним Евро-2008 финалидан кейин йиғлаганча Икер Касильясга сакраганди. Аслида маъмур хоним эҳтиросларини ошкор қилишни ёқтирмайди: ўйин­лардан кейин ўзини телбавор хурсанд ҳолда кўрсатмайди, эътиборни йўқотмаслик учун сиполикни асло унутмайди. «Ҳа, баъзан сакрагим, кимларгадир бақиргим, жамоа билан майдонда рақс тушгим келади. Аммо тез орада ҳаммага хотиржамлик бағишлашим зарурлигини эслаб қоламан. Кескин ўйинлар пайти барча йигитлар ўз эҳтиросларини борича намойиш этадилар. Шундай паллада уларга далда беришим шарт: «Тинчланинг, ўзингизни қўлга олинг». Агар мен ҳам асабийлашсам, футболчиларни қанақасига хотиржамликка чақиришим мумкин?» - дейди Сильвия. Евро-2008 финалидан кейинги дастлабки дақиқалар ҳаттоки, босиқ Сильвияни ҳам «из»дан чиқарганди: ахир унинг жамоаси болалиги ўтган ва отаси ватани - Германиянинг бош термасини таслим этганди. Хоним қандай ҳолатга тушганини видеолавҳалар ёки фотолар орқали кўрсатишнинг иложи йўқ. Хуллас, финал ҳуштаги янграганидан кейин Доршнерова ҳаммасини назорат қилувчи шахс образидан чиқиб, бошқа аёлга айланганди: у аввалига кўз ёшини яширолмайди. Кейинроқ,   яъни байрам авжига чиқа бошлаган пайт эса, тарихий кадр дунёга келади: бахтиёр Сильвия беихтиёр ўзини дарвозабон Икер Касильяс томон отади...

Испания термаси сафида қаторасига 3та йирик турнир (Евро-2018, ЖЧ-2010 ва Евро-2012)да чемпионликка эришиш атиги 11 нафар футболчига насиб этди. Булар - Икер Касильяс, Пепе Рейна, Серхио Рамос, Рауль  Альбиоль, Альваро Арбелоа, Хави, Андреа Иньеста, Сеск Фабрегас, Хави Алонсо, Давид Сильва ва Фернандо Торрес. Рўйхатнинг 12-вакили - жамоа ютуқларига майдон четида ҳисса қўшган Сильвия Доршнерова Вайс. Ҳар ҳолда, хоним лоақал норасмий рўйхатдан жой олишга мутлақо ҳақли. Агар Испания термаси Евро-2020да ҳам зафар қучганидами, Сильвия рекордчига айланарди: олдинги ғалабаларда иштирок этганлардан бошқа ҳеч ким жамоада қолган эмасди.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:15, 17.07.2021.
Ўқилди: 3148 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.