Оғир жароҳат туфайли узоқ муддатга сафдан чиққан португалиялик ярим ҳимоячи Данни ўрнига ўринбосар қидираётган «Зенит» раҳбарияти Голландия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Уэсли Снейдерга қизиқиш билдирмоқда. «Спорт-Экспресс» нашри тарқатган хабарга кўра, Санкт-Петербург клуби вакиллари «Интер»дагилар билан бу масалада алоқага чиқиб бўлишган.
Бироқ трансфернинг амалга ошиши эҳтимоли унчалик ҳам катта эмас. Гап шундаки, голландиялик футболчининг трансфер баҳоси 25 миллион еврога тенг. Шунингдек, «Интер» билан амалдаги шартномаси 2014 йилда якунига етадиган Снейдернинг йиллик маоши 6 миллион еврони ташкил этади. Ушбу мажбуриятлар ярим ҳимоячини сотиб олишда «Зенит»га тўсиқ бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, петербургликлар Снейдер учун курашда «Манчестер Сити» ва «Манчестер Юнайтед»га қарши рақобатга ҳам киришишлари керак бўлади. Аввалроқ, футболчига Махачқалъанинг «Анжи» клуби ҳам қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.