Моуриньонинг Англияга кетиши ҳақида турли гап-сўзлар яна кўпайди. Йўқ, бунга ҳали етарли асослар йўқ. Ҳеч нарсани таъкидламоқчи эмасман. Шунчаки, ўтган йили ёзилган бир мақоламни эътиборингизга ҳавола қиляпман. Шунчаки, мулоҳаза учун мавзу. Ортиқ эмас.
Круифф Жозе Моуриньо ҳақида «У — мураббий эмас» деганди. Шошманг, «берди»сини айтволишга қўймасдан, мулоҳазанинг айнан мана шу қисми мода бўлиб кетди, аслида бу гапларнинг давоми бор: «У — совринлар тўпловчи». Барибир тўполон.
Хуллас, яна Жозе ҳақида ёзаман. Ажойиб финтлар-у голлар ичидан нега доим Моуриньони ажратиб олаётганим жонингизга теккан бўлса узр, лекин гап бор. Круиффнинг юқоридаги фикри икки қисмдан иборат ва умуман олганда кескин салбий фикр эмас. Круифф мураббий деб ҳисоблайдиган профил — яъни футболда янгилик яратиш, футболчиларни тарбия қилиш, ўйинни ташкил қилиш борасида Жозени кучли, деб ҳисобламаяпти. Айнан мана шу ўлчов бўйича уни инкор қиляпти.
Мураббий деганда бошқа нарсани тушунадиганлар ҳам бор энди. Айнан улар учун Йоҳан амаки фикрининг иккинчи қисмини ҳавола қиляпти: У совринларни йиғади! Муайян совринга нисбатан стратегия ишлаб чиқади ва буни бажаради. (Яқинда Василий Уткин уни машҳур фильмдаги Оушенга ўхшатганди.)
Агар мураббийнинг вазифаси совринларни йиғиш, деб ҳисобласангиз, сиз уни мураббий деб ҳисоблашингиз мумкин. У ўз наздида мулоҳазани ўртага ташлади, бу борадаги ўз нуқтаи назарини маълум қилди. Бу ерда ўлчовлардаги фарқ, холос. Круифф «тренер» деганда УСТОЗ сўзини тушунади, яна кимдир эса бу сўзнинг «МЕНЕЖЕР» қисмини эътиборга олади. Шу холос. Моуриньо ажойиб менежер (бизнинг тушунишимиздаги менежер, яъни директор эмас, жамоа ўйинини бошқарувчи маъносида келяпти)
Моуриньо кубок финалида ажойиб мураббий эканини яна бир бор исботлади. Бир неча йиллик етакчидан совринни тортиб олди. Буни фақатгина омад туфайли эмас, конкрет ўйинга тайёрланган стратегия ва тактика эвазига амалга оширди.
Аслида бошқа фикрни илгари сурмоқчиман. Мен уни уч йилдан кейин қайси жамоада бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиб кўрдим. У Испаниядан кейин Англияга қайтиш ниятини яширмаган. Бу — биринчи факт. Яқинда «МЮ»да ишлаш борлигини айтиб ўтди. Бу — иккинчи факт. «Реал»га ўн етти йилдан сўнг кубокни қайтариб бергани унинг ҳақиқатан ҳам қисқа вақтда жамоа натижасини яхшилай олишини яна бир бор исботлади. Бу — учинчи факт. Шулар асосида фикрласак, турли вариантлар қаршимизга чиқади.
1. Қироллик кубоги «Реал»нинг ушбу мураббий қўл остида охирги соврин бўлади, деб ўйламайман. Айниқса янаги йили (аслида бу мавсум ҳам бор) «Реал» янада кучлироқ бўлиши табиий. У ҳолда клуб раҳбарияти нима қилиб бўлса ҳам уни яна бир неча мавсум ушлаб қолишга ҳаракат қилишлари мумкин.
«Реал» мухлисларига маслаҳат — Моуриньонинг жамоангизда яна уч йил қолишини орзу қилманг. Мен буни Жозенинг характеридан келиб чиқиб айтяпман. У ҳеч қачон чўққидан пастга тушмайди. Чўққига чиққан жамоанинг пасайишдан қутулиши имконсиз эканини билади ва ўша юқори тепаликда жамоа билан хайрлашади.
Айтайлик, клуб билан ЕЧЛни ютиб, яна қолишдан не наф? Яхшироқ бошқа мақсад қолмагач, нари борса яна ўша соврин учун курашиш ортиқча таваккалчилик эмасми? Ҳатто агар «Реал» бу йилги ЕЧЛ ни ютиб олса, Моуриньо кетишни ўйлаб қолишини ҳам тахмин қилиб кўрса бўлади. У ҳозир маълум мақсад йўлида кучли коллектив қуряпти. Ўша мақсадга етиб борилгач, «Реал»да янги коллектив қуришни истамайди. Қачон у «Реал»да узоқ вақт қолиши мумкин? Қачонки, мақсадга етиб борилмаса! Албатта буни «Реал» мухлислари истамаса керак. Хуллас унинг иш услуби Ирина Аллегрова ва Игорь Крутойнинг машҳур дуэтини эсга солиб юборади — «Ҳозир ажрашиб қўя қолайлик, илтимос» деган )).
2. «Манчестер Юнайтед» Жозени таклиф қилишига ишонмайман. «МЮ» ғоявий жиҳатдан «Барселона»га ўхшаб кетади. Бу ерда ҳам шонли тарих бор, бу ернинг ҳам ўз Круиффлари бор, услубий ғояси мавжуд ва ҳоказо. Манчестерда муваффақият калити мураббийда эмас, мана шу ғояларда эканини сингдиришга ҳаракат қиладилар доим. Бу ерда Фергюсон ўзига яраша бир «давр» бўлса-да, Мэтт Басби каби бир тарғиботчи холос.
Нима демоқчиман? Ҳозир Моуриньо ҳақида шундай тасаввур борки, уни таклиф қилдингми, албатта ниманидир ютасан! Демак «МЮ» мана шу омил асосида ғолиб бўлгандек тасаввурда қолишни истамайди. «МЮ», «Барса», «Милан», «Реал» каби клублар кимнидир буюклиги ҳисобига ғалаба қозонишни исташмайди. Улар учун шахслар эмас, клуб ғоясини тарғиб қилувчи оддий «ячейка»лар керак холос.
Бекҳэм ёки Роналду трансферини эсланг. Барча жамоа муваффақиятинни улар билан боғлашди. Клуб эса уларсиз ҳам соврин юта олишини исботашга киришди. Фергюсон буюк мураббий тўғри, аммо у фақат «МЮ»да буюкка айланганини ҳам унутмаслик керак. Фергюсон Манчестерда «ўзиники» ҳисобланади, Моуриньо эса йўқ!
Унда нега «Реал» ушбу мураббийни таклиф қилди? Бу оддий жараён. «Реал» саккиз йилдан бери халқаро мусобақаларда ҳеч нарса юта олмаётганди. Яъни айнан ҳозир «Реал»га соврин керак эди! Ўз вақтида «Интер» ҳам, Абрамович ҳам шу мақсадда таклиф қилишган уни. «МЮ»да ҳозирда совринлар борасида муаммо йўқ.
3. Хўш энди ким? Қайси клуб? Яна Круиффнинг фикрига қайтамиз. Жозени кубоклар киритиш умидида «ёнаётган» клублар кўпроқ орзу қилиши мумкин. Тахминимча, Моуриньони қўлга киритишга қаттиқ ҳаракат қиладиган клуб «Манчестер Сити» бўлади. Сарфланган пуллар ўзини оқламаяпти. Бу мавсум жамоа ЕЧЛ ҳуқуқини қўлга киритар балки, аммо Манчини жамоаси катта портлаш бўлади, деб ўйламайман.
Моуриньо учун айни муддао! Яхши пул, рисоладагидек шароит, юлдуз ижрочилар, керакли муҳит. Яна битта жиҳати қандайдир бошланиш ишлари амалга оширилган. Ўша «Челси»да Раньери, «Интер»да Манчини қилганидек. Яъни тактик тартибот ва тарғибот керак, холос.
Жуда айни муддао!
«Челси»даги натижалар фақат Абрамовичники эканини айтадиганларга (балки менга ҳам) ажойиб тарзда жавоб бериш учун имконият туғилади. Тасаввур қилинг, бир клуб миллионлаб пул сарфлайди, бир нечта юлдузларни сотиб олади, лекин тўртинчи ўриндан юқорига чиқа олмай юраверади. Моуриньо келади-да, кўпи билан 2-3 та трансфер амалга ошириб, ёқмаганларини сотиб, яхшигина жамоа «ясайди» ва ниманидир ютади. Бундан ортиқ «супермен» бўлиши мумкинми футболда? Ахир бундай вазият футболда пул ҳамма нарсани ҳал қилмаслигини исботлашдан ташқари (агар Липпи ёки Хиддинк келиб шу ишни қилса), Моуриньо футболда кўп нарсани ҳал қилишини исботлайди-ку?!
Моуриньонинг навбатдаги бекати сифатида, ҳали гапиришга эрта бўлса-да, Манчестерни кўряпман. Фақат кўпчилик таҳмин қилаётгандек, «Юнайтед» эмас, «Сити». Балки Жозенинг ўзи ҳам Манчестерни гапириш орқали шу вариантни шаъма қилаётгандир?! Ким билади дейсиз...
Қаҳрамон АСЛАНОВ. 2011 йил, апрель