25 август санасида ўзбек футбол ишқибозлари диққат маркази яна бир ерга жам бўлади. Қаршининг «Насаф» жамоаси халқаро майдондаги ўз юришини давом эттиради. «Аждарлар» ОФК Кубоги-2021 навбатдаги босқичи доирасида Туркманистоннинг «Аҳал» жамоаси билан куч синашади. Ушбу қарама-қаршилик марказий Осиё минтақаси финали доирасида ўтказилади.
Маълумот учун, ушбу жуфтлик ғолиби Жанубий минтақа гуруҳ босқичи ғолиби билан интер зонал ярим финалида баҳс олиб боради. Бу ердан ўтиб олгач ғолиб жамоа ўз навбатида ушбу зонанинг финалида Гонконгнинг «Ли Ман» клубини синовдан ўтказади. Бу жуфтлик ғолиби эса ниҳоят ОФК кубоги финалида Ғарбий минтақада мутлақ ғалаба қозонган жамоага тўқнаш келади. У йўлакчада эса қайси клублар борлигини батафсил қуйида билиб олишингиз мумкин.
Ғарбий минтақа
20 сентябрь
"Ал Муҳаррақ" (Баҳрайн) - "Ал Аҳад" (Ливан)
21 сентябрь
"Ал Кувайт" (Кувайт) - "Ал Салт" (Иордания)
Марказий минтақа
25 август
"Насаф" (Ўзбекистон) - "Аҳал" (Туркманистон)
Жанубий минтақа
"Моҳун Баган" (Ҳиндистон)
"Башундхара Кингс" (Бангладеш)
"Мазия" (Мальдив ороллари)
"Бенгалуру" (Ҳиндистон) ёки "Иглс" (Мальдив ороллари)
Ғарбий минтақа финали
"Ал Муҳаррақ" - "Ал Аҳад" ғолиби - "Ал Кувайт" - "Ал Салт" ғолиби
Интер зонал ярим финали
"Насаф" - "Аҳал" ғолиби - Жанубий минтақа гуруҳ босқичи ғолиби
Интер зонал финали
Интер зонал ярим финал ғолиби - "Ли Ман" (Гонгконг)
ОФК КУБОГИ-2021 ФИНАЛИ
Ғарбий минтақа финали ғолиби - Интер зонал финал ғолиби
Тан олиш керак, вакилларимиз ушбу мусобақанинг яққол фаворитлари сифатида эътироф этилмоқда. Дарвоқе, қаршиликлар учун ОФК кубоги бегона эмас. Жамоа бундан роппа роса 10 йил олдин ушбу турнирда зафар қучган эди. Тўғри, у пайтдаги шароит-у ҳомийлар, шунингдек таркибнинг ўзида ҳам катта тафовутлар мавжуд. Бироқ бир клуб учун бир мусобақа яхлит ўзиникига айланиб қолувчи ҳолатлар бор гап. Рўзиқул Бердиев шогирдлари ОФК кубогида ўзларини жуда эркин ҳис этган ҳолда ўйнашади. Зеро, буни бу йил ҳам етарлича исботлашди.
Эслатиб ўтамиз, рақибларимиз «Аҳал» жамоаси Марказий Осиё минтақисининг иккинчи гуруҳида баҳсларни ўтказди. Туркман клубига бу йўлда Қирғизистоннинг «Дордой» ва Тожикистоннинг «Равшан» жамоалари рақиблик қилди. Якунда эса «Аҳал» 6 очко тўплаган ҳолда кейинги босқич йўлланмасига эга чиққан эди.
Келинг, «Насаф»ни аввало, ушбу плей-офф босқичигача босиб ўтган йўлига тўхталамиз.
Вакилларимиз «F» гуруҳидан жой олган ҳолда «Олтин аср», «Хўжанд» ҳамда «Олой» клублари билан баҳс олиб борди ва уларнинг барчасини мағлуб этиб, гуруҳда юз фоизлик натижа билан кейинги босқич йўлланмасини нақд қилди.
«Насаф» биринчи турда Қирғизистон вице-чемпиони «Олой» билан баҳс олиб борди. Таъкидлаб ўтиш керак, ушбу ўйин ва умуман барча учрашувлар Душанбеда бўлиб ўтди. Қирғизлар билан кечган баҳсни қаршиликларнинг яққол устунлиги остида ўтди десак ҳам бўлаверади. Гарчи сунъий қопламали майдонда тўп телишларига қарамай вакилларимиз ўз мақсадларига максимал даражада эришди. Биринчи бўлимда эҳтиёткорроқ ўйнаган «Насаф» иккинчи таймни ҳужумкор темпда ўтказиб, 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Иккинчи турга эътибор қаратсак, аксинча ҳолат: «Хўжанд» билан ўйин масаласи биринчи бўлимдаёқ ҳал қилиб олинди ва иккинчи бўлимда асосан эҳтиёткорроқ режимга урғу берилди.
Бироқ натижа ўша-ўша ишончли - 3:0. Рўзиқул Бердиев мусобақа мезбонлари билан учрашувда кучни тежаб ўйнади ва деярли ҳал қилиб бўлинган плей-оффга керакли футболчиларни асраб қолди, уларга дам берди. Дарҳақиқат, «Олой» билан баҳсдан сўнг рақиб жамоа бош мураббийи Нўмонжон Юсупов «Насаф»ни нафақат ушбу гуруҳ, балки мусобақанинг ҳам асосий фаворити дея таъкидлаб ўтганди. Бу турнирда ҳақиқатан ҳам мамлакатимиз жамоалари ёмон иштирок этишмаган. «Насаф»нинг ўзини ғолиблиги, шунингдек, «Нефтчи» ҳам чорак финал босқичларигача етиб борган ва шу каби кўплаб мисолларни топиш мумкин. 3-турда эса Бердиев шогирдлари Туркманистоннинг кучли клуби «Олтин Аср» билан баҳс олиб борди. Кутилганидек, бу ўйин ҳам «Насаф»га ортиқча қийинчилик туғдирмади ва 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалабага эришилди.
Эътиборли томони, қаршиликлар гуруҳ босқичини бирорта ҳам гол ўтказмасдан якунлашди ва умумий ҳисобда рақиблари дарвозасига 9 та тўп киритишди. Албатта, бу ерда Марказий Осиё минтақасидаги ушбу рақибларимизнинг ҳурматини сақлаган ҳолда айтиш мумкинки, ҳар уччала жамоа ҳам «Насаф» даражасига умуман яқин эмас эди. Қаршиликлар барча баҳсларни эканом режимида ва катта захира билан ўтказди. Улар ўтказилган турларда росмана фаворитлик мақомини исботлади. Эндиги рақибларимиз финалгача деярли ўта кучли бўлмаслиги тахмин қилинмоқда. Бироқ ўйлаймизки, финалда ҳам биз билган ўша Шарқнинг тажрибали клубларини ҳам «Насаф» кутилганидек хотиржам мағлуб этишнинг уддасидан чиқади ва юртимизга қийматидан қатъи назар ушбу мусобақа бош совринини олиб келади. Биз бу йўлда Рўзиқул Бердиев ва унинг шогирдларига омад тилаб қоламиз.
Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади