Кеча Доҳада ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида Ироқ олимпия терма жамоасининг бош мураббийи Розий Суадий ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Эртага бизни Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бирига қарши жуда қийин ўйин кутиб турибди. Ҳа, биз турнир нуқтаи назаридан олиб қаралганда чоғланишни қўлдан чиқардик, бироқ саралаш босқичининг сўнгги икки турида имкон қадар кучли ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз».
«ФИФА БААга қарши ўйин юзасидан бизга мағлубият ёзгач, жамоа футболчилари умидсизликка тушиб қолишди. Бироқ шу кунларда мураббийлар штаби улар билан суҳбат ўтказишди. Унда жамоа олдига кейинги икки ўйинда муваффақиятли натижага эришиш вазифаси қўйилди.
Пайдо бўлган вазиятда ҳеч кимни айблай олмайман. Биз футболчиларимиздан бири дисквалификацияга учраганидан бехабар эдик, шу сабабли уни БААга қарши ўйинда бамайлихотир майдонга чиқардик. ФИФА унинг дисквалификацияга эга эканлиги хусусида бизга факс жўнатган экан, бироқ Ироқ футбол Федерацияси ходимлари бизни бохабар қилишни унутиб қўйишган».
«Рақибларимизнинг гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб, Олимпиадага тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритиш имкониятини чамалайдиган бўлсам, бу жамоа Ўзбекистон бўлади, деган тахминга эгаман. Улар жуда кучли жамоа, таркибда маҳоратли ўйинчилар жамланишган. Баъзилари миллий терма жамоа сафида ҳам тўп суришади. Боз устига, жамоани жуда тажрибали мутахассис бошқармоқда.
Биламан, Ўзбекистонга биз билан ҳам, Араб Амирликлари терма жамоасига қарши ҳам осон бўлмайди, бироқ сўнгги учрашувни жамоа ўз майдонида ўтказишини унутмаслик керак. Бу эса БАА билан солиштирганда қандайдир маънода жамоанинг имкониятларини оширмоқда», — деди Ироқ олимпи терма жамоаси мураббийи.