Давралар оралиғида «Пахтакор» бир неча нафар футболчиларни кўрикдан ўтказди ва мураббийга маъқул келган футболчилар билан шартнома имзолади. Бугун жамоа ўзининг янги 8 нафар футболчисини футбол оммасига таништириш маросимни ўтказди. Маросимда «Пахтакор» клуби бош директори Рустам Кўпайсинов иштирок этди.
— Жамоамиз мавсумга, Осиё чемпионлар лигаси, Олий лигага ўйинларига тайёргарлик кўряпти. Бунгача Туркияда 2та йиғин ўтказдик. Жамоа эса учинчи йиғинга жўнаб кетиш арафасида турибди. Ўтган йили жамоамиз Олий лиганинг энг ёш жамоаси бўлди. Шунга қарамай, биздан масъулияти соқит қилинмаганди. Олдимизга таркибни кучайтириш вазифаси қўйилганди. Шунинг учун янги мавсумда бир неча футболчилар билан шартнома имзоладик. Бугун уларни сизларга расман таништирамиз, — деди жамоа бош директори. — Бундан ташқари, ёшларимиз Италияда ўтказилган «Коппа Карнавале» мусобақасида муносиб иштирок этишди. Бу таркибда Козак, Исматуллаев, Абдухолиқов каби футболчилар бўлмаган бўлсада, жамоамиз мазмунли ўйин кўрсатишди. Шунингдек, Қибрайдаги базамизда қурилиш ишлари кетмоқда ва футболчиларнинг шуғулланишлари ва истиқомат қилишлари учун беш юлдузли шароитлар яратилмоқда.
Янги футболчилар ҳақида тўхталадиган бўлсам, Ораховацни анчадан бери кузатаётгандик. У билан ҳозирча бир йиллик шартнома туздик. Шибамура – тажрибали футболчи. У таркибимизни кучайтиришига ишонаман. Шаҳбоз Эркинов, Алексей Николаев, Баҳриддин Ваҳобовни яхши танийсизлар. Нодир Одиловни «НБУ-Осиё»дан таклиф қилдик. Александр Лобанов ҳам жамоамизга қўшилди. Ушбу футболчилар бошланаётган мавсумда жамоамиз шарафини ҳимоя қилишади.
- Жамоанинг ўртача ёши кичик бўлгани учун ҳам таркибга асосан тажрибали футболчилар таклиф қилиндими?
- Клубнинг сиёсати ҳеч қачон ўзгармайди. Бундан кейин ҳам ёшларни тарбиялашда ва уларни асосий таркибга жалб қилишда давом этамиз. Лекин яхши натижаларга эришиш учун тажрибали футболчилар бизга керак. Шунинг учун бу футболчилар билан шартнома имзоладик.
- Савол Санибал Ораховацга. «Пахтакор» ҳақида фикрларингиз.
- «Пахтакор» ҳақида кўп эшитанман. «Бунёдкор» ҳақида ҳам. Булар яхши клублар эканини яхши билган ҳолда, Ўзбекистонга келишга қарор қилдим. Бу жамоада ўйнаб, яхши натижаларга эришамиз деган умиддаман.
- Жамоанинг давралар оралиғидаги траснфер сиёсатидан қониқиш ҳосил қилдингизми?
- Биз кучайтиришга муҳтож бўлган чизиқларимизга керакли футболчиларни жалб қилдик. Траснфер даври якунланишига ҳали вақт бор. Балки яна кимнидир жамоага таклиф қилармиз. Умуман олганда эса қабул қилинган футболчилардан қониқиш ҳосил қилдим.
- «Пахтакор»нинг 4 нафар футболчиси Ўзбекистон олимпия терма жамоаси сафида машғулот ўтказмоқда. Бош мураббий улар билан ҳали яқиндан танишмади. Кейинчалик уларнинг жамоа сафига қўшилиб кетишида муаммолар юзага келмайдими?
- Жамоа бош мураббийи олимпия терма жамоамизнинг ўйинини кўришни мақсад қилган. Бундан ташқари Журжевичга ёрдамчи сифатида Мурод Исмоилов фаолият олиб бормоқда. У ҳам футболчиларимиз ҳақида керакли маълумотларни мураббийга беради. Олимпиячиларимиз сафимизга келиб қўшилганидан кейин машғулотларда ўзларининг нималарга қодирлигини кўрсатишга ҳаракат қилишади. Мавсум узоқ, жамоани кўплаб ўйинлар кутиб турибди. Мураббий мавсум давомида бу футболчиларнинг хизматидан фойдаланади.
Шибамурага савол: - Сиз ўйнайдиган позицияда жамоа сардори Илҳом Суюнов ҳам ўйнайди.
- Жамоа мураббийи мени қайси жойга қўйса, ўйинни кучайтиришга ҳаракат қиламан.
- Ҳозирги кунда жамоада 5 нафар легионер бор. Мавсумда қайси футболчи ўйнамайди?
- Боян Миладинович жароҳатидан энди тузалмоқда. У биринчи давра давомида жамоамизга ёрдам бера олмаса керак. У тўла сафга қайтганидан кейин қайси легионер хизматидан фойдаланишни мураббий ҳал қилади.
- Шаҳбоз Эркинов ва Баҳриддин Ваҳобовга савол. Сизлар маълум танаффусдан кейин яна жамоага қайтдингиз. Бу қайтишдан ўзингизни қандай ҳис қилдингиз?
Ш.Эркинов: - «Пахтакор» қонимизга сингиб кетган жамоа. Қайтишдан ўзимни бахтиёр ҳис қилдим. Жамоанинг муваффақиятлари учун қўлимдан келган барча ишн қиламан.
Б.Ваҳабов: - Жамоанинг чемпион бўлишига ёрдам берамиз, деган умиддаман.
- Бир неча йилдан бери стадион ёнида хотира аллеяси барпо қилиш режага киритилади. Бу қачон қурилади?
- Ўзи «Пахтакор» стадионини иккита босқичда реконструкция қилишни режалаштиргандик. Биринчи босқич муваффақиятли амалга оширилганидан хабарингиз бор. Ҳозир эса иккинчи босқич бошланмоқда. Ҳозирча майдоннинг чимини алмаштириш борасидаги ишлар режалаштиряпти. Совуқ об-ҳаво туфайли, ҳали бу ишни бошлай олмаяпмиз. Бу масалада мутахассисларимиз Голландияда бўлиб туришибди. Май ойи ўртасигача чимни алмаштириб, ўз майдонимизда қайтамиз, деган умиддаман. Алея ҳақида ҳеч ким унутмади. Бу кун тартибида турибди.
- Жамоа ўйинларни қайси стадионда ўтказадиган бўлди?
- ОЧЛ ўйинларини «Жар»да ўтказсак керак. Олий лига ўйинлари ҳақида ҳали бир қарорга келмадик. Ҳали вақт бор. Бу масалани албатта ҳал қиламиз.
- «Пахтакор» ёшларни таркибга жалб қилишдан қўрқмайди. Масалан, ўтган мавсумда Темурхўжа Абдухолиқов кашфиётга айланди. Бу сафар Нодир Одиловни танлашга нима сабаб бўлди?
- Нодирнинг ўйинларини «НБУ-Осиё» клуби ва олимпия терма жамоалари ўйинларида кузатиб бораётганди. Шунингдек, уни мураббий Туркиядаги йиғинлар давомида кузатди. Нодирнинг ўйини мураббийга ёқди ва биз уни таркибга қўшиб олдик.
- Жамоа олдига ОЧЛда қандай вазифа қўйилади?
«Пахтакор» олдига ҳамиша максимал вазифалар қўйилган. ОЧЛда эса камида ярим финалгача етиб боришни мақсад қилганмиз. Биз бу вазифани бир неча марта уддалаганмиз. Шунингдек, Олий лига, Ўзбекистон кубоги ғолиблигини қўлга киритиш вазифаси олдимизда турибди.
Шундан сўнг, янги футболчиларга футболкалар топширилди.
Санибал Ораховац – 8
Шаҳбоз Эркинов – 22
Шибамура – 33
Алишер Маҳмудов – 35
Александр Лобанов – 12
Нодир Одилов – 15
Баҳриддин Ваҳобов – 21
Алексей Николаев – 32