Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

«Челси»нинг муваффақиятли трансфер сиёсати сири нимада?

Баҳо:
+ | -

“Челси”нинг трансферларни юритиш менежментига доим тан бераман. Мисол учун, ёзда Ромелу Лукакунинг рекорд трансфери, бир қараганда “Челси” учун идеал мос тушиши мумкин бўлган Саулнинг келиши билан ҳам, клуб бозордан плюс билан чиқди. Чунки клуб учун ортиқча бўлган Зума, Заппакоста, Эмерсон, Абрахам, Жиру, Мозес, Томори каби футболчилар яхшигина пулга сотилди. Хўш, нега бошқа клубларда бу жараён у қадар самарали эмас?

Масалан, “Челси” ҳозирда Рюдигер билан янги шартнома устида мунозара ўтказяпти ва айтилишича, жуда оғир ўтяпти. Сабаби, ҳимоячи Лукаку, Канте даражасида маош талаб қилмоқда, “Челси” эса, буни истамайди. Бир тарафдан, ҳозирда отнинг устида бўлган Тухел схемаси учун идеал тушаётган Рюдигернинг “оғзига сиққанини” бериш керакмасми? Ҳа, бошқа клуб, масалан “Манчестер Юнайтед” шу ишни қилган бўларди.

Аммо бошқа тарафдан, Рюдигер маълум схема ва услуб остида идеал футболчи холос, айтайлик, 2 марказий ҳимоячили вариантда бу қадар фойдали бўлмайди. Эртага Тухел бошқа схемага ўтиши ёки умуман истеъфога чиқиши мумкин, у ҳолда Рюдигерни бундай катта маоши билан нима қиламиз?

“Челси”да мураббийнинг истакларига қулоқ тутилса-да, ҳар бир вазият мана шундай чуқур таҳлил билан амалга оширилади. Шунинг учун ҳам, жамоа таркиби анча мослашувчан, мураббийлар тез-тез алмашиб турса-да, ҳеч қачон ортиқча “балласт” ёки яққол етишмовчилик сезилмайди.  Фергюсон даврида ягона менежер шахсга боғлиқ ҳолда ишлашга ўрганиб қолган “Юнайтед”  техник бўлими эса, мустақил равишда самарали бўла олишмайди. Луи ван Гаал бўладими, Моуриньоми ёки Сульшер, молиявий сармоя бу мураббийларнинг истаги ёки ишончи устидагина қурилиши доим панд бериб келади. Фергюсоннинг муваффақиятли йилларида бу билинмас, аммо ҳозир трансфер бозорида рақобат қилиш учун топ клубга ҳам яхши сотишлар керак бўлади.

Мана шу томондан, Фил Жонс, Эрик Байи, Лингард, Перрейра каби футболчилар билан янги шартномалар тузилгани тушунарсиз бўлиб қолаверади. Ҳозирда ҳар ўйинда ҳатто 30 дақиқа вақт топиб бериш қийин бўлган Антони Марсиял АПЛ да энг кўп маош олувчи футболчилар ўнталигига киради, аслида у аллақачон сотиб юборилиши керак эди. Бундай маош билан сотиш осон эмас. Лукакунинг келиши ҳозирда харидоргир бўлиб турган Абраҳамнинг сотилишига олиб келди, ҳеч ким унинг тарбияланувчи экани, келажакда (балким) юлдуз бўлиб кетиши билан қизиқиб ўтирмади.

Яна бир мисол, “Челси”да анъана бор – 30 ёш атрофидаги футболчиларга фақат бир йилга шартнома таклиф қилинади. Айрим истиснолардан ташқари. Футболчи ҳар қанча фойдали бўлмасин, бу тизим клубнинг умумий манфаатлари учун жуда мос. Эсингизда бўлса, 4 йил олдин Неманья Матич “Челси”дан “Манчестер Юнайтед”га ўтди. Бир йиллик шартномага рози бўлмаган сербиялик футболчи “МЮ”га рози бўлди ва “Челси” уни яхши нархга пуллади. Илк мавсум ўйинларида Матич жуда зўр ўйин кўрсатаётганда ҳамма кулди – “Челси” нега асосий рақибига Матични сотди? Унинг ўзи муҳтожку бундай футболчига?

Аммо Матич йилдан йилга табиий равишда пасайиб бормоқда, ҳозир “Юнайтед” 33 ёшли футболчига ишонишга мажбур, “Челси”да эса, бу чизиқда анча ёш ва яхшироқ формада бўлган Канте, Жоржиньо ва Ковачич бор. “Юнайтед” Матични бу маоши ва ёши билан пуллай олмайди, “Челси” эса, саналган футболчиларнинг ҳар бирини камида 30-40 миллионга сота олади.  

Бундай сиёсат баъзида Муҳаммад Салоҳ ёки Кевин Де Брюйнени қўлдан чиқариб юбориши мумкин, лекин пасайиш-тушишлар, мураббийлар истеъфоси каби ходисалар ичида ҳам “Челси” сўнгги 10 йилда соврин ютиш бўйича Англиянинг энг яхши икки клубидан бири бўлиб қолаётгани ҳар қандай афсусларни ёпиб кетади.

Қаҳрамон Асланов.

Манба: https://t.me/asl_futbol
Киритилди: 07:09, 17.09.2021.
Ўқилди: 4795 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.