Хабарингиз бор, 4-6-октабр кунлари Тошкентдаги «Ҳумо Арена» спорт мажмуасида Бодибилдинг ва жисмоний спорт турлари бўйича ХII жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Мусобақада дунёнинг 21 давлатидан жами 350 нафар спортчи ва делегатлар иштирок этиши кутилмоқда.
Жаҳон чемпионатида эркаклар ва аёллар қуйидаги тоифаларда ғолиблик учун ўзаро мусобақалашади:
Бодибилдинг – мускулларнинг энг катта ҳажмига эга спортчилар баҳслашадиган мусобақанинг энг машҳур тоифаси;
Атлет-физик – бу тоифада спортчилар ўз машғулотлари, овқатланиши ва турмуш тарзини идеал жисмоний ҳолатга эришиш учун тузадилар;
Фитнес-физик – бу тоифада қадди-қомат, эластиклик, нафислик, техника ва эстетика баҳоланади, бундан ташқари акробатика элементлари ҳам ҳисобга олинади;
Модель-физик – бу тоифада спортчилар мақбул мушаклар массасига эга келишган тана тузилишларини намойиш қилишлари керак;
Спорт-физик – бу тоифада иштирокчиларнинг вазни, тана тузилиши ва жисмоний ҳолати ҳисобга олинади.
Бугун мусобақанинг тантанали очилиш маросими ташкил этилди. Унда Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов, Жаҳон бодибилдинг ва жисмоний спорт федерацияси (WBPF) президенти, жаноб Датук Пол Чуа, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдурахмонов, Ўзбекистон бодибилдинг, фитнес ва мас-рестлинг федерацияси раиси Одил Абдурахмонов ҳамда кенг спорт жамоатчилиги иштирок этди.
«Қайд этиш лозим, Ўзбекистонда Бодибилдинг ва фитнес спорт тури тобора оммалашиб бормоқда. Айни пайтда мамлакатимизда ушбу спорт тури бўйича 200 нафарга яқин мураббийлар фаолият олиб боришаётган бўлса, уларнинг қўл остида 5 минг нафардан ортиқ ўғил-қизлар мунтазам равишда шуғулланиб келишмоқда. Мазкур спорт тури бўйича мамлакатимиз спортчилари Осиё, Европа ва Жаҳон миқёсидаги халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этган ҳолда фахрли ўринларни қўлга киритиб келишмоқда. Жумладан, шу кунгача ўзбекистонлик спортчилар орасидан 8 нафар Жаҳон, 6 нафар Европа ҳамда 12 нафар Осиё чемпионлари, шунингдек кўплаб Халқаро турнирларнинг ғолиблари етишиб чиққанлиги ҳам ушбу спорт тури мамлакатимизда тобора ривожланиб бораётганидан дарак беради», - деди очлиш маросимида сўзга чиққан А.Каримов.
«Жаҳон чемпионати узоқ танаффусдан кейин ўтказилмоқда – биз бутун дунёдаги пандемик вазият туфайли 2020 йилги мавсумни ўтказиб юборишга мажбур бўлдик. Бу борада ўзбекистонлик ҳамкорларимизнинг мусобақани кенг кўламда ўтказиш ташаббуси билан чиққанлигини эса фақат олқишлаймиз. Ишонч билан айта оламанки, бўлажак мусобақа юксак савияда ташкил этилади», - деб таъкидлади WBPF президенти Датук Пол Чуа.
Ўзбекона карнай-сурнай садоларию миллий рақсларимизнинг бетакрор жозибаси жаҳон чемпионатига ташриф буюрган меҳмонларга манзур бўлди.
Руслан Максимов тайёрлади