Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Европанинг янги юлдузлари. Улар қайси жамоаларда кашф этилди?

Баҳо:
+ | -

Европада футбол мавсуми бошланиши ва тугаши ўртасида катта давр мавжуд. Бу вақт бизга ҳар доим янгиликлар, кутилмаган воқеалар ва кутилган умидларни тақдим этади. Энг томошабоп, дея эътироф этилувчи Англия Премьер-лигаси бу пайтда энг катта омил вазифасини ўтайди. Айнан ушбу чемпионатга бутун дунё диққат-эътибори, доимо энг кўп қаратилган. Яқин ўтган бир мавсум ҳамда янги бошланган 2021-22 йилгиси, нафақат Англияда, балки кучли бешлик чемпионатларида ҳам, бизга бир неча истеъдодларни тақдим этди. Уларнинг фаоллиги, қулоғимиз янги юлдузлар номини бот-бот такрор эшитишига олиб келди. Бу яхши, албатта. Ахир ҳақиқий футбол мухлислари учун суперюлдузга айланиш бўсағасида турган ёш иқтидорлар ўйинини кўришдан ҳам завқлироқ иш борми? Бизнингча, йўқ! Қуйида сиз билан сўнгги пайтларда қолганларга қараганда ёрқинроқ порлаётган футбол келажагининг янги «юлдузчалари» ҳақида гаплашамиз.

Винисиус Жуниор – «Реал Мадрид»

Потенциал жиҳатдан кучли, бунга шубҳа йўқ. Чунки бразилиялик болакайнинг илк ўйинлари буни кўрсатиб берганди. Аммо маҳсулдорлик томондан олиб қараганда ҳам, бу мавсумда Винисиус жамоасининг асосий генераторига айланди. Футболчи қироллик клубига яхшигина нарх эвазига ўтганди. У ўйинлари орқали ўз нархини янада ошишига эришмоқда. Майдондаги қарор қабул қилиш ва хавфли вазиятлар яратишдаги фаоллик, исталган рақиб ҳимоячиси, «Фламенго»нинг собиқ вингерини ёмон туш сифатида кўришига сабаб бўлди. Ҳужумдаги шериги Карим Бензема билан эса, Винисиус ҳақиқий хавфга айланади. 21 ёшли бразилиялик янги мавсумда ривожланишнинг юқори кўрсаткичларига эриша олди. Бу нарса унинг натижаларида ҳам яққол акс этмоқда. Ла лигада эндигина 12та тур ўтказилган. Винисиус эса бу мавсумда ЕЧЛни ҳам қўшиб ҳисоблаганда жами 16 марта майдонга тушди ва 9та гол ҳамда 5та ассист муаллифлигини қўлга киритди. Ҳа, ҳайратланарли натижа ва у бу билан тўхтаб қолиш ниятида эмас. Демак, кузатишда давом этамиз...

Душан Влахович – «Фиорентина»

Агарда юқоридаги номни ҳали эшитмаган бўлсангиз, ишончингиз комил бўлсинки, тез орада бу исм сизнинг миянгизда чуқур ўрнашиб олади. Италиянинг «Фиорентина» клуби аъзоси бўлган Влахович, ўтган мавсумдаги ҳаракатлари эвазига ҳақиқий кашфиётга айлана олган ҳужумчи бўлди. Шу кунларда авжига чиқаётган миш-мишли хабарларда Сербия терма жамоаси вакили Лондоннинг «Арсенал» клубига 80 миллион евро эвазига ўтиши мумкинлиги айтилмоқда. Шунинг ўзи ҳам кўрсатадики, Влахович эҳтимолий келажак юлдузи! Унинг истеъдоди ҳақидаги гаплар бугунга келиб, бутун Европа эътиборида турибди. Умуман, Душаннинг бундай баланд нархланишини қуйида келтирилган кичик жадвал ҳам исбот этади. Унда бу календарь йилида(2021 йил), Европанинг кучли бешлик чемпионатларида энг кўп гол урган ҳужумчилар номи акс эттирилган:
1. Роберт Левандовски - 36та
2. Эрлинг Холанд - 26та
3. Душан Влахович - 25та.

Кўриб турганингиздек, бу йигит ҳақиқий гол машинасига айланиб бормоқда. Нафақат голлар уришда, балки уни ҳосил қилиш, вазият яратишда ҳам Влаховичнинг меҳнати кўп сингади. Шу сабабдан унинг харидорлари Европанинг элита қатламига мансуб клубларидир.

Эмил Смит-Роу – «Арсенал»

«Арсенал»нинг янги ўнинчи рақам соҳиби бу мавсумни голлар ва ассистлар орқали бошлаб олди. Бу эса уни ҳар ўйинда майдонга ташлаётган Микель Артетанинг завқини оширмоқда. Смит-Роу ҳозирда тўпчиларнинг майдондаги асосий ижод манбайига айланди десак, муболаға бўлмайди. У намойиш этаётган барқарор ўйинлари сабаб ҳам, Англиянинг асосий терма жамоаси аъзолигига сазовар бўлди.
Якшанба кунги Эмилнинг «Уотфорд»га қарши кечган баҳсда урган голи, уни АПЛнинг учта кетма-кет ўйинида гол урган 21 ёшдаги «Арсенал»нинг тўртинчи футболчисига айлантирди. Илгари бу ишни Анелка, Рейес ҳамда Фабрегаслар уддалай олган, холос. Ҳали «Хейл Энд»дан у каби кўплаб иқтидор эгалари етишиб чиқишига ишонамиз.

Конор Галлагер – «Кристал Пелас»

Сўнгги икки ҳафта «Кристал Пелас» клуби ҳамда унинг мураббийи Патрик Виейра учун ажойиб ўтди. Хусусан, жамоа 5та АПЛ баҳсида ҳали мағлубиятга учрамади. Сўнгги иккитасида эса, рақиблар дарвозасига жавобсиз иккита тўп йўллай олди. Дарвоқе, ўша рақибларнинг биттаси «Манчестер Сити»(!) эди. Ушбу баҳсларнинг бош ролларида 20 ёшли Галлагер исмли футболчи турди. «Челси» ижарачиси майдонда кўп меҳнат қилади ва шунга яраша ютуқларга эришмоқда. Буни биз айтаётган «бургутлар»нинг сўнгги иккита ўйинидан ҳам гувоҳи бўлишингиз мумкин. Галлагер ушбу баҳсларнинг ҳар иккисида гол муаллифига айланди. Шунингдек, «Ман Сити»га қарши ассист ҳам қайд эта олди. Футболчи бу мавсум жами 10та АПЛ баҳсида иштирок этиб, ўз номига 4та гол ҳамда 2та ассист ёздириб қўя олган. Хуллас, Галлагер уйига қайтганида, «Челси» ўз қўлида ажойиб талантга ва тажрибага эга бўлган футболчини кўради. Бундан фақат қувониш керак.

Карим Адeйми — «Зальцбург»

Рўйхатимизга киритилган, аммо 2000 йилда туғилмаган ёлғиз футболчи бу Адeймидир. Карим ҳали-ҳамон 19 ёшда. Шунга қарамай, аллақачон Европанинг топ жамоалари назарига туша олди. Эпчил вингер ўтган ҳафтада Австрия Бундеслигасида «Вийен»га қарши гол муаллифи бўлди. У бу билан ўз голлари сонини 11тага етказиб олди. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Карим бу мавсумда 12та учрашувда майдонга тушган ва деярли ҳар бир баҳсда гол урмоқда. У шунингдек, ЕЧЛ доирасида ҳам 4та гол уришга улгурган. Бу эса Адeймини Германия терма жамоаси аъзосига айлантирди. Унинг ўйинларини кузатган одам Карим тимсолида бемалол бўлажак суперюлдузни кўра олади. Биз эса ёш футболчига бўлажак учрашувларда омад тилаб қоламиз.

 


инглиз тилидан Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси

Манба: futaa.com
Киритилди: 15:59, 10.11.2021.
Ўқилди: 3961 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.