Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Уларнинг эраси якунланмоқда ёхуд буюклар футболининг интиҳоси яқин

Баҳо:
+ | -

 Ҳамон эсимда, илк бор футбол томоша қилганим-у, қайси футболчига мухлислик қилганларим. Ўша пайтлар Фернандо Торрес мен учун тенгсиз эди. Ҳозир ҳам шундай бўлиб қолаверади. У футболчилик фаолиятини якунлагач, ҳеч нарса ўзгармади. Балки “эль-нино” энди футбол ўйнамаётгандир, лекин бу футболга таъсир ўтказмади. Аммо шундай икки даҳо борки, уларнинг кетиши футболни ҳуввиллатиб қўйиши ҳеч гап эмас. Ишонинг, улар “бутсани михга илса” футбол учун бу катта йўқотиш бўлади.

 Мессининг Каталониядан кетишини эсланг. “Барселона”нинг чин мухлислари кўз ёш тўкишди. Негаки, уларнинг суюкли футболчиси кетаётган эди. Баъзилар Мессини 30-рақамли либосда кўрганда ҳам ишонишмади. У қайтади деган фикрлар ҳам кўп янгради. Мессининг кетиши эълон қилингач, машҳур инсайдер Фабрицио Романо ҳам аввалига ишонмади. Хайрлашув маросимида Месси қандай кўзёшлар тўккани ҳаммага маълум. У футболдан эмас “Барселона”дан кетди. Энди тасаввур қилинг футболдан кетганида нима бўларди? Нафақат Месси, балки унинг мухлислари-ю, унинг ўйинига тан берган ҳақиқий футбол ишқибозлари йиғлайди ўша кунда. 1987-йил Аргентинада дунёга келган буюк, 34 ёшни қоралаб қўйди. Энди ўша 2011 йилдаги Месси йўқ, у 10 йил олдинги тарихга айланди. Усиз футболни тасаввур қилиш қийин тўғрими? Чунки у ўзининг ҳаракатлари билан бизни шунга ўргатиб қўйди. У ростмана ўзга сайёралик.

Яна бир инсон бор. Месси ва уни доим таққослашади ва бундан ҳеч қачон чарчашмаган. Бу албатта - Роналду. Мен уни илк ўйинларини “Манчестер Юнайтед”да кўрганман. Иқтидори ўзига сиғмайдиган бу буюк ҳар қадамда рекордлар ўрнатиб чарчамаган. Унинг узоқдан йўллаган пушкалари ҳеч қачон футбол мухлиси ёдидан чиқмаса керак.  Унинг бир клубдан бошқа клубга ўтишида одатда мухлислар кўзёш тўкишмайди. Роналдунинг ўзи ҳам мухлислари кабидир. У хақиқий “терминатор”. 1985 йилда Португалияда туғилган футболчи, ҳозирда 36 ёшда. Ишониш қийин албатта, 36 ёшли мана шундай жисмоний холатдаги футболчини учратиш қийин. У ҳам буюк. Мессидан қолишмайдиган даражада буюк. Кўп бор Месси кучли, ёки Роналду яхшироқ дея тортишамиз. Уларнинг даври якунига келмоқда, шунинг учун, келинг уларни энди бирдек тенгсиз дея қолайлик. Роналдунинг у жамоадан бу жамоага кўчиши ҳеч қандай йиғиларсиз ўтади дедик. Аммо у кетганда, яъни футболдан кетганда қайси мухлис уни олқишламаслиги мумкин. Ким кўз ёш тўкмаслиги мумкин.

Улар футболдан кетгандан кейин "миллионлар ўйини"ни тасаввур қилинг. Кимдир ҳозиргидек бўлаверади дейиши мумкин. Ўшандай футбол мухлислари учун битта гап: ҳозирги Ла лига қандайдир қизиқарли эмасдек кўринмоқда, шундай-ми?

 Футбол ўрнида Испания Примеросини назарда тутиб фикрлаб кўрамиз. Месси-ю Роналду кетгач, Ла лига кўп нарса йўқотди. Уларнинг чемпионати аввалгидек жиддий курашлар тақдим этмаётгандек, уларнинг чемпионати даражаси бироз тушгандек ва “эл-класико” 24-октябрьда кўрганимиздек куннинг 3-даражадаги ўйинига айланиб қолгандек.

Тўғри, кўпчилик Мбаппе ва Ҳолландни уларнинг вориси сифатида кўришмоқда. Аммо улар ростмана юлдуз бўлса ҳақиқий Мбаппе ва ҳақиқий Ҳолланд бўлишади. Уларга қараб ҳеч ким, мана бу Мессини, ёки мана бу Роналдуни эслатади дейишмайди. Вақти келганда улар футболдан кетганлигига кўникамиз. Футбол "миллионлар ўйини" бўлиб қолаверади. Негаки, у шундай спорт тури. Унинг мухлислари камаймайди. Кундан-кунга ортиб бораверади.

Марадона оламдан ўтганида катта ёшли ҳақиқий футбол мухлислари ким бу дунёни тарк этганини хис қилишди. Ёш ишқибозлар учун Диего Армандо афсонавий юлдуз эмас. Унинг ўйинларидан улар баҳра олишмаган. Ҳозирги авлод футболда Месси-ю, Роналдунинг ўйинларидан завқланади. Марадона ва Пеле ҳақиқий буюк футболчилар, улар иккиси ҳам терма жамоаси сафида жаҳон чемпионлигини қўлга киритишган. Ҳозирда эраси тугаётган икки “ГОАТ”да эса умуман жаҳон чемпионлиги йўқ ва улар катта эҳтимол кўпи билан битта мундиалда иштирок эта олишса керак. Битта жаҳон чемпионатида иккиси ҳам чемпион бўла олмайди. Бири чемпион бўлса, бу уларнинг бирдек буюклигига рахна солса керак. Майли ким чемпион бўлса бўлсин. Лекин улардан бири юқорироқ ўринда туриши бу жуфтликка нисбатан адолатсизлик бўлади. Мисол, Роналду ва Португалия мундиалда чемпион бўлса, кўпчилик уни Мессидан устун қўйишади. Ёки тескариси бўлади. Финалда Аргентина ва Португалия робарў келса бу аср ўйини бўлади. Икки буюк фаолияти якунида футбол оламидаги энг катта соврин учун беллашмоқда. Шунчаки бу ўйинни таърифлаш қийин.

    Ҳозир барбир бу воқеани, яъни Роналду ва Месси фаолиятини якунлашини оддийдек қабул қилишимиз мумкин. Лекин ўша кун келганда ҳақиқий "миллионлар ўйини" ишқибозлари кўзида томчи ёш кўрамиз. Агар, ўша воқеа бир кунда содир бўлса-чи? Яъни улар бир кунда, бир соатда ва бир дақиқада футболчилик фаолиятини якунлашини эълон қилишса-я. Бўлди менимча буёғини тасаввур қилиш қийин бўлиб кетади.

 

Миржалол Пардабоев тайёрлади.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 16:08, 14.11.2021.
Ўқилди: 8916 марта.
Фикрлар: 17 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.