Октябрь ойи бошида The Athletic ёзги трансфер дарчаси якунларига оид сўров натижаларини чоп этди. Унда 20дан ортиқ таниқли агентлар аноним респондент сифатида иштирок этдилар. Сўров натижалари экспертлар «Арсенал»га нисбатан ўта шафқатсиз бўлишганини намойиш этди. Иштирокчиларнинг 43 фоизи «тўпчилар» дарчада қониқарсиз қатнашганликларини таъкидладилар, Рэмсдейлнинг хариди эса энг омадсиз келишувлар учлигидан жой олди. Sports.ru блогерларидан бири ушбу кипернинг трансферини таҳлил қилди.
Камина «Арсенал»нинг харид кампаниясига берилган баҳога мутлақо қўшилмаган ҳолда, англиялик дарвозабоннинг ўтишига дастлаб шубҳа билан қарадим. Шубҳа «товар»нинг сифати ва қиймати ўртасидаги тафовут туфайли юзага келганди. Лекин қиймат сезиларли даражада камайтирилгани маълум бўлиши билан шубҳа ҳам камайди. Энди дарвозабоннинг ишончли ўйинларидан чўчигандек, шубҳа-гумонлар бутунлай йўқ бўлмасада, қаёққадир ғойиб бўлди. Шу боис, Аарон Рэмсдейл қандай қилиб «тўпчилар»нинг асосий посбони бўлиб олганини аниқлашга уриниб кўрамиз.
«Арсенал»га ўтгунга қадар
Аарон Кристофер Рэмсдейл Сток-он-Трентда туғилди, Честертонда улғайди, футболдаги фаолиятини эса Ньюкасл-андер-Лаймнинг «Марш Таун» клубида бошлади.
Афтидан, бўлажак футболчи учун клубдаги иштирок камлик қилган шекилли, у ўз мактаби жамоасида ҳам тўп сурган ва ўқувчилар ўртасидаги Англия кубоги турнирида ярим финалга етиб борганди. Бундан ташқари, Аарон Англиянинг турли лигаларида 406 марта майдонга тушган фахрий дарвозабон Фредерик Барбер академиясига ҳам бориб турарди.
Барбернинг кўмаги билан Рэмсдейл «Болтон» академиясига келди. Бироқ у ердагилар жисмоний жиҳатдан тенгдошларидан ортда қолган болакайни қабул қилишмади. Кейинчалик бошқа клублар ҳам қабул қилмадилар. Ниҳоят, оила аъзоларининг далдаси эвазига тушкунликка тушмаган Аарон 2013 йилда «Шеффилд Юнайтед»дан жой олди ва 3 йил ичида том маънода улғайди. Шундан кейин 2016 йилда у клуб билан дастлабки профессионал шартномасини имзолади.
2017 йилнинг январида Рэмсдейл Эдди Хаунинг «Борнмут» жамоасига ўтиб, «Лестер»га қарши сўнгги учрашувда ўз дебютини нишонлади. Кейинги икки мавсумнинг иккинчи ярмини посбон ижара асосида «Честерфилд» (19 учрашув) ва «Уимблдон» (20) жамоаларида ўтказди. АПЛдаги дебютини Аарон 2019|20 йиллар мавсумининг старт беллашувида қадрдон «Шеффилд»га қарши баҳсда нишонлади. Шундан кейин Рэмсдейл Эдди Хау жамоасининг асосий посбонига айланди. Октябрь ва январь ойларида мухлислар уни ойнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этишди, кейин мавсумнинг энг яхши ўйинчиси унвонига лойиқ топишди.
Рэмсдейлсиз қолган «Борнмут» Чемпионшипга тушиб кетди. Рэмсдейл эса ўтган йил августида яна «Шеффилд»га қайтди. Таажжубки, бу жамоада ҳам у йилнинг энг яхши ўйинчиси бўлди, аммо жамоа яна элитани тарк этди.
Рэмсдейл «Арсенал»да
Ёзда Аарон яхши спорт формасида, қатъиятли ва мухлислар ёқимтойи эди. Уни касбдошлари ўртасида етакчи, деб ҳисоблашарди. «Шеффилд» эса шунчаки, Рэмсдейлсиз янада ношуд кўринарди. Навқирон, келажаги порлоқ ва ўйин амалиётига чанқоқ дарвозабон олдида жамоада қолиш ёки қандайдир ўртамиёна клубга ўтиш йўллари турарди.
«Арсенал»ни мен иккинчи дарвозабон ролига ишончли номзод топишга уринаётган жамоа, деб ўйлагандим. Шу сабабли Ааронни лондонликлар сафига ўтиши мумкин бўлган ўйинчилар сафида кўриб ажабландим. Назаримда, англиялик навқирон посбон ўринбосарлик ролига кўнмайдигандек туюлганди, ҳатто номдор жамоада ҳам. Қолаверса, 30 млн. фунтли нарх ҳам келишув эҳтимолини пасайтириб юборарди. Кейинчалик маълум бўлишича, «тўпчилар» товон пули миқдорини камайтиришга муваффақ бўлишган ва бонусларни қўшиб ҳисоблаганда, 24 млн. фунтга кўндиришган экан.
Бир томондан, иккинчи дарвозабон учун йирик харажат, лекин Ленонинг ўринбосари бўлган Мартинес шунга яқин маблағ эвазига сотилганини инобатга олсак, рисоладаги баҳо. Рэмсдейлнинг таклиф этилишини айрим мухлислар ўта салбий қабул қилишди, ҳатто уни ижтимоий тармоқлар орқали ҳақорат қилганлар ҳам бўлди. Улар Аароннинг 3та клуб билан Чемпионшипга тушиб кетганини рўкач қилишганди. Хуллас, август ойида «тўпчилар» ишончли ўйнайдиган икки нафар дарвозабонга эга бўлишди. Четдан қараганда, Лено етакчи ролида эди.
Лено ва Рэмсдейлнинг статистик кўрсаткичлари бу икки посбоннинг натижалари тахминан тенг эканлигини кўрсатди. Фарқи шуки, «Шеффилд» ҳимоячилари рақибларига нисбатан кўпроқ зарба йўллаш имкониятини беришган. Яъни, Рэмсдейл нисбатан мураккаброқ вазиятда Лено билан бир хил кўрсаткичларни қайд этган.
Мавсумни Лено билан бошлаган «Арсенал» жуда ёмон старт олди: «Брентфорд», «Челси» ва «Манчестер Сити»га қарши учрашувларда умумий 0:9 ҳисобидаги мағлубиятлар серияси. Ўтказиб юборилган голларга фақат Лено айбдор, дейиш ўринлими? Албатта, йўқ. Лекин Берндни ишончли ўйнади, дейиш ҳам адолатдан эмас. Бир-икки марта у хатоликка йўл қўйди, яна икки ёки учта вазиятда қутқара олмади. Бунга кўникиб қолганмиз, ўзга иложимиз йўқ!
Стартдаги омадсизликни ҳисобга олмаганда, Ленони енгишда Рэмсдейлга нима ёрдам берди? Бундай омилнинг биттаси англиялик посбоннинг дебютидан кейин бўй кўрсатди. Илк марта «тўпчилар» либосида майдонга тушган Аарон зиммасига Англия Лига кубоги доирасидаги «Вест Бромвич Альбион»га қарши баҳсда мураккаб вазифалар қўйилган бўлмасада, у 1-2та сэйвни намойиш этди. Лекин гап бунда эмас. Аарон майдонга тушиши билан ўзини клубда анчадан бери ўйнаётгандек хотиржам тутди. Бу болаларга хос ўзига ортиқча баҳо бериш эмас, аксинча, тажрибали ўйинчилардек бор эътиборини ўйинга қаратган ҳолда, ишончли ҳаракатланиш эди. Тез орада Аароннинг ушбу фазилати жамоадошларига ҳам ўта бошлади.
«Этиҳад»даги «юрак ўйноғи»дан кейин АПЛнинг барча учрашувларида Рэмсдейл «тўпчилар» дарвозасини қўриқламоқда. Ортда қолган ҳар қайси тур мураббийлар штаби ва мухлисларни Аарон шунчаки, дарвоза посбони эмаслигига ишонтирмоқда: сэйвлар, ҳимоя чизиғини бошқариш, мунтазам равишда жамоадошлари билан алоқада бўлиш - унинг зиммасидаги фойдали юмушлар.
АПЛ доирасидаги 7 учрашувдан кейин аниқ зарбаларни бартараф этиш борасида Рэмсдейл 85,7 фоизли кўрсаткич билан Эдуар Мендидан (89,7 фоиз) ортда қолмоқда. «Лестер»га қарши беллашувдаги сэйви эса дарвозабонлик санъатининг нодир асарига айланди.
Наҳотки, Бернд дебютантдан шу қадар нўноқ бўлса?!
Рэмсдейлнинг ўйини ва натижалари албатта, ҳайратланарли. Лекин бизнингча, юксак натижаларга маҳлиё бўлишни тўхтатиб, соғлом фикрни тиклашга уриниб кўрамиз.
Биринчидан, Аарон натижаларининг яхшиланишига унинг савиялироқ жамоага ўтганлиги имкон бермоқда. Ҳа, «Шеффилд» ва «Борнмут» - ўзига хос жамоалар. Лекин улар том ва маъжозий маънода ҳам «Арсенал» лигасига нисбатан пастроқ лигада тўп суришади.
Иккинчидан, Ленони мағлубиятга учратган 3 жамоанинг 2таси - сўнгги ЕЧЛнинг финалчилари, биттаси эса - АПЛ кашфиёти унвонига даъвогарлик қилаётган дебютант эди.
Учинчидан, эҳтимол, энг муҳим жиҳатдир, бу - дарвозабонларнинг қандай ҳимоячиларга раҳбарлик қилганликлари:
*** Ленонинг шериклари: 1-тур - Тирни-Мари-Уайт-Чемберс; 2-тур - Тирни-Мари-Холдинг-Соареш; 3-тур - Тирни-Колашинац-Холдинг-Соареш.
*** Рэмсдейлнинг шериклари: 4-8-турлар - Тирни-Габриэл-Уайт-Томиясу; 9-10-турлар - Тавареш-Габриэл-Уайт-Томиясу.
Аввало, Лено иштирокидаги 3та учрашувда ҳимоячилар таркиби Рэмсдейлнинг 7 учрашувига нисбатан кўпроқ ўзгарганига эътибор беринг. Бундан ташқари, англиялик посбоннинг ҳимоя қўрғони қоғозда ҳам, амалда ҳам савияси юқорироқ бўлган футболчилардан шаклланган. 3та учрашувда Бернд дарвозаси томон 18та аниқ, яъни ўртача 6тадан зарба йўлланган. Рэмсдейл дарвозасига эса 7та ўйинда 28та. Ўртача, ҳар ўйинда 4тадан.
Бернд Лено дарвозасига таҳдид солган жамоаларнинг хавфлилик коэффициенти 3,34га, Аарон рақиблариники эса 1,05га тенг. Бошқачароқ айтганда, «Арсенал» рақиблари Лено дарвозасига 3 баравардан ҳам кўпроқ хавф солишган.
Хуллас, «тўпчилар»нинг янги посбони хизматларини камситмаган ҳолда, қуйидагиларни таъкидлашимиз шарт: Рэмсдейл мақтов ва эҳтиромга лойиқ, аммо биз таҳлил қилган давр узоқни кўзлаган хулоса учун қисқалик қилади. Жўжани кузда санайдилар, дарвозабонлар статистикасини эса - 38-турдан кейин.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади