Япониянинг «Гамба Осака» жамоасига қарши учрашувда йирик ҳисобда ғалаба қозонган Жанубий Кореянинг «Поханг Стилерз» клуби бош мураббийи Хванг Сун-Хун ажойиб ғалаба қўлга киритилганини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда ОФК расмий сайти хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, ОЧЛ гуруҳ босқичи 1-туридан ўрин олган «Гамба Осака» – «Поханг Стилерз» учрашуви 3:0 ҳисобида корейслар ғалабаси билан якунига етган. Ўйин Японияда ўтказилган эди.
«Биз ажойиб жамоага қарши ажойиб ўйин кўрсатдик. Бугунги ўйинга қандай режа тузган бўлсак, шогирдларим худди шунга амал қилиб тўп суришди. Бироқ биз асосий мақсадга эришиш учун ҳали яна ҳаракат қилишимиз керак», деди кореялик мутахассис.
«Яримҳимоясида кучли ўйинчилар йиғилгани сабаб, «Гамба» тўп узатишларга асосланган ўйинни жуда яхши кўрсата олади. Биз «Гамба»га қарши ўйинга жуда қисқа фурсат давомида тайёргарлик кўрдик, чунки Кей-Лига очилиш ўйинидан кейин бизда кўп вақт қолмаганди», дея қўшимча қилди «Поханг Стилерз» бош мураббийи Хванг Сун-Хун.
«Гамба Осака» ва «Поханг Стилерз» жамоалари ўрин олган «Е» гуруҳининг иккинчи учрашуви Тошкентнинг «Бунёдкор» ва Австралиянинг «Аделаида Юнайтед» жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Ўйин 2:1 ҳисобида австралиялик меҳмонлар фойдасига ҳал бўлган эди.
Гуруҳ босқичининг 2-турида «Поханг Стилерз» ўз майдонида Ўзбекистон чемпиони «Бунёдкор»ни қабул қилса, «Гамба Осака» Австралияга сафар қилади. 2-тур учрашувлари 20 март куни бўлиб ўтади.