Бобур Абдухолиқовни мухлисларга таништириш шарт эмас. «Насаф» мактабида таҳсил олиб, 5 йил шу жамоа либосида тўп сурган иқтидорли ҳужумчи якунланган мавсум Беларусда «Энергетик-БГУ» шарафини ҳимоя қилди. Махсус мухбиримиз яқинда қишки таътилда бўлиб турган футболчи билан турли мавзулар юзасидан бафуржа суҳбатлашди.
- Бобур, сизга бежиз «Пеле», дея мурожаат этишмайди - чиндан ҳам, чеҳрангиз бўйича афсонавий футболчига бироз ўхшайсиз.
- Албатта, футбол қиролига ўхшашлик ёқимли. «Насаф» футбол мактабида устозим Умарбек Раҳматуллаев томонидан берилган бу лақаб майдонда кучимга-куч қўшади.
- Украинанинг «Рух» ва Беларуснинг «Энергетик-БГУ» клубларида бу лақаб қандай жаранглади?
- Йўқ, «Рух»да Бабур эдим, «Энергетик»да эса Боб, деб чақиришади.
- Бобур, оилангиз ҳақидаги маълумотлар кўпчиликни қизиқтиради.
- 1997 йилнинг 23 апрелида Косон тумани Каманди қишлоғида оддий оилада таваллуд топганман. Отам Алишер ака деҳқончилик билан шуғулланган. Истиқлол йиллари фермер хўжалигини бошқарди. Айни пайт нафақада. Онам Гуллола опа - ўқитувчи. Акам Бекнур Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия университети магистратура босқичида таҳсил олмоқда. Опам Гулнаврўз Қарши Давлат университети магистратурасида ўқиш баробарида мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаяпти. Ўзим аввалига туманимиздаги мактабда 4 йил шуғулландим, кейин «Насаф» тизимига ўтдим. Бу мактабдаги биринчи мураббийим - Умарбек Раҳматуллаев.
- «Насаф» таркибида илк марта майдонга тушганингизда, ўспирин йигитча эдингиз...
- Ҳа, шундай. 2015 йили «Насаф» ёшлар жамоасида дебют қилдим, кейинги мавсумдан асосий таркибга қўшилдим. Эрта дебютга имкон беришган ўринбосарлар жамоаси мураббийи Зафар Холмуродов ва асосий таркиб устози Рўзиқул Бердиевдан бир умр миннатдорман.
- «Насаф» учун урган биринчи голингизни эслай оласизми?
- «Оқ-тепа»га қарши кубок баҳсининг 88-дақиқасида майдонга тушиб, ҳисобни тенглаштиргандим. 90+3-дақиқада эса жамоамиз иккинчи голни нишонлаб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганди.
- ОЧЛда ҳам гол уришни пайсалга солмаган эдингиз.
- Тўғри, аммо Саудиянинг «Ал-Аҳли» жамоаси дарвозасига гол урган бўлсамда, жамоам 1:2 ҳисобида имкониятни бой берганди. Умуман, 2017-2020 йилларда «Насаф»нинг барча турнирлардаги ўйинларида чамаси 50та гол урдим.
- Аксарият иқтидорли футболчиларимиз Осиёга интилаётган бир паллада сиз Европани танладингиз.
- Нима демоқчи эканлигингизни тушундим. Ҳа, Осиёда ўйнаб, катта пул топиш мумкин. Лекин мумай даромад ортидан қувмасдан техник-тактик маҳоратимизни оширишимиз керак. Зеро, ҳозир футболимизда ҳужум муаммоси кўзга ташланмоқда. Демак, ўз устимизда кўпроқ ишлашимиз, еврофутбол тажрибасидан ўрганишимиз керак. Ҳужумчидан ўз устида якка тартибда шуғулланиш талаб этилади. Оддий мисол, «Энергетик-БГУ»да ҳужумчилар билан вақтида Англияда ўйнаган собиқ футболчи иш олиб боради. Умуман, барча чизиқлар бўйича малакали мураббийлар бор.
- Сиз меҳр қўйган ҳужумчи, яъни кумирингиз ким?
- Криштиану Роналду. Унинг тўпни қабул қилиб, фақат олдинга интилишини синчиклаб кузатаман. Ҳаттоки, ўйинидан дарслик сифатида фойдаланаман. Ўзбекистон миллий жамоасининг Уругвай, Сурия ва Беларусь термаларига қарши ўртоқлик ўйинларида ҳужум чизиғимиз анча оқсоқ эканлигидан қаттиқ ранжиганман. Хуллас, ҳали кўп ишлашимиз, изланишимиз зарур.
- «Рух»даги фаолиятингиз узоққа чўзилмади. Нега?
- Бу жамоа таркибига февраль ойида қўшилдим. Ўрмон билан қопланган «Рух» базасида яратилган шарт-шароитларга гап йўқ. Жамоанинг ўринбосарлар таркибида 2та гол ҳам урдим. Вақтида ҳам-юртимиз Максим Шацких ўйнаган жамоада унинг рақами остида майдонга тушиш осон эмас экан. Қолаверса, бош мураббий Иван Седик билан келишолмаганимиз панд берди. Натижада ёзда «Энергетик-БГУ»га ўтиш варианти юзага келди ва мухлисларимизга яхши таниш жамоа таклифини қабул қилдим. Беларусда жисмоний тайёргарликка катта эътибор қаратилади. Чемпионат савияси бизнинига ўхшаш. Шароитлар ёмон эмас. «Энергетик-БГУ» асосан талабалардан иборат. Шаҳзод Убайдуллаевнинг жамоада эканлиги муҳитга мослашишимда қўл келди. Жами 12та ўйинда майдонга тушиб, 2та гол урдим. Умумий таассурот яхши.
- «Энергетик-БГУ»да маош масаласи қандай?
- Ёмон эмас, етарли...
- Рўзиқул Бердиев кубок финалидан сўнг стадионга келганингизни эшитиб, жамоани табриклаш учун кийиниш хонасига кирмаганингиздан ўксинди...
- «Насаф» - қадрдон жамоам. Бу ерда ўйнаганимда, турли клублардан кўп таклиф олганман, лекин «аждарлар»га содиқ қолганман. Беларусда ҳам ижтимоий тармоқлар орқали жамоа ўйинларини кузатиб бордим, айниқса, ОФК кубогидаги юришини. Тўғриси, қаршиликлар кубок финалида 10 киши бўлиб, ғалаба қозонишгач, севинч кўз ёшларини тўхтатолмадим. Фақат, ўйиндан олдин ёки кейин Рўзиқул Саъдуллаевич билан кўришишни эп кўрмадим. Чунки бундай вазиятда футбол этикасига амал қилинади. Лекин Рўзиқул ака ва «Насаф»ни чин юракдан қутлайман, албатта. Мақсадимга келсак, 2022 йили ҳам «Энергетик-БГУ»да ўйнамоқчиман. Яқин кунларда шартнома муддатини узайтирамиз ва янги мавсумга тайёргарлик бошлаймиз.
- Ёзда «Турон»дан ҳам чорлов олганингиз ростми?
-Ҳа, «Турон» вакиллари билан учрашдик, катта ваъдалар беришди. Бироқ Европада қолишни маъқул кўрдим ва ўйлайманки, адашмадим.
- Янги йил яқинлашмоқда. Тилакларингиз...
- 2022 йил барчага омадли келсин. Терма жамоаларимиз юксалиши тарафдориман, албатта. «Пахтакор» ва «Насаф»га эса ОЧЛда зафарлар ёр бўлишига тилакдошман. Мухлисларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, фаравонлик истайман.
Ҳусан ТЕМИРОВ суҳбатлашди