«Манчестер Сити» клуби афсонаси кутилмаганда ўз фаолиятини якунлашга мажбур бўлди. Афсуски, Агуэро ўзи севган клуб «Ман Сити»да эмас, балки «Барселона»да футбол билан хайрлашди(33). Ушбу воқеа ўтган ойда, ўйинларнинг бирида футболчининг майдонга йиқилиб тушиши билан бошланди. Кўп ўтмай, Серхионинг юрак билан боғлиқ муаммога дуч келганлиги ойдинлашди. Футболдан кетишга мажбурлик – бу ушбу ўйиннинг энг совуқ ҳақиқатларидан бири ҳисобланади. Бунда футболчилар кутилмаган жароҳатлар сабаб ёхуд футболга бўлган меҳри йўқолиб қолгани туфайли фаолиятига якун ясаши мумкин. Афсуски, шундай воқеаларга тарих кўп марта гувоҳлик берган. Қуйида эса айнан Кун Агуэро сингари севимли касбидан эрта мосуво бўлганлар ҳақида гап боради.
Эрик Кантона
«Манчестер Юнайтед»нинг барча даврлардаги энг яхши футболчиларидан бири ва ўзига хос характер соҳиби бўлган Кантона, 1997 йилда бутун дунёни ҳайратга солиб, бошқа футбол ўйнамаслигини билдирган эди. Ўшанда у эндигина 30 ёшни қарши олган. «Қизил иблислар» жамоаси рамзига айланиб қолган ҳужумчи жуда эрта футболдан кетди ва бир нечта йирик турнирларда қатнашиш бахтидан мосуво бўлди. Жумладан, у кетганидан кўп ўтмай, «МЮ» требл билан катта саҳнага чиқади(1999 йил, ЕЧЛ). Қолаверса, Франция терма жамоаси 1998 йилда Жаҳон чемпионатини қабул қилиб, ўзлари турнир ғолибига айланади. Аммо бу пайтда Кантона жамоа ичида йўқ эди.
Бриан Лаудруп
Ушбу номни унинг акаси, Микаэл(Лаудруп) билан чалкаштирмаслигингизни сўраган бўлардик. Бриан ҳам футбол тарихида алоҳида ном сифатида эътироф этилади. Ҳақиқатдан ҳам футболчи ўзгача услуб соҳиби эди. У «Милан» билан бирга ЕЧЛ ғолиблигини қўлга киритади. Шунингдек, Лаудруп тўрт марта ўз юрти Данияда йилнинг энг яхши футболчиси деб топилади. Минг афсуслар бўлсинки, туганмас жароҳатлар футболчини эрта синдириб қўйди. У атиги 31 ёшида, 2000 йилда футболдан кетди.
Марко ван Бастен
Голга энг харис футболчилардан бири. У рақиб дарвозаси олдида гўё йиртқич махлуққа айланар эди. Ван Бастен ўз фаолияти давомида уч марта ФИФАнинг «Олтин тўп»ини қўлга киритган. Афсуски, Нидерландия терма жамоаси афсонаси 31 ёшида футболни тарк этди. Унинг ўзига хос қобилиятига ҳатто Диего Марадона ҳам тан берган эди. Ундан севимли футболчиси ҳақида сўралганда, Марадона шундай дейди: «Менинг энг ёқтирган футболчим Ромарио ҳамда Марко ван Бастеннинг ўртасида». Чиндан ҳам Марко каби талантлар камдан-кам топилади.
Хидэтоши Наката
Наката 1997 йилда Италия А сериясида ҳаракат қилган иккинчи япон футболчисига айланган эди. Кейинчалик, итальян футболи дунёдаги энг яхшиси дея эътироф этилади. Япон футболчиси туғма техникага эга эди. У бутун дунёга япон футболини танитади. Осиёнинг энг яхши футболчиси сифатида Наката 1997 йилда Италиянинг «Перужа» клубига бориб қўшилади. У ҳам жароҳатлар сабаб 29 ёшида футболдан кетди. Кейинчалик эса модель бўлди ҳамда мода оламида фаолият юритди.
Жюст Фонтен
Яна бир собиқ француз футболчиси миллий терма жамоадаги ҳаракатлари билан танилган эди. У термада гол уриш бўйича энг яхши марказий ҳужумчи сифатида қаралади. Фонтен ҳали ҳам ФИФА Жаҳон чемпионатининг битта мусобақасида энг кўп гол уриш бўйича етакчи саналади. У 1958 йиги мундиалда Франция терма жамоаси таркибида 13та голга муаллифлик қилган эди. Аммо у билан ҳам қайғули воқеа юз берди. Жиддий жароҳат олган Фонтен, 28 ёшида футболдан кетди.
Шундай қилиб, Серхио Агуэро каби улар ҳам жуда жуда эрта ўз мухлисларини ташлаб кетишди. Аммо ажойиб ҳаракатлари билан жаҳон футболининг ҳақиқий дарғалари сифатида ўзидан ўчмас из қолдирди.
инглиз тилидан Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси