Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ғолиб Ғайбуллаев: «Кубок финалида «Пахтакор» дарвозасига тўп киритишимни ҳис қилгандим»

Баҳо:
+ | -

Футболда ҳимоячининг ўрни катта. Унинг зиммасига нечоғли масъулият тушишини айтиш шарт эмас. Табиийки, ортдаги ишларни бажариш баробарида ҳужумга қўшилиб, рақиб дарвозасини «ўқ»қа тутувчи ҳимоячи алоҳида қадр­ланади. Оддий мисол, Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон кубоги финалида «Насаф»­га ғалаба келтирган голни ҳимоячи Ғолиб Ғайбуллаев урди. Махсус мухбиримиз финал қаҳрамони билан учрашиб, бафуржа суҳбатлашди. Гап ғолибликка интилган Ғолибнинг дадил одими ҳақида бошланди.

- Ғолиб, аввало, «Насаф»­нинг кубок турниридаги ғалабаси билан табриклаймиз. 4 декабрь куни «Пахтакор»га қарши кечган финал уйинида урган голингиз барчани жунбушга келтирди...

- Рости, майдонга тушишдан олдин ҳам шу куни «Пахтакор» дарвозасига тўп киритишимни ҳис қилгандим. Ойбек Бозоров қизил карточка олиб, майдондан чиқиб кетгач, бу ишонч янада кучайди. Баҳром Абдураҳимов ҳисобни тенглаштиргач, аввало, ҳовлиқмасликка интилдик. Ўзи кубок финали жамоамиз учун сўнгги имконият эди. Зеро, чемпионатда медаллардан мосуво қолдик, боз устига, ОФК кубоги ҳал қилувчи баҳсида имкониятни бой бериб қўйдик. Хуллас, кубок олиш орқали халқаро майдонга чиқишни ўйлагандик. Шунга яраша тартибли ҳимояланиб, қарши ҳужумларга эътибор қаратдик. 75-дақиқада  Суҳроб Нуруллоев бурчак зарбасини амалга оширгач, тўпни Элдор Суюнов дарвозасига йўлладим ва телбаларча мухлислар томон югурдим. Ахир ўйиндан олдинги ҳис-туйғу ҳақиқатга айланди-да...

- Ҳужумга қўшилиш пайти асл жойингиз бўшаб қолиши ва бу рақибга қўл келиши мумкинлигидан чўчимайсизми?

- Футбол - жамоавий ўйин. Олдинга ўтсам, ўрнимни шерикларим ёпиб туришади. Қолаверса, агар ҳужум ўхшамаса, дарҳол ортга қайтаман.

- Олдинга ўтишингиз жамоангизга қимматга тушган ҳолатлар ҳам борми?

- Эслолмайман. Табиийки, ҳимоядаги бўшлиқлар рақибларга асқотиши мумкин. Шундай экан, мудом сергакликни унутмаслик керак.

- Рақобат бор жойда ўсиш бўлади. «Насаф»даги рақобатга муносабатингиз...

- Ҳа, рақобат бор экан, футболчи ўз ўрнини йўқотмаслик учун қаттиқ ишлайди. Ҳусниддин Алиқулов ва Умар Эшмуродовдек тажрибали ҳимоячилар билан бир қаторда бўлиш - катта масъу­лият. Улардан ўрганиш асносида ўйинни такомиллаштириш - ўзига хос сабоқ.

- Ҳар ким профессионал футболга турлича кириб келади. Сизда бу жараён қандай кечган?

-1996 йилнинг 22 январь куни Косон тумани Янгибоғ маҳалласида туғилганман. Отам Шокир Абдураҳмонов - тадбиркор. Онам Гулшан Номозова - ўқитувчи. Оилада 5 фарзанднинг тўртинчисиман. Дастлаб кураш тўгарагига қатнаганман. Кейинчалик футболга қизиқиш кучлилик қилди. Бунда ашаддий мухлис Қувватхон Ҳамроевнинг таъсири бор. Маҳалладаги биринчи мураббийим - Амин Турсунов. 4-синфдан таҳсилни Қаршидаги махсус футбол мактабида давом эттирдим. У ерда Баҳром Усмонов қўл остида шуғулландим. Яна 4 йилдан сўнг «Насаф» махсус футбол мактабига кириб, Евгений Смирнов ва Валентин

Поддубнийдан сабоқ олдим. Кейинчалик «Насаф»нинг Биринчи лигадаги жамоасида, 2014 йилдан ёшлар таркибида ўйнадим. 2017 йили «Навбаҳор»га қарши кечган мавсумнинг охирги ўйинида асосий жамоада дебют қилдим. 2018 йили эса Суперлига доирасида 23 марта майдонга тушдим. Эсимда, Қаршида «Пахтакор»га қарши баҳсда Элдор Суюнов дарвозага гол ургандим.

- Демак, «Пахтакор» учун ноқулай ўйинчисиз.

- Йўғ-е, унчалик эмас. Шунчаки, омад келган бўлса керак. 2019 йили чемпионатнинг 22та ўйинида 2та гол урдим. 2020 йили эса 20та ўйинда яна 2та гол. Якунланган мавсум Суперлигада 18та учрашув ўтказдим ва «Машъ­-ал» дарвозасини нишонга олдим.

- Суперлигада қайси ҳимоячилар ўйини кўпроқ манзур бўл­япти?

- Шерзод Аъза­-мов ва Игорь Голбан ўйинларидан кўп нарса ўрганиш мумкин. Улар билан тез-тез қўнғироқлашиб тураман.

- Ғолиб Ғайбуллаев ҳакамлардан тез-тез карточка оладиган футболчи...

- Бу йилги мавсумда 7 марта сариқ карточка олдим, аввалги мавсум ҳам шунча эди. Шукр, бу борада ўсиш йўқ. Насиб этса, келаси мавсум янада тартибли ҳаракатланаман.

- Яқинларингиз ҳам ўйинингизни бехато кузатиб боришса керак.

- Отам, опам ва укам ўйинни мириқиб кўришади. Аммо онам телевизор қаршисида ўтиролмайди. Айтишларича, ўйин вақти тез-тез «Нима бўл­япти, тинчликми?», - деб сўраб турар экан.

- Маошингиз ҳам кўпчиликни қизиқтиради?

- Нолимайман, бировдан ортиб ҳам кетганимиз йўқ, кам ҳам эмасмиз.

- Эшитишимизча, янги йилда ўйланар экансиз.

- Насиб этса, албатта. 2022 йил учун орзулар кўп.

- Ойбек Бозоров билан битта қишлоқдансиз...

- Шундай. Ойбек чиройли ўйинлари билан барчамизни қувонтиряпти. Унинг учун хурсандман, албатта. Камтар ва камсуқум йигит.

- Янги мавсум, янги режалар... Бошқа жамоалардан дўстларингиз ва шахсан сизга таклифлар тушаётгандир.

- 2022 йилги мавсум янада шиддатли ўтиши кутилмоқда. Ҳар ҳолда, Суперлигада кучли жамоалар сони тобора ошяпти. «Насаф» янги мавсумни ОЧЛ саралаш ўйинлари билан бошлайди. Режага кўра, янги йил арафасида тўпланиб, тайёргарлик жараёнига киришамиз. Таклифларга келсак, бу борада гапиришга ҳожат йўқ. Чунки ҳозирча «Насаф»дан кетишни ўйлаётганим йўқ. Шу жамоада ўйнаб, ризқ-рўз, ҳурмат-эътибор топ­япмиз. Қисқаси, «Насаф»га содиқмиз. Бу борада бош мураббийимиз Рўзиқул ака Бердиев бизга ибрат ва намуна.

- Вақт ажратганингиз учун раҳмат.

- Сизга ҳам.«ИнтерФутбол» - севимли нашр. Ҳар бир сонини ўқиб борамиз. Фурсатдан фойдаланиб, газета жамоаси ва мухлисларни 2022 йил билан самимий табриклайман. Янги йил барчамизга хотиржамлик ва омад келтирсин. Ғолибликка интилиб, ҳамиша ғолиб бўлаверайлик.

Ҳусан ТЕМИРОВ суҳбатлашди

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 08:42, 26.12.2021.
Ўқилди: 2409 марта.
Фикрлар: 17 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.