Кеча “Олд Траффорд“да мезбон “Манчестер Юнайтед“ клуби асоси португаллардан иборат “Вулверхэмптон“ни меҳмон қилди. Ростан ҳам жуда яхши меҳмондўстлик қилиб юборди, очиғи. Учрашув 1:0 ҳисобида меҳмонларнинг ғалабаси билан якунланди. Ваҳоланки, ўйин давомида “бўрилар“ бемалол 3-4 та гол уриб қўйиши мумкин эди. Бироқ Давид де Хеанинг фантастик сейвлари МЮчилар жонига оро кирди. Испаниялик посбон 82 дақиқа давомида дарвозасини дахлсиз сақлашга муваффақ бўлди. Лекин якунда ҳақиқат барибир ўз сўзини айтди. “Вулвз“ гол урди ва меҳмонда 3 очкони қўлга киритди. Ҳақли равишда.
Хўш, Бруну Лаже жамоаси ушбу баҳсда қандай қилиб ғалаба қозонди? Манчестерликларнинг ўйини қовушмаслигига унинг жамоаси сабабчи бўлдими?
Дастлаб “бўрилар“нинг майдонда олиб борган тактик ишланмаларига эътибор қаратамиз. Учрашув олдидан схемалар орқали меҳмонларнинг 5 ярим ҳимоячи билан ҳаракатланиши кўрсатилди. Семеду ва Марсал лотерал сифатида 2 позицияда ўйнаши маълум эди. Бироқ асосий эътибор барибир марказга қаратилганди. “Юнайтед“да эса яримҳимоячилар 4 нафар дея кўрсатилган бўлса-да, негадир Санчо ҳамда Гринвуд ортга қайтиб, марказни мустаҳкамлашда дангасалик қилишди. Бу эса “МЮ“ таянч зонасидагилар учун икки карра юк бўлди. Скотт ва Неманья ҳам боғловчи, ҳам бузувчи ролида ўйнашга мажбур бўлиб қолишди. Табиийки, улар буни эплай олишмади. Шу тариқа, марказ тўлиқлигича меҳмонларга топширилди. Бу тўп назорати ва зарбаларда яққол акс этди. Биринчи таймнинг ўзида “Вулверхэмптон“ салкам 60% тўп назоратига эгалик қилди, 14 зарба берди, 6 та бурчак зарбасини амалга оширди.
2-бўлимда ҳам вазият деярли ўзгармади. Фақатгина 70-дақиқага келиб, Рангник жамоаси узоғи 5 дақиқалик шиддатли босим уюштирди. Кейин яна аввалги ҳолатга қайтди.
Энг қизиғи, немис мутахассиси амалга оширган алмаштиришлар бўлди, биз учун. Дастлабкиси – Гринвуд ўрнига Фернандеш. Хўп, Фернандеш кераклиги аниқ кўриниб турганди. Унинг каби боғламларда ҳаракатланувчи футболчи зарур эди Манчестернинг қизил томонига. Бироқ нега Кавани эмас, Гринвуд ўрнига??? Фернандешни яна қанотга мажбурлаб жойлаштиришнинг нима кераги бор эди?
Иккинчи ўзгариш – Санчо аут, Рэшфорд ин. Яна марказ эътиборсиз қолди ва яна самарасизлиги аён бўлиб улгурган қанотларга урғу берилмоқда.
Учинчи ўзгариш – ҳимоячи Уан-Биссака олинди, ҳужумчи Эланга туширилди. Жамоа 3-3-4 ва ҳатто, 3-2-5га ўтди. Шусиз ҳам базўр ҳужумларга чап бераётган ҳимоячилар энди янада оғир аҳволга тушиб қолишди. Тўғри, натижа учун таваккал қилиш керак. Бироқ нега бундай кўринишда ва нега ғалаба учун эмас, дуранг учун таваккал қилиш керак?!
Рангникнинг юришларини кузата туриб беҳосдан ўзимизнинг “даҳо“ Вадим Абрамовимиз эсга тушиб кетди. Саудияга қарши баҳсда ҳеч ким кутмаган ва ҳамма нотўғри эканлигини англаб турган тактика билан жамоани бошлаб тушганди муҳтарам мураббийимиз. 1-таймдан сўнг бу қарор хато эканлиги исботини топиб улгурди ҳамки, бизнинг мураббий ҳалиям фикрида қатъий туриб, схемани ўзгартирмади. Якун қандай бўлганини эса сиз яхши биласиз.
Ральф ҳам кетма-кет ўйинларда ўз қарорида собит турганча, ўзгартиришга қўл урмаяпти. Бундан хулоса қиладиган бўлсак, ё у ростан биз билмайдиган нарсаларни англовчи даҳо ёки футболнинг оддий томонларини-да тушуна олмайдиган ожиз мураббий.
П.с. Айтганча, Абрамов юқоридаги ғалати қарорларидан сўнг кўп ўтмай истеъфога чиқарилганди. Балки Рангник ҳам...