Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Акмал Мозговой: «Ҳали ўз устимда кўп ишлашим керак»

Баҳо:
+ | -

Охирги йиллар катта футболда янги истеъдод, янги номлар кашф этилди. «Насаф»нинг марказий ярим ҳимоячиси Акмал Мозговой шундай топилмалардан биридир. Акмал билан суҳбатлашиш асносида ҳам унинг ўзига хос қирраларини кашф этдик.

- Акмал, ҳар бир йигит катта футболга турлича кириб келади...

- Ҳақиқат шуки, футбол сир-асрорларини мукаммал ўрганмасдан туриб, кўзланган мақсадга эришиш қийин. Баъзилар тезкор ва эпчил ёшларни  кўриб, «Аттанг, нега шу болаларни жамоага олишмайди?» -дея бош ирғашади. Аслида ёшликдан устоз кўрган футболчининг хатти-ҳаракати, тўп билан муомаласи бошқача бўлади.

- Демоқчисизки, иштиёқнинг ўзи кам, профессионал ёндашув ҳам керак.

- Шундай. Биз ҳам митти туманда болалар билан тўп ортидан югуриб, улғайганмиз. Қўшнимиз Дилшод ака Низомов кунлардан бирида тўхтатди: «Акмал, сенда футболчи учун зарур хислатлар борлигини сезяпман. Юр, Қаршига, «Динамо» клубига олиб бораман». Шунда қувончдан кўзим порлаб кетганди. У ерда мураббий Собир Ҳасановдан сабоқ олдим. Кейин «Геолог» стадионида ташкил этилган «Кичик бразил» жамоасида шуғулландим. 9 ёшда «Насаф» футбол мактабига ўтиб, Нурали Султонов ва Баҳодир Аннаматов қўл остида ўйнай бошладим. Мактабдаги тартиб-интизом ва талаблар ўлароқ, анча тобландим, масъулият нималигини тушундим. Ҳозирги даражага чиқишимда тажрибали мураббий Павел Кишнякиннинг ҳам ҳиссаси катта. Хуллас, устозларнинг ўгит-маслаҳатлари ва астойдил шуғулланганим аста-секин самара бермоқда.

- Илк марта «Насаф» таркибидан жой олишингиз ҳам ғайратингизни ошириб юборгандир...

-2015-2018 йиллар оралиғида «Насаф» ёшлар жамоасида тўп суришим истеъдодимни анча чархлади. Тажрибали мураббийлар - Муҳаммад Раҳимов ва Зафар Холмуродовнинг кўрсатмалари асосида тинимсиз ишладик. Шунинг ортидан катта футболга муаммосиз киришдим, менимча. 2019-2020 йилларда асосан захирадан майдонга тушдим. Мана, 2021 йилги мавсум анча самарали келиб, чемпионат доирасидаги 24та ўйинда қатнашдим, 2та гол урдим. Шунингдек, Ўзбекистон кубогида 6та, ОФК кубогида эса 7та ўйин ўтказдим. Муҳими, буларда 1та голга муаллифлик ва яна 2тасига ассистентлик қилдим. Умумий айтганда, охирги 3 йилда 95та ўйинда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 5 бора нишонга олдим, яна 6та самарали узатма йиғдим.

- Статистикага қарасак, якунланган мавсум «Насаф» сафида ҳаттоки, сербиялик Марко Станоевичдан ҳам кўпроқ ҳаракатландингиз. Лекин тажрибали амплуадошингизнинг самарадорлиги баландроқ - у Суперлигада 6та гол урди.

- Марко Станоевичдек кўпни кўрган футболчи билан рақобатлашиш учун ҳали кўп ишлашимиз керак. У ўйинни усталик билан бошқаради, шунингдек, стандарт вазиятларда дарвозани нишонга олишда беназир. Яна Баҳром Абдураҳимовнинг марказдаги ўйинлари ҳам таҳсинга лойиқ. «Пахтакор»га қарши кечган кубок финалида айнан унинг голи бизни ғалаба сари етаклади.

- Жиззахда «Сўғдиёна» билан бўлган ўйиндан сўнг 2та учрашувга дисквалификация қилиндингиз. Бунинг сабаби нима эди?

-Тўғриси, ўзим ҳам тушунмадим. Ҳакамлар қарорига қарши боролмайман. Ўйиндан сўнг келиб чиққан тартибсизликда мени айблашди. Ведеоёзувлардан чиқарилган хулосага кўра, 2та ўйинга четлатишди. Бу ҳам ўзига хос дарс, албатта. Ке­йинги учрашувларда янада тартибли ўйнашга интилдим, буёғига қизиққонликка берилмасликка ҳаракат қиламан.

- «Насаф» ўтган йили нисбатан кўпроқ ўйин­да мағлубиятга учради...

- Жамоамиз асо­сан ёшлардан иборат. Таркибда ёш йигитлар кўп, яна захирамиз ҳам анча тор эди. Хуллас, баъзи учрашувларда тажриба камлиги ва ҳимоядаги хатолар панд берди. Жумладан, ўзим ҳам камчиликларга йўл қўйдим баъзида. Асосийси, янада кўпроқ ишлаш кераклигини обдон англаб олдик.

- 2021 йил миллий жамоадан ҳам чақирув олдингиз.

- Вадим Абрамов бош мураббийлиги даврида Тожикистон термасига қарши кечган ўйинда дебют қилдим. Умуман, бош жамоамизнинг 6та ўртоқлик учрашувида иштирок этдим. Жумладан, Сречко Катанец ҳам Иордания ва Малайзия термалари билан баҳсларда имконият берди. Швециядаги учрашувни эса захира ўриндиғида кузатдим. Ўйлайманки, ҳаммаси ҳали олдинда.

- Абрамов ва Катанец ўртасида қандайдир фарқни илғадингизми?

- Биринчи кўзга ташланган жиҳат - Абрамов ҳар бир футболчи билан яқин муносабатда бўларди, Катанец эса аввало, тартиб-интизомга катта эътибор қаратмоқда.

- «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев-чи?

- Табиийки, ҳар бир мураббийда ўз қараши ва услуби бор. Очиғи, уларнинг фаолиятига баҳо беришим жоиз эмас. Фақат Рўзиқул ака вақтида кучли футболчи бўлганини, йигитлар кўнглига йўл топишда беназирлигини айтишим мумкин. Қисқаси, машғулотлар жараёнида яхши кайфият ҳукм суришини таъминлайди. Ҳаттоки, кўпинча бизларга қўшилиб, тўп тепади. Хатти-ҳаракати ҳали ҳам чакки эмас.

- Одатда бўш вақтни қандай ўтказасиз?

- Бўш вақтнинг ўзи йўқ. Муайян касб эгаси ўз устида қунт билан ишламаса, «қўли чиқиб кетади». Биз ҳам мудом тайёргарликка эътибор қаратмасак, ўйинимизни йўқотиб қўямиз. Тўғри, таътилни асосан оиламиз даврасида ўтказаман. Фантастик-дедектив ва комедияли фильмларни ёқтираман.

- 2022 йил мавсумидан нималар кутяпсиз?

- Янги мавсум янада мураккаб кечса керак. «Пахтакор», «Навбаҳор», «Бунёдкор», АГМК, «Сўғдиёна» клублари ҳаракати анча жиддий. Қолган жамоалар ҳам жим қараб тураётгани йўқ. Хуллас, Суперлигада кучсиз рақибнинг ўзи қолмади. Мақсадга келсак, асосийси - мухлисларни қувонтириш, албатта. Ўзим рақобатда жамоадошларимдан ортда қолмасликка ҳаракат қилиб, «На­саф»­нинг ютуқларига муносиб ҳисса қўшмоқчиман.

- 2022 йил барчамиз учун омадли бўлсин.

- Раҳмат. Йил баракотли келсин, жумладан, футболда ҳам.

Ҳусан ТЕМИРОВ суҳбатлашди

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 08:17, 06.01.2022.
Ўқилди: 3496 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.