Лондон клуби бош мураббийи вазифасини вақтинчалик адо этиб турган Роберто Ди Маттеонинг португалларнинг "Бенфика" клубига қарши чемпионлар Лигаси чорак финали дастлабки учрашуви олдидан айтишича, мавсум давомида таъқиб этаётган мушкулотларга қарамасдан, жамоа Лиссабонда муносиб ўйин намойиш этади.
— Рақибимиз қай йўсинда ўйнашини жуда яхши тасаввур қиламиз, — дея Ди Маттео сўзларини келтиради AFP. — "Бенфика" тактик нуқтаи назардан кучли тайёргарликка эга ва бутун ўйин давомида прессинг қўллайди. Клуб ихтиёрида ажойиб футболчилар — Оскар Кардосо, Пабло Аймар, Родриго бор. Биз сафар учрашувида пировардида уялишга мажбур бўлмаслик учун муносиб ўйин кўрсатишимиз, асосийси — майдонни голсиз тарк этмасдан, жавоб учрашувида устунликни мустаҳкамлашимиз керак. Ҳа, мавсум биз учун муваффақиятли кечаяпти, деб айтиб бўлмайди, лекин бу бизни кучсиз жамоа дейишга асос бўла олмайди, асло. Футболчиларимга ишонаман, ўйлашимча, улар ярим финалга чиқишни мендан-да кўпроқ исташмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугун "Бенфика" "Челси"ни ўз майдонида қабул қилади. "Да Луш" стадионидаги ўйин Тошкент вақти билан соат 23:45 да бошланажак.