Уммон олимпия терма жамоаси Сурияга қарши Лондон-2012 плей-офф саралаш ўйинида энг сўнгги дақиқада гол ўтказиб юбориб, дуранг билан кифояланишга мажбур бўлганди. Жамоа сардори Ҳуссайн ал-Ҳазрий мазкур ўйин ва Ўзбекистонга қарши бўлажак ўйин ҳақида www.the-afc.com сайтига ўз фикрларини билдирди.
“Сурияга қарши ўйин оғир ўтди. Биз ғалабага муносиб эдик, аммо ўз имкониятларимиздан фойдалана олмадик”, дейди Ҳазрий душанба кунги машғулотдан кейин.
“Дуранг натижадан жаҳлимиз чиқди, аммо таслим бўлмоқчи эмасмиз. Жамоадошларимнинг кайфияти яхши. Бу биз учун муҳим”.
“Ўзбекистон жуда кучли рақиб ҳисобланади. Биз улар билан икки марта ўртоқлик ўйинида майдонга тушганмиз. Улардан бири Ўзбекистонда ўтган ва биз унда дуранг натижага эришдик. Биз уларнинг футболчиларини ва ўйинини яхши биламиз. Шундай экан, Ўзбекистонга қарши ўйинга тайёр бўламиз ва ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни намойиш қилмоқчимиз”, дея фикрини давом эттирди Уммон сардори.
Сурия дарвозасига пенальтидан урилган гол Ҳуссайн Ал-Ҳазрийнинг Лондон-2012 саралаш босқичларидаги саккизинчи гол бўлди. У сардорлик вазифасига яқинда тайинланганди.
“Жамоага сардорлик қилаётганим учун ҳеч қандай босимни ҳис қилаётганим йўқ. Мен ҳамон Мансур ан-Наимийни жамоа сардори деб ҳисоблайман. Лекин мураббий мени сардор этиб тайинланганидан хурсандман. Мен жамоавий ўйинчи ҳисобланаман ва жамоага ўзимнинг энг яхши хислатларимни бериб, жамоадошларимдан ҳам шуни кутаман”, дейди 21 ёшли футболчи.