Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Борим ҳам, йўғим ҳам футбол

Баҳо:
+2 | -

Бугун Тошкент вақти билан 18:00 да Сурияга қарши Вьетнамда майдонга тушамиз. Сурия ўтган куни Уммон билан ўйнаб 1:1 ҳисобида дурранг натижага эришди. Бу ўйинда сўнгги дамгача, сўнгги сониягача жанг давом этди.

Уларнинг ўйинини собиқ гуруҳдошларимиз Австралия ва Ироқ ўйини билан солиштирдим. Тенг кучли жамоалар экан. Бу ёшдагиларнинг ўйини тенг кучли, тўғрироғи тенг кучсиз бўлар экан. Қанча вазиятни бой беришди ёки яхши вазиятни яратиб, ундан натижа чиқара олмай ўйнаган жамоалар тенг кучсиз бўлар эди. Биринчи турдаги Автралияга қарши майдонга тушган амирликларнинг ўйинини эсланг. Кучли ўйин бўлган эди. Шижоат баланд, истак баланд, маҳорат эса паст. Ҳар бирининг Лондонга бориш даъвоси тенг эди. Корейслар билан японлар ҳаммадан катта кучи билан, Малайзия эса умуман кучи йўқлиги билан бошқалардан ажралиб туришибди, қолганлар тенг. Ҳозир учта жамоа Лондонга тенг даъвогар.

Улардан бири биз. Биринчи турда чизиқларда мукаммал боғламга эришмай Ироқни Тошкентда ютдик. Биринчи турдан оҳирги тургача ярим йил ўтиб кетган бўлсада, Абрамов оптимал таркиб излади, қидирди ва топа олмади. Ҳалиям изланаяпти. Ваҳолангки, йигитларимиз бирга ўйнашмоқда. Бир қозонда қайнашмоқда. Дарвозабон ўрнини эгаллаб Осиёда қаҳрамон бўлган ўнг қанот ҳимоячимиз Холмуҳаммедов қайда экан? Ҳозир кунимиз Омоновга қолган. Козак янги қўшилганлардан. Ҳамон янги ғоя гулларини кўряпмиз. Мевасини қачон еймиз? Бахор ўтиб, кузда ҳосил йиғиш пайтида гуллаган олмани кўрганмисиз? Тахир мевасини егамисиз? Ҳозир бутун Ўзбекистлн ишқибозалри Лондонга борайлик деб, шундай таҳир футбол мевасини емоқдалар. Тўғри, бундай ҳосилда темир моддаси, дармон-дорилар кўп бўлиб, шираси паст бўлади. Бизнинг футболимизда ҳам шу аҳвол.

Бу ёшдагилар футбол ўйнаса туйғулари, ҳиссиёти ҳал қилувчи омил бўлиб қолади. Яъни бир бутун жамоа бўлиш учун йигитлар тиллашиб, диллашиб, ҳасратлашиб, дўстлашиб уришиб-ярашиб бир бирига мослашиб олиш керак. Шунда жамоада рухий бир бутунлик пайдо бўлади. Бу бутунликни учта ё тўртта ўзак ўйинчилар барпо қилишади. Майдондан ташқи хаётда йигитлар ичида ўсиб чиққан сарвар (лидер) майдонда сардорга - Жеррардга айланиши керак. Катталар йиллаб кўринмай юришсада, термада бир пастда чиқишиб кетишади. Ёшлар эмас. Умуман яни ўйинчилар, бир жамоада йиғилса, бунинг устига турли давлатдан келганлар бирга майдонга тушишса, катталарда ҳам бирданига бир бутун жамоани ойша ҳоламнинг катта ҳовлисидан топамиз. Бунга бугунги "Пахтакор", "Локомотив" ўйинлари мисол бўла олади.

Майдонда ОТЖ ўйинларида эпизодларни кўряпмиз. Етук жамоавий ўйинларни эмас. Қиличев, Мусаев, Ҳасановларнинг ўйини ўсди, жамоавий ўйин эса орқага кетиб бормоқда. Майдонда амирликларга қарши 2:0 ҳисобида олдинда бора туриб, қандай қилиб 5 дақиқада ҳисобниям, ўйинниям бой бердик. Узр, янглишдим. 90 дақиқа ҳисобдан қатъий назар ўйин ва майдон назорати амирликлар қўлида эди. Майдон назорати деганимда, тўп кимда бўлмасин, қаерда бўлмасин, ҳисоб қандай бўлмасин, 11 та футболчи ўзаро ҳамжиҳат ҳаракатланиб, ўйинни гоҳ рақиб, гоҳ ўз майдонида бир текис олиб боришига айтаман. Ҳужумда ҳимоялана туриб, ҳужумга шай бўла олишни ўйин назорати дейман. Ҳудди шундай сифатлар бизда йўқ эди. Мен бир бутун жамоани йигитларимиз ижросида кўрмаямпан. Аҳир мана 3 ойдирки бирга бўлишдику? Ёки жамоада руҳий иқлим ёмонми? Жамоада нима гап, нима сўз? Наҳотки Бобомуроднинг фантастик таҳминларида жон бор бўлса? Футболнинг жирканч чиқитлари, аҳлатлари, бу ерда ҳам топилса? Йўқ, бўлиши мумкин эмас.

ОТЖнинг марказий ўйинчилари ўз вазифасини бажара олмаяпти. Ҳужумда ҳуруж қилиб, ҳимояда ҳимояланиб билмаяпти. Рақиб ҳужумининг энди пайдо бўлган туҳумини эзғилаб, рақиб ҳужуми бошланишидаёқ уни ҳамжиҳатлик билан даф қилиб, гоҳ ўйин суръатини секинлатиб, гоҳ тўсатдан ўткир жавоб ҳужумини бошлаб ўйнашни исташмаса ё билишмаса, бу қандай гап бўлди. Абрамовнинг МТЖда эришган ютуқларини ҳам шубҳа сотига қўя бошладим. Абрамов термага келиб, ҳужумда ва ҳимоядаги муаммоларни енгаман деб кўп ишлар қилди. Биз ҳалигача ўзимиздан чиққан ҳужумкор ёш футболчи истъедодини бўғиб, тақдирини ғижимлаб келаяпмиз. Шихов, Азизов, Тожиев, Эркиновлар бунга мисол бўлишади. Болқондан ҳужумчилар келтиряпмиз. Шквирин давридан кейин бизда ҳужум бўғилган бўлса, Андрей Фёдoров давридан сўнг парчаланиб ётган эди. Абрамов бу борада маълум натижаларга эришди.

Лекин жамоанинг маркази Абрамовдан олдин шаклланган эди. Непомняший, Инилеев бу борада кўп ишлар қилишган. Терманинг бир эмас, тўртта ўйинчиси Жепаров, Кападзе, Хайдаров, Хасаоновлар Ривалдо ёнида замонавий футбол мактабидан сабоқ олишган эди. Марказни шакллантиришда Абрамов ҳисса қўшмаган. Шунинг учун бу борада тажрибаси йўқмиди дейман? Термага келаб, тайёр ошга баковул бўлдими дейман. Шунинг учун ОТЖни маркази бўшми? ОТЖни ҳозирги "Челси" га ўхшатаман. Алоҳида олсак айрим ўйинчиларнинг маҳорати ўсган. Лекин жамоа ўйини орқага кетган. Терма жамоадаги Тўхтахўжаевнинг ўйини бошқаю, ОТЖдаги Тўхтахўжаевнинг ўрни бошқа. Нима учун? Ёшлар билан ишлаш бошқаю, ички имконияти бўлсада маҳорати думбул бўлган ёшлар билан ишлаш бошқаю, маҳорати вояга етган, имкониятлари ойдин ошкор бўлган катталар билан ишлаш бошқача бўлар эканда. Қосимову Абрамовлар, Мусаеву Евстафеевлар бўла олмас эканда. Яна бир бошқа гап бор. Мусевлар бир жамоа билан доим ишласа, Абрамов йигитлар билан узуқ-юлуқ ишлайди. Маълум маънода сифатли ўйин усулини ўргатсаю, клуб мураббийи бу кўникмани бузиб турса, Абрамов ҳолига маймунлар йиғлайди. Кимлардир қўйнига тош йиғади.

Кеча "Шўртан"-"Навбаҳор" ўйинини кўрдиму, томошлабинлар завқига шерик бўлди. Ҳисоб 4:0 "Шўртан" фойдасига бўлди. Лекин гап бошқа ёқда. "Навбаҳор" сардори Асқаралиев четлатилди. Шунда "Реал"нинг "Виллареал" билан ўйини эсимга тушди. Ўзил четлатилган эди. Камтарин, меҳнаткаш Рамос ҳакамга ташланиб турди. Бошқаларни айтмай қўя қолайлик. Шу пайт жиккак, мағрур Моуриньо кўз олдимга келди. Мураббий феъл атвори сиёҳ босма қоғозга сингиб кетгандек, ўйинчилар ўйинига майдондаги руҳиятию ҳаракатига, ҳарактерига ўтиб қоларканда. ОТЖнинг оҳирги ўйинларидаги парокандалик илдизини Абрамов руҳиятидан излаганим маъқулми? Абрамов ўзига ишонч билан, доим интилувчан одам. Ҳаётни, футболни, рақибни тушунишда фақат ўз тажрибасига таянадиган инсон. Дўстга садоқати қандай, ўзи эмас, ўзга одамга елка тираши мумкинми? Мен эмас, у бор бўлсин, у яшнасин, у камол топсин дея оладими? Йигитларимизнинг майдондаги ҳаракатида ҳудди мана шундай ҳислатларни кўрмаяпман. Ҳамжиҳатлик, ҳамфикрлик, елкадошлик, ҳамнафаслик йўқ. Шерзод Каримов, ҳатто Қиличев тўпни олиб ҳарактдаги шерикларини сонияларда пассив ҳолатга тушириб, ўзи ўйнаши шундан далолат эмасми? Билмадим, бўлса бордир. Бу борада Абрамов йигитларга тўғри йўл кўрсата олармикин? Бир неча соатда кейин кўрамиз.

Спорт каналига тақлид қилиб, мен ҳам еврофутболдан кўплаб мисол келтираяпман. Узр сўрайман. "Реал" ўрнига Ўзбекистон футболини билгим келади. ТВда евро футболни кўраман. "ЖАР"да тирик футболни кўраман. Ўзбек футболини бошқа ҳеч қаерда кўра олмайман. ТВдаги репортажларимиз, футбол эмас, мени кечиринг. Бу- расвои радди-бало. Бутун Ўзбекистон ишқибозлари, шунингу чун менга ўхшаб Фергюссоннинг сақич чайнашини томоша қилаяпти. Абрамовичнинг айёр кўзларига тикилаяпти. Моуриньонинг такаббур қилиқларини санаяпти. Қосимовнинг кўзларига майдондаям, Твдаям тикила олмаймиз. "Реал"дан мисол келтириб Ўзбек футболини камситаётганлар мен эмас, бошқалар. Нестеров товушини термамиз чет элда ўйнаганда эшитаман. Бошқалар учун ҳам сизлардан кечирим сўраб, муҳтарам ўқувчим, Ғузорда буржларда (секторларда) ўтирган, қувониб, бақириб ўтирган ишқибозларга диққатинингизни тортмоқчиман. Бир неча соатдан кейин, Ғузордаги кечаги ишқибозлар билан ҳам ғойибона елкадош бўламан.

Бугунги ўйинимиз олдида катта ҳавотирдаман. Йигитларда ва мураббийларда катта рухий зўриқиш мавжуд. Абрамов қанча ҳаракат қилмасин, термага чегара қўймасин атрофдаги омма ва маъмурият томонидан катта рухий босим бор. Шуни йўқотса эди, бугун яхши ўйнаймиз. Тағин такрор айтмоқдаман ОАВ катта ҳисса қўшмоқда. Биг-бенни ваъда қилмоқда. Бундай эмас. Футбол бу бир ўйин ҳолос. Шу етиб келган кунимизга ҳам шукр. Плей-оффга биринчи марта чиқа одик. Осиёнинг футбол пешайвонига чиқдик. Камида иккита ўйинда жанг қилиш шавқига йигитлар мушарраф бўлишди. Ковентрида ўйнаш шарафига Оллоҳ муяссар қилсин. Мен ярим асрдан бери футбол ишқибозиман. Бугун менинг ниятим ҳам, истагим-у ишончим ҳам бир нарса. Биз бугун албатта ютамиз.

Ҳасанали отангиз.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 15:21, 27.03.2012.
Ўқилди: 9856 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.