Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Бекхэмнинг океанорти саргузаштлари

Баҳо:
+ | -

Дэвид Бекхэм - миллионлар ўйинида катта муваффақиятга эришган футбочи-бизнесменлардан бири. У АҚШда ўз клубига асос солган, ўзи асос солган хусусий холдинг орқали нафақат йирик брендлар билан реклама шартномалари имзолайди, балки инвестиция ҳам киритади. Ўтган йили Бекхэм барча даврлардаги энг катта даромад олувчи спортчилар рейтингида 12-ўринни эгаллади. Sportrico бизнес-нашри тузган рўйхат тадқиқотлар, Forbes ва бошқа медиа вакиллари маълумотлари, шунингдек, жаҳон футболидаги инсайдерлар билан суҳбат асосида шаклланган. Даромадни ҳисоблашда маошлар, мукофот пуллари, реклама шартномалари, лицензиядан тушган маблағлар, роялти ва бошқа манбалар инобатга олинган. Маълумотларга кўра, Бекхэм 1,05 млрд. доллар ишлаб топган. Демак, унинг футболчилик даври ва майдон ташқарисидаги ишлари жуда яхши кетмоқда.

Бекхэм фақатгина ўз исми эвазига кунига 50 минг фунт топади. Атирлар, косметика, соатлар, ички кийимлар - у аллақачон брендга айланган. Футболчилик фаолиятини якунлаганидан кейинги даврда Бекхэм жуда кўплаб шарт-номалар имзолади: Breitling, Armani ва Gillette билан ишлади. Maserati элчиси бўлди, Tudor соатлари ҳамда Bioderm Homme косметик бренди реклама кампанияларида қатнашди. Бундан ташқари, унинг ўз парфюмлар тизими, David Beckham Eyewear номли кўзойнаклар бренди бор.

Ўтган йилнинг қишида Бекхэм холдинги синтетик каннабиноидлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Cellular Goods компаниясининг улушини сотиб олди. Шу мақсадда 250 минг фунт пул ажратиш эвазига 5 фоизли улуш ва директорлар кенгашидаги икки ўринга эга бўлди.

Бекхэм ЖЧ-2022 элчисига айланди, қўшимчасига, кейинги 10 йил мобайнида Қатар номини бутун дунё бўйлаб ёйиш бўйича келишув имзолади. ОАВ маълумотларига кўра, шартномада яхшигина сумма қайд этилган - 150 млн. фунт. Бироқ Бекхэмнинг Қатар билан ҳамкорлик ўрнатишини ҳамма ҳам ижобий қабул қилмади - гап яна инсон ҳуқуқлари поймол бўлиши ва бошқа масалаларга бориб тақалди. Ҳаттоки, «Халқаро амнистия» (Amnesty International) ташкилоти ҳам эътирози борлигини яширмади, лекин Бекхэм сиёсий мавзуда фикр билдиришга ошиқмади. У бор эътиборини спортга қаратди - ноябрда «Формула-1» мусобақаларини кузатиш учун борди, жаҳон чемпионати бошланишидан аввал ташкил этилган тескари саноқни йўлга қўйиш маросимида қатнашди, хоҳловчилар билан суратга тушди.

***

Дэвид ўз клубига асос солиш учун жуда катта йўлни босиб ўтди, ваҳоланки, АҚШда жамоа ташкил этиш қарорини «ПСЖ»даги фаолиятини якунлаши ҳамоно қабул қилганди: «Шанба куни Парижда бутсаларимни михга илганим ойдинлашди, - дейди Дэвид, - якшанбада эса Майамига парвоз қилдим ва жамоани айнан шу ерда тузмоқчилигимни билдирдим».

Кейинги тўрт йил ичида Бекхэмнинг клуби ҳақидаги гап-сўзлар тинчиб қолди: баъзан ОАВда муайян муаммолар вужудга келгани, оқибатда ишларнинг режадагидек кетмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шу вақт мобайнида Дэвид бюрократик жараёнга йўлиқди (Майами раҳбарияти стадион қуриш учун ер ажратишни бир неча марта рад этди), фаоллардан бири уни судга берди, бизнес-шеригини йўқотди, ном туфайли «Интер» билан судлашди.

«Ростини айтсам, шунчаки, жамоа тузилаётгани ҳақида хабар бериб, бир йилдан сўнг лигадаги иштирокни бошлаймиз, деб ўйлагандим - АҚШда футболни қайта тирилтириш жараёни кечаётгани сабаб барчаси осонгина амалга ошишини кутгандим, - дейди Бекхэм. - Аммо ўтган олти йил мобайнида кўплаб хатоларга йўл қўйилди. Тасаввур қилинг, хорижликлардан бири Лондонга келиб, «Оҳ! Букингем саройига қўшни ҳудудда ажойиб ер майдони бор экан, келинглар, шу ерга стадион қурамиз», деса, буни қандай қабул қиласиз? Биз айнан шундай ҳолатга тушиб қолдик».

Жамоа тузиш ҳақидаги эълондан унинг МЛСдаги дебютигача бўлган давр 7 йилга чўзилди, шу вақт мобайнида Бекхэм бир неча бор таслим бўлишга тайёр эди, лекин ҳар сафар ўзини қўлга олди - унинг айтишича, барчасига ҳамкорлар сабабчи бўлишган. «Интер Майами» 2020 йилнинг мартидан буён МЛСда қатнашиб келмоқда: клуб дебют мавсумида Шарқий конференциядаги 14 клуб орасида 10-ўринни эгаллади, умумий ҳисобда 19-поғонани банд этди, ўтган мавсумни эса мос равишда 11 ва 20-ўринларда якунлади.

Майдондаги қийинчиликларга лигадаги муаммолар ҳам қўшилди - МЛС маошларнинг йирик миқдори ҳамда таркибни шакллантириш қоидалари бузилгани сабабли Бекхэмнинг клубига рекорд даражадаги 2 млн. доллар миқдорида жарима жазоси қўллади. Шунингдек, бошқарувчи хўжайин Хорхе Маса ҳам жабр кўрди - ундан 250 минг доллар ундирилди. Лига ярим ҳимоячи Блез Матюиди билан шартнома имзоланиши, унинг лига маошлар бюджети ва таркибни шакллантириш тартибига мослиги бўйича текширув ўтказди. Футболчи билан келишув тузилганда, лигадаги бир футболчи учун маошларнинг энг йирик миқдори 612 минг долларни ташкил этгани кўпчиликни ажаблантирди - Блез «Юве»да бундан бир неча маротаба кўпроқ ишлаб топарди. Матюидини эса маоши лимитдан юқори бўладиган юлдузларни сотиб олиш учун ишлатиш мумкин бўлган даромад манбаи - мақсадли воситалар (Target Allocation Money) эвазига харид қилинганди. Ўша йили ТАМ 2,8 млн. долларни, бир ўйинчи учун максимум 1,6 млн. долларни ташкил этганди.

Текширувлар тартиббузарлик борлигини кўрсатди, чунки Матюиди одатий шартномадан ташқари маркетинг келишуви ҳам имзолаган. Шу тариқа унинг даромади ортган. Айни турдаги битимлар МЛС билан келишган ҳолда тузилиши керак, лекин «Интер Майами» бундай қилмаган.

Бундан ташқари, «муайян футболчи» (айнан ўша - маоши юқори бўлган суперюлдуз) қоидасига асосан, клублар уч нафардан кўп бўлмаган ўйинчи билан шартнома имзолашлари мумкин. Лига текширувлари «Интер» мазкур позицияга беш нафар футболчи олганини аниқлади, бу ҳам жиддий қоидабузарлик ҳисобланади. Мазкур ҳолатда айрим футболчиларнинг маошлари камайтирилган, бу эса рақобат бузилиши саналади.

Клуб барча қоидабузарликларни тан олди ва муаммоларни ҳал қилишда МЛС билан яқин ҳамкорлик ўрнатганини таъкидлади. «Биз бошқарув тизимимизда сезиларли ўзгаришларни амалга оширдик, - дейиларди «Интер Майами» баёнотида. - Клубимизнинг мақсадлари улкан, бу борада интилишларимиз жиддий. Фикримизча, биздаги фан-база, бозор ва раҳбарлар гуруҳи Шимолий Американинг жаҳондаги энг машҳур жамоаси бўлишимизга сабабдир. Жамоани қўллаб-қувватлашга, барчамиз фахрланадиган таркибни шакллантиришга ҳаракат қиляпмиз».

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, келгуси йиллар давомида клубга осон бўлмайди: йирик жарима жазоси жамоани нав­батдаги икки йил учун мақсадли воситалардан айиради. Шундай экан, юлдузларни таклиф этиш янада қийинлашади.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:00, 01.02.2022.
Ўқилди: 1423 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.