«Поханг Стилерз» бош мураббийи Хван Сун-Хун «Аделаида Юнайтед»га қарши ОЧЛ гуруҳ босқичи 3-тур учрашувидан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашаркан, жамоаси жуда яхши ўйин кўрсатганини қайд этиб ўтди. Бу ҳақда ОФК расмий сайти хабар бермоқда.
«Поханг» – «Аделаида» учрашуви 1:0 ҳисобида мезбонлар ғалабаси билан якунига етди. Гуруҳнинг иккинчи учрашувида «Бунёдкор» сафарда «Гамба Осака»га 1:3 ҳисобида мағлуб бўлган.
«Биз ўз олдимизга қўйган мақсадга эришганимиздан хурсандман. Жамоа бугун жуда яхши ўйин кўрсатди», деди кореялик мутахассис.
«Бугун яхши натижага эришдик, чунки уч очко эгасига айландик. Учрашув давомида турли ўйин услубларидан фойдаландик, чунки «Аделаида»да кучли ҳимоя чизиғи борлигидан хабардор эдик. Шунинг учун ҳам мен шогирдларимга узун тўп узатишлар билан бирга, қисқа тўп оширишлар билан ҳам ўйнаш ҳақида кўрсатма бергандим», деди Хван Сун-Хун.
«Тўғри, ҳали жамоанинг ўйини мукаммал эмас. Аммо вақт ўтиши билан биз ўзимиз хоҳлагандек ўйин кўрсата оламиз. Апрель Кей-лиганинг аксарият жамоалари каби биз учун ҳам қийин, айниқса, сафар ўйинларида. Бироқ, шунга қарамай биз кейинги ўйинларда ўз мақсадимиз йўлида ҳаракат қиламиз», дея қўшимча қилди «Поханг Стилерз» бош мураббийи Хван Сун-Хун.