Кириш Регистрация
05/07 06:00 Аргентина 1-1 Эквадор
05/07 21:00 Испания - Германия
06/07 00:00 Португалия - Франция
06/07 06:00 Венесуэла - Канада
06/07 21:00 Англия - Швейцария
07/07 00:00 Нидерландия - Туркия

АПЛда ойнинг энг яхши ўйинчиси номига лойиқ кўрилган дарвозабонлар ким эканини биласизми?

Баҳо:
+ | -

"Манчестер Юнайтед" посбони Давид Де Хеа Англияда ўтган ойнинг энг яхши футболчиси дея эътироф этилганидан хабарингиз бор. Умуман олганда, тарих ушбу совринни асосан ва кўп ҳолларда ҳужум вакиллари ютганидан гувоҳлик беради. Бироқ, саноқли дарвозабонлар ҳам энг яхшилар қаторида қайд этилган. Уларнинг ким эканини қуйида билиб олишингиз мумкин бўлади.

Дэвид Симен – "Арсенал" (1995)

Лондоннинг "Арсенал" клуби посбони Англия Премьер-лигасининг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этилган дастлабки кипер эди. У 1995 йилнинг апрель ойида бу номга лойиқ топилади. Ўшанда Симен ўз жамоасининг бир ойда учта кетма-кет ғалабасига катта ёрдам берган. Бу эса "Арсенал"ни АПЛда қолишига туртки беради.

Тим Флауэрс – "Блэкберн" (1997, 2000)

Флауерс АПЛда икки бор ой ўйинчисига айланган ягона дарвозабон эди. У 1994-95 йилги мавсумда "Блекберн Роверс"ни чемпионлик шоҳсупасига етаклашда жонбозлик кўрсатади. Клуб кейинги мавсумда барқарорлик борасида муаммоларга дуч кела бошлайди. Шунга қарамай, Флауерс 1997 йилнинг январь ойида учта ўйинни қуруқ ўтказиб, ой футболчисига айланади. У, шунингдек, 2000 йилнинг сентябрь ойида ҳам бу номга сазовар бўлган. Ўша пайтда Тим "Лестер Сити" шарафини ҳимоя қилаётган эди. Унинг жамоаси, "тулкилар" 2000-01 йилги мавсумни омадли бошлаган, саккизта турдан кейин турнир жадвалида пешқадам бўлган.

Алекс Маннингер – "Арсенал" (1998)

Ушбу соврин Алексга кутилмаганда насиб этади. Дарвозабон беш мавсум давомида "Арсенал" сафида заҳира посбони бўлиб келади. У 1997-98 йилги мавсумда Дэвид Сименнинг жароҳати сабаб, майдонга туширилади. 1998 йилнинг март ойида учта ўйинни қуруқ ўтказган Маннингер, АПЛда ой футболчиси деб топилади. У мавсумни жами 6 та қуруқ ўйин билан якунлашга муваффақ бўлади.

Пол Робинсон – "Лидс" (2000)

Пол Робинсон ўша йили "Лидс"га эндигина олиб келинган эди. Аммо у жамоага тезлик билан мослашиб кета олган. Дарвозабон 2000 йилнинг ноябрь ойида энг яхши футболчисига айланади. Пол ўшанда ой якунигача атиги битта учрашувни голсиз якунлайди. Аммо унинг кўрсатган фантастик ўйини ҳаммани ҳайрон қолдиради. Инглиз посбони мавсум давомида 24 та баҳсда иштирок этади. "Лидс" эса мавсум сўнгида ЕЧЛда ярим финалгача етиб боради.

Петр Чех – "Челси" (2007)

Чех АПЛ тарихидаги энг яхши дарвозабонлардан бири эканини яхши биласиз. 2007 йил эса чехиялик учун омадли бошланади. У бир ойда тўртта ўйинни, "Ман Сити", "Портсмут", "Шеффилд" ҳамда "Уотфорд" билан учрашувни голсиз якунлаб, ўзини кўрсатади. Турнир мутасаддилари эса, уни ой футболчиси сифатида эътироф этишади. Қолаверса, Петр Чех ҳали ҳам АПЛнинг энг кўп қуруқ ўйин ўтказган (202 та) дарвозабони саналади.

Марк Шварцер – "Фулхэм" (2010)

Шварцер Лондон клуби сафига 2008 йилда, "Мидлсбро"дан эркин агент сифатида келиб қўшилади. У беш мавсумни ушбу жамоада ўтказган. Бу давр мобайнида эса 218 та ўйинда иштирок этган. Шварцер 2010 йилнинг февраль ойида АПЛда энг зўр футболчи сифатида тан олинади. Чунки у ой давомида бешта ўйин ўтказиб, ундан тўрттасида дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қола олганди. Шунингдек, 2009-2010 йилги мавсумда "Фулхэм" айнан Маркнинг ишончли ўйинлари орқали Европа лигасига йўл олган. Жамоа ҳатто турнир финалигача етиб бориб, экстра таймда "Атлетико"га имкониятни бой беради.

Тим Крул – "Ньюкасл" (2013)

Айни дамда "Норвич" сафида ҳаракат қилаётган дарвозабон, "Ньюкасл"нинг қаҳрамонларидан биридир. У 2013 йилнинг ноябрь ойида "қарғалар" билан фантастик ўйин намойиш этади. Ўша ойда "Ньюкасл" кетма-кет тўртта ўйинни ютган, уларнинг ҳеч бирида гол ўтказиб юбормаган эди. Шунингдек, жамоа тўртта баҳснинг иккитасида "Челси" ҳамда "Тоттенхэм" каби гигантларни таслим этади. "Шпорлар"га қарши 14 та сейв ижро этган Крул, ойнинг энг зўр футболчиси дея эътироф этилади.

Фрейзер Форстер – "Саутгемптон" (2016)

Форстер, дастлаб, 2015-2016 йилги мавсумда 708 дақиқа давомида гол ўтказиб юбормай, клуб рекордчисига айланади. У 2016 йилнинг февраль ойида 3 та ўйинни қуруқ якунлаган. Бу натижа "Арсенал", "Свонси" ҳамда "Вест Хэм"га қарши баҳсларда қўлга киритилади. Шундан сўнг, инглиз посбони ойнинг энг яхши футболчиси деб топилади. Ўша йили клуб мавсумни олтинчи ўринда, 63 очко билан тугатган. Бу эса "авлиёлар"нинг АПЛ тарихидаги энг зўр натижасидир.

Давид Де Хеа – "МЮ" (2022)

Де Хеа ушбу рўйхатга тўққизинчи дарвозабон сифатида киритилди. Чунки унинг январь ойида кўрсатган ўйини ўта кучли эди. Испания терма жамоаси аъзоси ой давомида 22 та жиддий сейв ижро этди. Унинг ҳаракатлари сабаб "қизил иблислар" "Брентфорд" ҳамда "Вест Хэм"га қарши баҳсда кетма-кет ғалаба қозона олган эди. Шундай қилиб, Де Хеа ўз номини тарихга яна бир бор мухрлаб қўя олди.

 


инглиз тилидан Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси

Манба: futaa.com
Киритилди: 21:10, 10.02.2022.
Ўқилди: 1820 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.