Эроннинг "Истиқлол" клуби билан шартнома имзолаган Азизбек Омонов Ўзбекистон футбол ассоциациясига берган интервьюсида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
"Эроннинг "Истиқлол" клуби менга қизиқиш билдириб, "Локомотив" билан музокара олиб бораётганидан хабарим бор эди. Кейинчалик музокара муваффақиятли якунланганини айтишди ва Эрон томон йўл олдим. Мени бу ерда илиқ кутиб олишди. Илк таассуротлари жуда ҳам яхши. Ушбу жамоада ўсишни ва юксалишни истайман. Клубим билан совринларни қўлга киритиб, жамоа тарихига киришни хоҳлайман.
Ўзбекистон терма жамоаси сафида Дубайдаги йиғинда иштирок этдим. Коронавирус туфайли битта ўйинимиз бекор қилинганини инобатга олмаганда, йиғин терма жамоага чақирилган барча футболчилар учну фойдали бўлди деб ўйлайман. Бу йиғин орқали спорт формамизни яхшилаб олдик", — деди Омонов.
Маълумот ўрнида. "Transfermarkt" Омоновнинг трансфер нархини 550 минг еврога баҳолаган.