Кириш Регистрация

Легионерларимиз: Еврокубок олдидан «дубль»

Баҳо:
+ | -

Эрон.

Эрон чемпионати 17-туридан ўрин олган «Истиқлол» — «Зоб-Оҳан» ўйини 1:0 ҳисобида якунланди. Яқинда Теҳрон жамоаси сафига қўшилган ҳамюртимиз Азиз Амонов захирадан майдонга тушди. У қўшимча дақиқаларда голлари ҳисобини очиши ҳам ҳеч гап эмасди, бироқ икки рақибни алдаб ўтган ҳолда йўллаган зарбасини «Зоб-Оҳан» кипери сеҳрли тарзда бартараф этди. Амонов деб­ютидан олдин ЎФА матбуот хизматига қисқача интервью бериб, Эрон клубида яхши кутиб олинганини алоҳида таъкидлади: «Истиқлол» билан музокара кетаётгани ҳақида эшитгандим. Якунда барчаси муваффақиятли якунланди. Клубда мени илиқ кутиб олишди. Худо хоҳласа, ўз устимда ишлаб, ўсишга эришаман. Эрон чемпиони бўлиб, жамоа тарихига киришни истайман. Терма жамоага келсак, Дубай йиғин яхши ўтди. Коронавирус туфайли ўртоқлик ўйинлари камроқ ташкил этилган бўлса-да, йиғинга чақирилган ҳар бир футболчи спорт формасини яхши даражада ушлаб турди». Маълумот учун, 24 ёшли ҳам­юртимиз «Истиқлол» билан 2,5 йиллик шарт­нома тузди.

Италия.

Calciomercato нашри ёзда «Рома» таркибида катта ўзгаришлар бўлишини тахмин қилмоқда. Жумладан, Элдор Шомуродовнинг «бўрилар» билан хайрлашиши эҳтимоли катта эмиш. «Рома» натижаларига келсак, римликлар ўтган ҳафта аввалига Италия кубоги 1|4 финалида «Интер»га 0:2  ҳисобида ютқазишди, кейин «А» серия 25-тури доирасида «Сассуоло» меҳмони бўлиб, 90}4-дақиқада урилган гол эвазига мағлубиятдан қутулиб қолишди - 2:2. Шомуродов кубок баҳсида майдонга тушмади, кейингисида эса фақат 69-дақиқадан эътиборан ҳаракатланди.

С.Арабистони.

Жалолиддин Машарипов «Ал-Наср»нинг «Ал-Иттиҳод» майдонидаги ўйинида ҳам сафга захирадан қўшилди (80-дақиқада). Саудия Премьер-лигаси 20-тури доирасидаги мазкур баҳс мезбон жамоанинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Қатар.

«Ал-Сайлия» Юлдузлар лигаси 18-турида «Ал-Райян» билан куч синашиб, муроса кўчасида тўхтади - 1:1. Жамоа голига Ўзбекистон термаси ярим ҳимоячиси Достон Ҳамдамов ассистентлик қилди. Умуман, ҳам­юртимиз «Сайлия»нинг бошланғич таркибидан жой олиб, 80-дақиқагача майдонда бўлди.

Қозоғистон.

Жасур Жалолиддинов «Қайрат» футболчиси сифатида таништирилди. «Жасур жамоамизда ижара келишуви асосида ўйнайди. Бизда уни тўлиқ харид қилиш ҳуқуқи ҳам бор. Шартнома 2022 йилги мавсум якунига қадар мўлжалланган. Хуш келибсан, Жалолиддинов», - дейилди «Қайрат» матбуот хизмати хабарида. Ҳамюртимиз Қозоғистон клубидаги дебютини Босния ва Герцеговина чемпиони - «Борац»га қарши кечган ўртоқлик учрашувида нишонлади. Аниқроғи, Жасур иккинчи бўлимда тўлиқ вақт ҳаракатланди. Якунда «Қайрат» 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Жалолиддинов шунингдек, 12 февраль куни «Навбаҳор» билан баҳсда ҳам майдонга тушди.

Молдова.

«Шериф» Европа Лигаси доирасида «Брага»га қарши кечадиган ўйин олдидан «Динамо-Авто» клуби билан назорат ўйинида баҳслашиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Диққатга сазовор томони, жамоанинг 2та голига ҳам Жасур Яхшибоев муаллифлик қилди. Эслатма, «Шериф» - «Брага» ўйини 17 февралга белгиланган.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:13, 15.02.2022.
Ўқилди: 3057 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.