Барчангизга маълум, бугун тунда Европа чемпионлар лигасининг 1/8 финал босқичи доирасида ПСЖ - "Реал Мадрид" учрашуви бўлиб ўтади. Биз мазкур ўйин олдидан айни дамда пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ўқув-йиғин машғулотларини олиб бораётган "Турон"нинг асосий таркиб футболчиларининг фикрлари билан қизиқдик.
Вадим Барнич, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий: - "Анчадан буён бу икки клуб ўртасидаги ўйинларни кўра олмадим. Ҳозирда парижликлар таркибида Месси, Неймар, Мбаппе каби кучли ижрочилар бор. Тахминимча, кейинги босқичга ПСЖ чиқса керак".
Азизхон Исомиддинов, ёрдамчи мураббий: - "Фикримча, бу учрашувда ПСЖ ғалабага эришади. Айни дамда таркиб борасида парижликлар устун. Лекин шуни унутмаслик керак, "Реал Мадрид" клубида ЕЧЛнинг катта тажрибаси бор. Улар ушбу мусобақада жами 13 бор ғалаба қозонишган. Жуда қизиқарли ўйин бўлишига шубҳа йўқ. Бугун ПСЖ ғалабага эришса ҳам Мадриддаги жавоб ўйинида қандай натижа қайд этилишини олдиндан айтиш жуда қийин".
Нозимжон Саматов, маъмур: - "Бугунги ўйинда катта эҳтимол билан ПСЖ ғалабага эришади. Жавоб ўйини натижаси ҳақида бугун хулоса қилиш мумкин. Барибир, кейинги босқичга парижликлар ўтишига шубҳа қилмаяпман".
Мирзоҳид Жалилов, жамоа дарвозабони: - "Бугунги рақиблар ЕЧЛда анча эрта тўқнаш келиб қолишди. Тахминимча, кейинги босқичга ПСЖ чиқади. Икки ўйин натижасига кўра "Реал Мадрид" мусобақани тарк этиши катта эҳтимол, чунки айни дамда парижликлар таркиб борасида устунроқ".
Исмоилжон Охунжонов, жамоа ҳимоячиси: - "Бугунги ўйинда ПСЖ ғалабасини тахмин қилаяпман. Жавоб учрашувида ҳам катта эҳтимол билан парижликлар ғалаба қозонишади ва "Реал Мадрид" мусобақани тарк этади".
Сиёвуш Хабибуллоев, жамоа легионери: - Мен аввалдан "Реал" Мадридга мухлислик қиламан. Мадридликлар 13 бора ЕЧЛни ютишган ва уларда бу борада улкан тажриба бор. Ҳар икки ўйинда ҳам "Реал Мадрид"га мухлислик қиламан".
Саидафзалхон Аҳроров: - "Бугунги ўйинда катта эҳтимол билан ПСЖ ғалаба қозонади. Ҳозирги кунда парижликлар таркибида жуда кучли футболчилар бор. Жавоб ўйинида ҳам ПСЖ ғалаба қозонса керак".
"Турон" матбуот хизмати