“Арсенал” чемпионликдан аллақачон умидини узган бўлса-да, ушбу ўйин бевосита айнан шу мазмундаги саволнинг жавобини бирмунча осонлаштириши турган гап эди. Яхшигина тақвимга эга бўлган “Юнайтед”нинг 30 апрелда бўлиб ўтадиган дербига қадар очко йўқотиши мумкинлигига ишониш қийин. Уларни узоққа қўйиб юбормаслик ва апрел охиригача интригани сақлаб қолиш учун эса, Манчини шогирдлари ўта қийин ўйинларни ўз фойдаларига ҳал қилишлари талаб этиларди.
Албатта, “Арсенал”ни ҳам ғалабадан бошқаси қониқтирмасди. Биринчидан бу футбол, иккинчидан, пастроқдан икки Лондон клуби қувиб келмоқда. Бунинг устига, учинчи ўриннинг ҳам тўртинчидан фарқи катта. Август ойидан бошлаб, ЕЧЛ плей-оффида қатнашиш кимга ҳам ёқарди?
Хуллас, ўйин кимсан Яҳе Туренинг жароҳати билан бошланганининг ўзиёқ, шиддатдан башорат қилаётганди. Африкалик ярим ҳимоячини йўқотган, бунинг устига Сильвасиз ҳаракат қилаётган “Сити” учун марказни эгаллаш имконсиз бўлиб қолди. “Арсенал” ярим ҳимоячилари Росицки, Бенаюн, Артета, Сонг каби футболчилар айнан яратувчанлик қобилияти билан танилганлар. Қайсидир дақиқага келиб, ҳатто тўпни эгаллаб туриш фоизи 82-18 “Арсенал” фойдасига эди. Аммо бу устунлик чинакамига хавфли вазиятлар яратишга етарли бўлмади. Биринчи таймда фақат бир маротаба мезбонлар ҳақиқий хавфли вазият яратдилар. Робин ван Персининг боши билан зарбаси дарвоза чизиғида пайдон бўлган шериги Вермаленга тегиб қайтди.
Иккинчи таймда меҳмонлар бироз фаоллашдилар. Балки айнан мана шу “очилиш” “Арсанал”га кўпроқ қўл келгандир. Аввалига ван Персининг зарбаси устунга тегиб қайтди. Кейин эса, Харт ва Лескотт муъжизавий тарзда дарвоза дахлсизлигини таъминладилар. Аввал Уолкотт, кейин Росицкида тўп киритиш имконияти бўлганди. Мезбонлар гол уриш етарли ҳақ қозонган бўлишса-да, ягона гол оддий эпизоддан сўнг, киритилди. Ҳимоячилар тўпни кўнгилдагидек узоқлаштира олмадилар, тўпни эгаллаб олган Микел Артета жарима майдонига кириб ўтирмасдан, Харт дарвозаси пастки бурчагини нишонга олди – 1:0. Августдаги трансферни қоралаб, футболчини юқори савиясига шубҳа қилганларга “Барселона” тарбияланувчиси муносиб жавоб қайтарди. Албатта, гап фақат бу голда эмас.
“Сити” вазиятни ўнглашга ишониш қийин эди. Жамоа бутун бирликдек ҳаракат қила олмаётганди. Бу тасаввурга голдан сўнг дарҳол ўйингоҳни тарк этаётган “шаҳарлик” мухлислар, байрамни бошлаб юборган “тўпчилар”, уларнинг фонида қизил карточка олаётган Балотелли асос бўла оларди. Аслида агар ҳакам Штарк ёки Майк Жонс бўлганда, у биринчи таймдаёқ Сонгга ишлатган қўполлиги учун қизил карточка олиши мумкин эди.
Қолган дақиқалар Коларовнинг жарима зарбаси ва Рэмзининг яқин масофадан дарворзани ишғол қила олмагани билан ёдда қолди. Рэмзининг зарбасидан сўнг, қайсидир машҳур инсон енгил тин олган бўлса, ажаб эмас. Эшитганмисиз, йўқми, айтишларича, Рэмзи гол урган ҳафтада албатта қайсидир машҳур инсон оламдан ўтармиш. Хазил, албатта.
Энди Манчестернинг икки клуби ўртасидаги фарқ саккиз очкога етди. Агар ўзаро ўйингача бу фарқ сақланиб қоладиган бўлса, ўша ўйин турнир жадвалига деярли таъсир ўтказмаса керак.
АРСЕНАЛ МАНЧЕСТЕР СИТИ 1:0 (0:0)
Гол: Артета (87).
АРСЕНАЛ: Шченсни, Санья, Косьельни, Вермален, Гиббс (Андре Сантос, 56), Артета, Росицки, Бенаюн (Рэмзи, 79), А.Сонг, Уолкотт (Окслейд-Чемберлен, 85), ван Перси.
МАНЧЕСТЕР СИТИ: Жо Ҳарт, Сабалета, Компани, Лескотт, Клиши, Яя Туре (Писарро, 17), Бэрри, Насри (Коларов, 79), Милнер, Агуэро (Тевес, 84), Балотелли.
Огоҳлантиришлар: Яя Туре (2), Балотелли (38), Милнер (56), Андре Сантос (60), Косьельни (68), Сабалета (90).
Четлатиш: Балотелли (90).
Бош ҳакам: Мартин Аткинсон.
8 апрель. Лондон. «Эмирейтс». 60.096 томошабин