Ўзбек футболи ихлосмандлари орзиқиб кутган Суперлига баҳсларига ҳам старт берилди. Мавсум аввалида аксарият клубларнинг таркибни янада кучайтиришгани чемпионатга бўлган қизиқишни оширмоқда. Аммо юртимизда шундай жамоа бор: қишки ва ёзги трансферлар ойнасида айтарли шов-шув кўтармайди, аммо доимо етакчилар сафида юради. Сезганингиздек, бу - Қаршининг «Насаф» жамоаси. Бу гал «Насаф» етакчиларидан бири, «Пахтакор»даги бир йиллик фаолиятидан сўнг қадрдон клубига қайтган Шароф Муҳиддиновни суҳбатга тортдик.
- Суҳбатимизни янги мавсум тараддуди қандай кечгани, қишки йиғин ва ўтказилган ўртоқлик ўйинларидаги рақиблар савияси ҳақидаги фикрларингиз билан бошласак.
- Мавсумга кўтаринки кайфиятда тайёрландик. Биласиз, яқинда Туркияда ўқув-йиғини ўтказиб, бир қатор ўртоқлик учрашувларида майдонга тушдик. Рақиб сифатида яхши савиядаги клублар танланди, десам адашмайман. Бу каби рақибларга қарши ўйинларда жамоангизнинг тайёргарлиги қандай ҳолатда эканлигини билиб олса бўлади. Ўйлайманки, мавсумга кўнгилдагидек тайёргарлик кўрдик.
- «Насаф» мавсумни кетма-кет яхши савиядаги жамоаларга қарши учрашувлар билан бошлайди, ушбу рақибларнинг барчасида янги бош мураббийлар иш бошлашган. Нима деб ўйлайсиз, ушбу масала рақибни ўрганишда қийинчилик туғдирмайдими?
- Ўйлашимча, йўқ. Боиси, ҳар қайси мураббий клубда ишлаб турган механизмни бирданига йўққа чиқаролмайди. Табиийки, бунинг учун вақт керак. Очиғи, рақиблар қанчалик ўзгаришди, бунисини чемпионат кўрсатади. Футбол шуниси билан қизиқ.
- Сўнгги кунларда «Насаф» лагеридан яхши янгиликлар эшитяпмиз. Хусусан, ҳомийлар масаласида. Демак, шунга яраша эътибор ҳамда натижага бўлган талаб ҳам ўзгарса керак?
- Ҳа, албатта. Жамоамизда талаблар ҳар доим юқори бўлган, чунки бу ерда деярли ҳар бир киши совринлар учун курашишга тайёр.
- Шу ўринда «Пахтакор»дан кетиш ва яна айнан «Насаф»га қайтишингиз сабабларини ўзингиздан эшитсак. Қолаверса, «Пахтакор»даги фаолиятингиз давомида ўзингиз учун қандай хулосалар чиқардингиз?
- «Пахтакор»дан етарли ўйин амалиётига эга бўлмаганим учун кетдим ва қадрдон жамоамга қайтдим. Аммо шунга қарамай, пойтахт клубидаги фаолиятим кўнгилсиз кечди, дея олмайман. Сабаби, мен ҳам ҳар бир футболчи сингари чемпионликни орзу қилардим. Ўтган йили эса шу мақсадимга эришдим. Бу мен учун жуда яхши янгилик бўлди.
- Демак, «Пахтакор»даги фаолиятингиздан қайсидир маънода кўнглингиз тўлди, шундайми? Айтинг-чи, Питер Хюистра қўл остида ўзингиз учун асқотадиган ниманидир кашф қила олдингизми?
- Шундай десам ҳам бўлади. Менимча, футболчи ҳар бир мураббийдан ўзига яраша яхши нарсаларни ўзлаштириб олиши мумкин. Мисол учун, Хюистра қўл остида жамоа олдинга бораётган пайт ҳужум якунланмай қолса, ўша заҳоти тўпни рақибдан олиб қўйишга интилиш муҳимлигини тушундим.
- Бир қарашда, «Пахтакор»даги фаолиятингиз яхши бошлангандек эди, бироқ кейинчалик вазият ўзгариб кетди. Бунинг сабаби нимада, деб ўйлайсиз?
- Тўғри, бошида барчаси кўнгилдагидек кетаётганди аммо иккинчи даврага яқинлашаётганимизда, жамоага янги футболчилар келишди ва бош мураббий жамоа ўйин услубига тактик жиҳатдан бироз ўзгаришлар киритди. Натижада, кўпроқ вақтим захирада ўта бошлади.
- Айтинг-чи, нима учун «Насаф»нинг аксарият яхши ижрочилари жамоадан кетишса, фақатгина «Пахтакор»ни танлашмоқда? Ёки юртимизнинг бош-қа етакчи жамоалари сафига ўтиш ортга ташланган қадам сифатида кўриладими?
- Вазиятга холисона ёндашишни сўраган бўлардим. Биласиз, «Пахтакор» ўзига хос тарих ва совринларга эга жамоа. Ўзингиз ўйланг, қайсики футболчининг жамоаси билан тузган шартномаси тугаган бўлса, янги келишувга эришолмаётган пайт юртимизнинг энг кучли жамоаларидан бири бўлган «Пахтакор»дан таклиф тушса, кимга ёқмайди? Ўз навбатида, «Насаф»дан кетгач, «Пахтакор»дан бошқа жамоа сафига қўшилиш ортга ташланган қадам сифатида кўрилмаслиги керак, деб ўйлайман. Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб қарор чиқариш ҳар бир футболчининг ўзига боғлиқ.
- Суперлиганинг илк ўйинида жамоангиз Наманганда «Навбаҳор»га қарши ўйин ўтказади. Бу вазиятни мен мухлис сифатида «суперстарт» дея баҳолаган бўлардим. Хўш, сиз қандай фикрдасиз?
- Албатта, фикрингизга қўшиламан. Илк турда «Навбаҳор» билан кечадиган баҳс жуда қизиқарли тарзда кечади, деган умиддаман.
- «Насаф»нинг ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқиши «Сўғдиёна» учун ОФК кубогига йўл очиб беради. Акс ҳолда... Айтинг-чи, жамоанинг халқаро майдондаги мақсади қандай?
- Мақсад - фақат Чемпионлар Лигаси! ОЧЛда ўйнаш футболчи учун жуда яхши трамплин вазифасини ўтайди ва бу каби ўйинлардаги иштирок футболчининг миллионлар ўйинига бўлган меҳрини икки ҳисса оширади. ОЧЛдаги савия ОФК кубоги ҳамда Суперлигамиз билан солиштирганда, анча юқори. Саралашдаги рақибимиз ўтиб бўлмас тўсиқ эмас. Насиб қилса, бизда ОЧЛ гуруҳ баҳсларига йўлланма олиш имкони бўлади.
- «Насаф»ни кўпинча Европа «Аякс»ига қиёслашади. Шундай бўлса, Рўзиқул Бердиевни қайси машҳур мураббийга ўхшатиш мумкин?
- Жозе Моуриньога.
- Мағлубиятга учраган пайтлар, умуман, оғир дамларда кимга суянасиз?
- Футболда кўнгилсиз натижалар барчада кузатилади, камчиликлар таҳлил қилинади. Оғир дамларда эса кўпроқ оиламга суянаман.
Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди