Бугун Лондонда бўлиб ўтадиган ярим финал учрашуви олдидан, ҳар икки жамоаинг устунликлари ҳақида таҳлилий кузатишларни ҳавола қиламиз.
"ЧЕЛСИ"
МОТИВАЦИЯ
“Челси” Англия чемпионатини деярли ютқазиб қўйди ва ҳатто ЕЧЛ йўлланмасини берувчи ўриндан ҳам қуруқ қолиши ҳеч гап эмас. “Челси” каби доимо юқори мақсадлар қўядиган клуб учун бу таназзулдан бошқа нарса эмас ва бунинг олдини олиш фақат ва фақат еврокубокдаги ғалабалар билан бўлади. Жамоанинг финалга чиқиши “Челси” нуфузини футбол оммаси ва Абрамович олдида қутқариб қолиши мумкин.
МАСЪУЛИЯТ
Яқинда “Челси”да ўзига хос револьюция бўлди. Бунинг асосий сабабчилари эса – Дрогба, Лемпард, Чех, Терри, Эссьен ва Малуда. Айнан мана шу футболчилар Виллаш Боашни “қабул қилмадилар”, ўзаро низо чиқди ва Абрамович бунга аралашишга мажбур бўлди. Якуний қарор эса футболчилар фойдасига янгради. Ўз ўзидан ветеран футболчилар бунга жавоб тарзида жамоа натижаларини бўйниларига олдилар. Сўнгги ўйинларда майдонга асосан мана шу футболчиларнинг тушаётганининг ўзиёқ, кўрсатяптики, улар масълиятни ҳаммадан кўра кўпроқ хис қилмоқдалар.
ТАЖРИБА
Бундай ўйинларда тажриба муҳим аҳамият касб этади ва бу борада “Челси”нинг имкониятини юқори баҳолаш мумкин. Бугунги ўйин тақдирини айрим эпизодларгина ҳал қилиши мумкин. Эпизодларда эса тажриба катта ўрин эгаллайди. Санаб ўтилган футболчиларнинг сўнгги ўйинлардаги ҳаракатларини эслаб кўринг.
ҚАСОС
Ҳали ҳам уч йил олдинги ўйин, Баллак ва Дрогбанинг ҳолати кўз олдимизда турибди. Ўша ярим финалда норвегиялик ҳакам Эвребе “Челси”дан ғалабани тортиб олганди. Ўша ўйин иштирокчиларининг аксарияти бугун ҳам таркибдалар ва майдонга тушадилар.
КУЧ
“Челси” рақибидан кўра юқори физик кучга эга ва агар тўғри тактика танланса, бу ҳам мезбонларга катта устунлик беради. Шунингдек, “Барселона”даги “юқори қават қироли” Ҳерард Пикенинг майдонга тушиши ҳамон сўроқ остида турибди.
“БАРСЕЛОНА”
ИШОНЧ
Каталонияликларнинг ўзларига ишончи ўта юқори даражада ва бу ҳар доим хотиржамликни сақлаган ҳолда керакли натижага эришишда қўл келмоқда. Ҳар бир футболчи керакли пайтда ташаббусни ўз қўлига олиши мумкин ва айни пайтда асосий хавф кимдан ва қай тарзда келишини таҳмин қилиш қийин.
МЕССИ
Месси ўйинларни, турнирларни бир ўзи ютиш потенциалига эга. Унга қарши доимо эътибор талаб қилинади, у ҳар қандай хатони кечириб ўтирмайди, дарров жазолайди. Мессига эътиборсиз қолиш - мағлубият, ҳаддан зиёд эътибор қаратиш эса, “Барса”нинг бошқа ўйинчиларига эркинлик беради.
УСЛУБ
“Барселона” услуби айнан инглиз жамоалари учун жуда ноқулай. Премъер лигада бундай ўйнашмайди. “Суонси” буни ўзлаштиришга ҳаракат қиляпти, лекин бу умуман бошқа савия. Инглиз ярим ҳимоячилари узоқ вақт тўпсиз қолишдан асабийлаша бошлайдилар ва узоқ вақт тўпсиз югуриб юришга кучлари етмай қолиши мумкин. Оддий мисол, “Атлетик”нинг “МЮ” устидан ғалабаларини эсланг.
ПРЕССИНГ
“Барселона”нинг яна бир устунликларидан бири, тўп йўқотилган пайтдаги тезкор ва қаттиқ прессингдир. Жамоа ҳимоядан ҳужумга, ҳужумдан ҳимояга жуда тез ўтади ва бу рақиб ярим ҳимоячиларига ноқулайлик туғдиради. Жамоа киритадиган голларининг жуда кўп қисмини айнан рақиб майдонида тўпни олиб қўйиш орқали киритади. “Челси” футболчиларининг ҳаммаси ҳам юксак индивидуал маҳоратга эга эмаслигини ҳисобга олсак, рақибнинг қаттиқ прессинги анча “бошоғриғи” бўлиши мумкин.
ЭПЧИЛЛИК
“Челси” таркибида Девид Луиз майдонга тушмайди. У “Челси” ҳимоячидаги энг тезкор ва чаққон ҳисобланади. Унинг ўрнига эса Ҳари Кэйхилл тушиши кутилмоқда. Бу эса муаммо туғдириши мумкин. “Барселона” ортиқча қўполликлар учун жазолай оладиган жамоадир.