Дерби атамаси кенг тушунилади. Футбол оламида эса ушбу ном кўплаб одамлар мавсум давомида сабрсизлик билан кутадиган воқеадир. У одатда бир шаҳар ёки мамлакатнинг тенг кучли жамоалари ўртасида ўтказилади. Биласизми, дербида томонлар фақат футбол ўйнамайди. Улар номус, шараф ва ғурур учун ҳам кураш олиб боради. Улар мухлислар ишончи учун ҳам жангга киради! Қуйида эса жаҳон футболидаги энг савияли ва муросасиз курашга бой бўлган қарама-қаршиликлар ҳақида сўзлаб берамиз.
«Эл-класико» – Испания
Ушбу тўқнашув доимо машҳур бўлган. «Реал» ҳамда «Барселона» ўйини дунёни иккига бўлади. Ҳархолда, Месси ва Роналду даврида шундай эди.
«Derbi della Madonnina» – Италия
Ушбу кураш Милан шаҳрининг машҳур жамоалари бўлган «Интер» ҳамда «Милан» баҳси ҳисобланади.
«Шимолий-Ғарб дербиси» – Англия
Англия футболининг энг катта рақибларидан бири бўлган «МЮ» ва «Ливерпуль» ўйини тарихий воқеаларга доимо бой бўлган.
«Манчестер Дербиси» – Англия
Ушбу қарама-қаршилик ҳам Англияда машҳур. Аммо бу бир шаҳар жамоалари орасидаги рақобат сабаб юзага келган. Гап ким ҳақида кетаётганини тушундингиз.
«Derby d'Italia» – Италия
Италияда энг томошабоп баҳслардан бири сифатида «Ювентус» ҳамда «Милан» қарама-қаршилиги эътироф этилади. Ҳақиқатдан ҳам ушбу жамоалар доимо йирик совринлар учун ҳаракат қилган. Шу сабабдан уларнинг тўқнашувини кўриш жуда ҳам қизиқ.
«Der Klassiker» – Германия
Кўплар ушбу учрашувни Немис класикоси деб ҳам аташади. Ҳақиқатдан ҳам шундай. «Бавария» ҳамда «Боруссия Д» орасидаги рақобат классик жанглардан биридир.
«Шимолий Лондон дербиси» – Англия
Лондон қайси рангда – оқми ёки қизил?
Ушбу савол қачонки, «Арсенал» ҳамда «Тоттенхэм» тўқнашса, янграй бошлайди. Бу эса кўп нарсалардан далолат беради. Дунёдаги энг муросасиз рақиблар жуфлигидан бири шубҳасиз улардир.
«El Derby Madrileño» – Испания
Ушбу тўқнашув фақат пойтахтликлар учун. «Атлетико» ўзини «Реал»дан устун эканини исботлаш учун доимо унда бир йилда камида иккита имкон бўлади.
«Мерсисайд дербиси» – Англия
Ушбу жуфликлар орасидаги ўйин «дўстлик дербиси» деб ҳам аталади. Чунки бу ерда ҳеч қандай сиёсий, ижтимоий ёки ирқий фарқлар мавжуд эмас(Факт: ушбу дерби тарихдаги энг кўп қизилларга дучор бўлган).
«Old Firm Derby» – Шотландия
Ушбу баҳс мамлакат тарихидаги энг муваффақиятли жамоалар бўлмиш «Селтик» ҳамда «Рейнжерс» тўқнашувини англатади. Бу ўйин сабаб тарихда қурбонлар ҳам берилган.
«Superclàsico» – Аргентина
Дунёда кўплаб инсонларни қизиқишини уйғотган рақобатлардан бири бу «Бока Хуниорс» ҳамда «Ривер Плейт» ўйини эди. Мамлакатнинг энг савияли жамоалари тўқнашуви доимо қизғин кечган.
«O Clàssico» – Португалия
Шубҳасиз, мамлакат миқёсидаги тўқнашув сифатида «Порту» ҳамда «Бенфика» ўйини эътироф этилади. Мос равишда ушбу жамоалар Португалиянинг энг катта шаҳарлари бўлмиш Лиссабон ҳамда Портуда жойлашган.
«Paulista Derby» – Бразилия
Ушбу баҳс Бразилиядаги энг катта қарама-қаршилик сифатида қаралади. Бунда бир шаҳарнинг икки клуби бўлган «Палмейрас» ҳамда «Коринтианс» ўзаро баҳс бойлашади.
«Derby della Capitale» (Рим дербиси) – Италия
Ушбу дербида ҳам тарих қонли тўқнашувларга гувоҳ бўлган. Шаҳарнинг икки жамоаси бўлган «Лацио» ҳамда «Рома» клублари шонли тақдири ҳар икки томоннинг ютуқларига тўлган. 1920 йиллардан буён ушбу жуфлик Рим учун курашиб келади.
ИСМАТОВ Ж.