Бугун чемпионлик баҳсини кутманг. Ишончим комил, бугун "Реал" айнан шу вазифани бажаришга ҳаракат қилади. Бу саволнинг янграганига анча бўлса-да, тўлақонли жавоб олингани йўқ. Балки, икки йил олдинги “Интер”да имконият кўпроқ бўлгандир, балки Гус Хиддинк ўшанда йўлини топгандир, лекин бугунги “Барселона” бу бошқа “Барселона”! Қайси маънода?
Кўпчиликни ҳайрат солган “Барселона” услуби эскириб боряпти. Жуда кўп мутахассислар, мураббийлар бу услубни ўрганишяпти, шу тизим асосида жамоалар шаклланяпти, такомиллашяпти. “Атлетик”, “Суонси”, “Рома” каби жамоалар ўйинини кузатсангиз, буни пайқаш қийин эмас. Хўш, бу яхшими ёки ёмон? Юқорида санаб ўтилган жамоалардан фарқли равишда, “Барселона” совринларни ҳам ютишга мажбур. Юқоридаги санаб ўтилган жамоалардан фарқли равишда, “Барселона”га қаттиқроқ қаршилик қиладилар, тайёргарлик кўрадилар. Юқоридаги жамоалар ҳар доим ютишга маҳкум эмаслар, керак бўлганда, бу услубдан фойдаланиб, ғалаба қозонишлари мумкин холос. Тасаввур қилинг, бир йилда 50 жамоа “Барселона”нинг қандай ўйнашини билган ҳолда майдонга тушади ва деярли бир хил услубда қаршилик кўрсатади. Табиий равишда, ҳозирда дунё футболида урфга айланган услубнинг мукаммалини намойиш қилиш билан бирга, ғалаба ҳам қозониб бориш осон эмас. Иккинчидан, янги Хави, янги Пуйолларни қидириб топиш, уларнинг ҳақиқатан ҳам янги Хави ёки янги Пуйолга айланиш жараёнини тўлиқ назорат қилиш осон эмас. Нима қилиш керак?
Пеп Гвардиола тўғри йўлдан борди. Ушбу мавсумда жамоа жуда кўп схемаларни, таркибларни синовдан ўтказиб боргани қимматли очколардан маҳрум қилган бўлса-да, хато эмас. Пеп – мураббий, у ўз жамоасининг ўйинига маҳлиё бўлган ҳолда, яна совринларга ҳаракат қилиш қайсидир паллада “тешик тоғора” билан қолдириши мумкинлигини яхши билади. Йўқ, мен фақат таркибдаги ротациялар ёки янги футболчиларга имкон беришни айтмаяпман. Мен Исаак Куэнка ҳақида гапиряпман. У бугунги “Барселона” услубига мос бўлмаган футболчи. Лекин доимий равишда, айниқса, ўйинда бурилиши ясаш керак бўлган нозик паллаларда ҳам, ҳатто Хавининг ўрнига туширилаётгани ва баъзида бу самара бераётганининг ўзиёқ кўп нарсадан далолат. Гвардиола жамоа ҳужумига ранг-баранглик олиб кириш ниятида. Куэнка ҳақиқий қанот ўйинчиси, унинг жарима майдонига узатмалари “Барселона”нинг “стандарт” ҳужумларидан буткул фарқ қилади. Бу биринчидан.
Иккинчидан, юқорида айтганимдек, ўша бир пайтлар, “Барселона” услуби ҳақиқатан ҳам осмон саналганда, буни фақат ва фақат “Барселона” амалга ошира оладиган вақтларда уларни тўхтатиб қолиш осонроқ эди. Бироз парадоксал тушунча, лекин менимча, барибир жамоавий ўйинни тўхтатиб қолиш бирмунча қулайроқ. Ҳар қанча жипслашган, тайёрланган бўлмасин, барибир жамоавий ўйинда узилишлар юзага келиши табиий. Бундан баъзида фойдаланиб қолса бўларди. Ҳозирчи?
“Барселона”нинг бугунги услуби дунё бўйлаб тарқалаётган бўлса-да, “Барселона”нинг ўзида бу эскириб боряпти. Лекин барибир “Барселона”даги ижрочилар юксак савияда, катта индивидуал маҳоратда қолаверадилар. Илгари бир нечта индивидуалларнинг устига қурилган жамоавий футбол эди, энди эса, жамоавий футбол асосига қурилган бир нечта индивидуалларни кўрмоқдамиз. Асосан Месси! Олдин, у ҳар доим жамоавий ўйинга асосланарди, қандайдир узоқ комбинациянинг бир ячейкаси бўлиш Месси учун муҳимроқ эди. Ҳозир у кўпроқ вазиятни ўз қулига олишга ҳаракат қилмоқда. Бу Мессининг ўзгарганидан ёки индивидуал маҳорати ўсганидан ёки фақат Пепнинг кўрсатмасидан келиб чиқмаган. Бу “Барселона” услубининг эскириб бораётганидан далолат. Албатта, ҳужум эпизодларида ва прессингда, тўпни назорат қилишда жамоа ҳали ҳам ўша пойдеворда ўйнамоқда, лекин айнан якунловчи паллаларда кўпроқ импровизация ва индивидуализм кўпайиб бормоқда. Сиз “Барселона”нинг (ёки Мессининг) ушбу мавсумдаги ва ўтган мавсумдаги голларини бир томоша қилинг, бунга етарлича амин бўласиз, деб ўйлайман.
Бу ерда асосий нуқта шундаки, одатда, жамоавий юксалишларда асосий қаҳрамон ўша жамоа билан бирга юксалиб боради ва биргаликда пастлайди. Лекин Месси анча эрта жаҳон юлдузига айланди ва ҳали ўсишда давом этмоқда. Балки, балки эмас шубҳасиз, “Барселона” ғояси ушбу мавсум пасайди. Балки атайлаб, балки табиий равишда. Айнан Мессининг ўсишдан тўхтамаётганлиги туфайли, жамоа ҳали ҳам кучлилигича, нафақат кучли, балки дунёнинг энг яхши жамоасилигича қолмоқда. Тўғри, бироз ўтлаб кетдик.
Аслида гап, бугунги “Барселона”ни тўхтатиб қолиш қийинроқлигида эди-а? Узун масофада “Реал” улоқни олиб кетди. Аслида “Реал” ўтган йиллардан кўра кучлироқ ўйнади, деб ўйламайман. Ҳа, январда мадридликлар супер эди, лекин умуман олганда катта фарқ йўқ. Мавсумни “Барселона” ютқазди. Аммо қисқа масофада, яъни алоҳида ўйинларда энди “Барселона”га қарши тайёрланиш жуда қийин. Чунки бугунги “Барса” алоҳида ўйинда янада хавфлироқ. Бугунги “Барса” ўша олдинги элементлардан фойдаланиб ҳимояланади, прессинг қилади, тўпни назорат қилади, лекин ҳужумни ривожлантиришга келганда, Мессига таянмоқда. Хўш, Мессини тўхтатиш йўли борми? Ҳа, қайсидир ўйинларда тўхтатишган. Ҳа, масалан “Челси” ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқди. Лекин, биласизми, “Челси” ўйинга тўғри тактика танлагани учун эмас, айнан ўша қандайдир тактикани бажара олганлиги учун ютди. Чунки ўша “Челси” танлаган тактка ҳам бир нечта хавфли вазиятларга тўсқин бўла олмади. “Барселона” ура олмади, “Челси” ура олди. Яъни лондонликлар тактика ва стратегия туфайли эмас, айнан футбол ўйнаш орқали, майдондаги жараёнлар туфайли ютдилар. “Бажара олиш” бу ўйиндан олдин ҳал қилинмайди, “бажара олиш” бу айнан майдонда бўладиган жараён. Бу ҳақида ҳеч нарса билмаймиз-ку, тўғрими?
Масалан, дунёнинг яна бир энг яхши ўйинчиси Роналдуни тўхтатиб қолишнинг бир қанча қоидалари бор. Тезлик олишига йўл бермайсиз, зарбага зона очмайсиз, доимо иккинчи ҳимоячи “страховка”да бўлади – тамом! Йўқ, Роналдуни барибир тўхтата олмасликлари мумкин, лекин ким унга қарши ўйнаса мана шу кўрсатмаларни бажаради ва баъзан уддалайди. Энди, Мессигачи? Мессининг кейинги қадами ҳақида ҳатто ўзи ҳам билмайди кўпинча, бир нечта футболчининг ташланиши эса, унга айни муддао...
Жамоани тўхтатишдан кўра, Мессига қаршилик қилишнинг қийинроқлиги ҳақидаги гаплар, балки бироз кулгили туюлаётгандир сизга. Лекин бизнинг ҳолатимизда, “Барселона”нинг Мессидан бошқа футболчилари барибир “маэстролигича” қолмоқдалар. Айтайлик, биз Ди Натале ёки ван Персини тўхтатиш ҳақида гаплашмаяпмиз, тўғрими? Мен бу футболчиларни ерга урмаяпман, аксинча, бу футболчиларсиз қоладиган “Удинезе” ёки “Арсенал” бугунги “Барселона”дан анча кучсиз.
Демак, “Барселона”ни қандай енгиш мумкин? Месси асосий фигура бўлса-да, эътиборни Мессининг ўзига қаратиш албатта хавфли. Испания кубоги ярим финалидаги “Реал” кўрсатган ўйин сўнгги уч йилда “Барселона”га қарши намойиш этилган энг ажойиб футбол эди. Лекин, бугунги “Реал” айниқса, ҳужум ташкил қилишда яхшигина муаммоларни бошдан кечирмоқдаки, кўп вазиятларда Роналдунинг индивидуал маҳорати очколарни олиб келди. Игуаин ва Ди Мария яхши спорт формасида эмас, Кака майдонга кам туширилмоқда. Жаҳон чемпионатида Парагвай терма жамоасининг Испанияга қарши ўйини эсингиздами? Майдоннинг ҳар бир бурчагида прессинг, жуда катта физик кучни сарф қилиш ва тажовузкорлик орқали Испания билан тенгма тенг ўйнай олгандилар. Аммо бу услубни амалга ошириш учун улкан жисмоний асос керак бўлади. Бунинг устига “Реал”ни дуранг ҳам қониқтиради ва ЕЧЛ олдидан бутун борлиғини ушбу ўйинга ташлашига ишониш қийин.
Жозенинг катта стратег эканидан келиб чиқиб, таҳмин қилиш мумкинки, “Барселона”га қарши ўзини кўрсатиб қўйиш умидида, тўпни, назоратни, ҳужумкорликни ўз қўлига олишга ҳаракат қилишига ишониш қийин. Имкон қадар ўйин суръатини пасайтиришга ва имкон қадар ўйинда турли узилишлар, танаффуслар пайдо қилишга ҳаракат қилинади. Темпнинг тезлашишига йўл қўйилмайди. Мессини тўп билан тезлашишига йўл қўйилмайди, унга қарши фақат рўпарадан “подкат” ташлаш орқали ҳужум қилинади. Ҳа, Эл классико, ҳа чиройли футбол. Сиз буни кутишингиз табиий. Аммо айнан бугунги ўйинда танланадиган ҳар қандай тактика Моуриньони уялишига сабаб бўлмайди. Чунки, уч кунга ҳам Испания чемпионлиги, ҳам ЕЧЛ ярим финали тикилганини жуда яхши билиб туришибди. Асосийси мана шу вазифани бажариш.
Барибир сарлавҳадаги саволга жавоб бермадим, менимча. Мақсадим ҳам шу эди, ушбу саволнинг жавобсиз эканини таъкидлаш ва барчасини майдондаги эпизодлар ҳал қилишини тушунтириш. Кўрамиз.
Қаҳрамон Асланов