Ўтган пайшанба Буюк Британия санкцияга учраган россиялик ишбилармонлар рўйхатини эълон қилди ва ундан «Челси» хўжайини Роман Абрамович ҳам жой олди. Шундай бўлишини аввалдан билган бизнесмен клубни сотиш ҳаракатига тушганди. 4 миллиард фунт эвазига эгаликни топширишини билдириб, потенциал харидорлар ҳам топди - музокараларга киришган Швейцария-Америка консорциуми камроқ сумма таклиф этди. Якунда келишув амалга ошмай қолди.
Бирлашган Қироллик қонунлари санкцияларга учраган шахсларнинг ўз активларини амалга оширишларига йўл қўймайди. Шу боис, пайшанба кунги хабарлар нафақат Абрамовични, балки «Челси»ни ҳам зарба остига қўяди. Олигарх клубни сотишга улгурмади, «кўклар»нинг ҳисоб-рақами эса музлатилди. Хўш, бу нимани англатади?
Қисқача айтганда, энди «Челси»нинг «оёқ-қўли боғланган»:
- клубни сотиш имконсиз;
- ҳар қандай трансферларни амалга ошириш имконсиз;
- ҳозир жамоада ўйнаётган футболчилар билан янги шарт-нома имзолаш имконсиз;
- хусусий маҳсулотларни сотиш имконсиз - барча расмий дўконлар иши тўхтаган;
- ўйинларга чипта сотиш имконсиз. «Стэмфорд Бридж»га фақат йиллик абонемент соҳиблари киришлари мумкин, сафарга ҳам мухлислар боришмайди.
Клубга нима қилиш мумкин?
Табиийки, «Челси» йўқ бўлиб кетмайди. Лондонликларнинг кейинги ўйинлари хавф остида эмас. Лекин Буюк Британия Чемпионлар Лигаси ва Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида мамлакат шаънини муносиб ҳимоя қилаётган энг кучли клубларидан бирининг ҳаётини оғирлаштирди. Ҳукумат томонидан «Челси»га тақдим этилган махсус лицензияда клубга нима қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги яққол кўрсатилган. The Times мухбири Мартин Циглер ҳужжатнинг истиснолар қайд этилган бандларини ошкор қилди. Хусусан, унда қуйидагилар бор:
- клуб барча ходимларга - футболчилардан тортиб, фаррошларгача, маош ва мукофот пулларини тўлиқ тўлаши мумкин;
- уй учрашувлари пайти хавфсизлик масалалари ва озиқ-овқатга пул ажратиш мумкин, лекин кунлик умумий сумма 500 минг фунтдан ошмаслиги керак;
- клубга алоқадор бўлмаган ташкилотлар «Челси» маҳсулотларини сотиш билан шуғулланиши мумкин. Яъни, катта эҳтимолки, онлайн-дўкон ишлайди - ташқи компанияларидан бири унинг оператори бўлади;
- энг қизиқ банд - транспорт харажатлари. Клуб сафар учрашувларига етиб бориш учун 20 минг фунтдан ортиқ сарфлай олмайди. Айнан шу жиҳатдан «Челси» кўпроқ қийинчиликларга учраши мумкин - гап Чемпионлар Лигасидаги сафар ўйини ҳақида бораркан, белгиланган суммага мослашишнинг имкони бормикан?
Вазиятдан қандай чиқиш мумкин?
«Челси»ни сотиш имконияти ҳамон мавжуд, аммо бунинг учун мамлакат ҳукуматининг алоҳида рухсати керак бўлади. Бир жиҳатдан, «кўклар» бугуннинг ўзида хусусий клуб мақомидан мосуволар ва вақтинчалик Бирлашган Қироллик бошқарувига ўтишган. Айнан шу Қироллик «кўклар» келажагини белгилайди, бироқ The Times манбасининг маълум қилишича, Абрамович «Челси» сотувидан сариқ чақа ҳам олмайди.
Эҳтимол, олигарх буни тушунган, лекин барибир, клубни кичикроқ суммага бўлсада сотишга шошган. The Athletic нашрининг футбол молияси бўйича мутахассиси Мэтт Слэйтер бу борада шундай ёзди: «Raine Group (Абрамович томонидан музокараларда қатнашиш учун ёлланган фирма) ихтиёрида камида битта яхшигина таклиф бор эди. Эҳтимол, бундан ҳам кўпроқдир. Агар келиша олганларида, «Челси»ни дарҳол сотишарди».
Уч ҳафта аввал «Челси» клуб бошқарувини хайрия фондига топширган, аммо у орқали сотувни амалга ошириш ҳам имконсиз - бу активлар Абрамовичники, унинг ҳисоби ҳам «музлатилган». Энди барчаси ҳукуматга боғлиқ, бу эса «Челси» мухлисларига ёқмаслиги турган гап.
Лондоннинг «Челси» клуби Ромелу Лукаку трансфери учун тўланиши керак бўлган маблағнинг ҳали катта қисмини тўламаган. Англия нашрларининг ёзишича, «аристократлар» Лукаку учун «Интер»га тўланиши керак бўлган 113 млн. евродан 71 млн. евросини ҳали тўлашмаган. Эслатиб ўтамиз, бельгиялик футболчи ўтган ёзда «Интер»ни тарк этиб, «Челси» сафига қўшилганди.
«ЧЕЛСИ»ГА ЯНА БИР ХАРИДОР ТОПИЛДИ
«Ливерпул»нинг собиқ президенти Мартин Бротон «Челси» харидорлари сафига қўшилди. У 2010 йилда қисқа муддат «Ливерпул»ни бош-қарган ва собиқ хўжа-йинлар - Жорж Жиллетт ва Том Хикснинг қаршиликларига қарамай, клубни Fenway Sports Group компаниясидан америкаликларга сотганди. 74 ёшли Бротон Буюк Британия ҳукумати назорати остида топ-клубда эгалик ҳуқуқини ўзгартирган ягона шахсдир. «Челси» ҳозир айни ҳолатга тушган. Айни пайт Sports Investment Partners компаниясини бошқарадиган Мартин «Челси»нинг ашаддий мухлисларидан, якшанба кунги «Норвич»га қарши АПЛ ўйинига ҳам ташриф буюрди. The Independent нашрининг қўшимча қилишича, Бротон муваффақиятли бизнесмен ва илгари British American Tobacco ва British Airways компанияларида юқори лавозимларда ишлаган.
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади