Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Бангладешда ўйнаётган Нодир Мавлонов: «Муҳими – ўйин амалиётига эга бўляпман»

Баҳо:
+ | -

Фаолияти давомида «Бунёдкор» ва «Андижон» клубларида ўйнаган ярим ҳимоячи Нодир Мавлонов яқинда Бангладеш чемпионатининг янги иштирокчиси - «Свадхината» билан шартнома имзолаганди. Кейинчалик ҳамюртимиз жамоаси сафида кубок ва лига беллашувларида тўп киритишга муваффақ бўлди. Хўш, унинг хориждаги фаолияти қай тариқа давом этмоқда? Буни билиш истагида легионеримиз билан боғландик.

- Нодир, Бангладеш чемпионатида ўйнаётганингизга бир неча ой бўлди. Таассуротлар қандай?

- Чемпионат ўйинлари қизғин паллага кирган, биринчи давра баҳслари якунланиш арафасида. Бангладеш футболига тез мослашдим, таассуротларим ёмон эмас. Яхши савиядаги жамоалар ва легионерлар бор. Ўйинлар айнан хориждан келган футболчилар ҳисобига ташкил қилинади.

- Савиясини бизнинг чемпионат билан таққослай оласизми?

- Бизда футбол кучлироқ. Бангладешда ҳам ёмон эмас. Лекин Ўзбекистон лигаларига солиштириб бўлмайди. Юқорида айтганимдек, асосан хорижлик футболчилар кучига таянилади. Аниқроғи, четдан дурустроқ легионер олиб келсангиз, майдондаги барча «қора ишлар» унинг бўйнига тушади. Маҳаллий ўйинчилар кучли, дея олмайман. Ортда қолган вақт давомида ўйнаб, шуни билдимки, Бангладешда футбол секин тарзда ўсмоқда. Мазкур жараёнда хорижлик мураббий ва ўйинчиларнинг ўрни беқиёс.

- «Свадхината»га ўтганингиздан кейин афсусланиш ҳолати бўлмадими?

- Асло, йўқ. Бу жамоадан таклиф тушгач, чемпионатни яхшилаб ўргандим. Ўйинларини интернет орқали томоша қилдим. Кейинчалик афсусланмаслик учун обдон текшириб, сўнгра бир қарорга келдим. Мен учун муҳими ўйин амалиёти эди. Ўтган йили айрим сабабларга кўра, анча вақт футболсиз қолиб кетдим. Аслида менинг ниятим араб мамлакатларидан бирида легионер сифатида тўп суриш эди. Лекин бу амалга ошмади. Кейин Бангладеш вариантини қабул қилдим. Мунтазам равишда ўйнаб турсам, спорт формам жойида бўлса, кейинчалик янада яхшироқ чемпионатларга йўл олишим мумкин.

- Бангладешда ўзбекистонлик футболчилар кўпчиликни ташкил қилади. Чиндан ҳам бу ерда яхши маош тўлашадими?

- Албатта. Айрим жамоаларда шунақа. Ойига 30 минг доллар берадиган клублар ҳам топилади. Ўртамиёналарида эса маош 4 минг долларни ташкил этади. Ҳар ким ўз бюджетига қараб футболчи чақиради.

- Маошлар ўз вақтида тўланадими?

- Ўйлашимча, Бангладеш чемпионатининг сўнгги ўринларида юрган жамоаларда ҳам молиявий томондан муаммо йўқ. Хусусан, бизнинг жамоада ҳам маошлар ҳар ойнинг 15 санасига қадар берилади, ундан олдинроқ тўлашганига ҳам гувоҳ бўлдим. Қолганларда ҳам ҳолат шунақа.

- Айтинг-чи, клуб томонидан ҳар бир ғалаба учун алоҳида мукофот пули тайинланганми?

- Албатта, лекин мукофот пуллари миқдори унчалик катта эмас. Асосий эътибор ойлик маошга қаратилади.

- Ўзбекистонлик футболчилар билан кўришиб турсангиз керак?

- Шунақа. Барчамиз битта шаҳарда истиқомат қиламиз ва деярли ҳар куни кўришамиз. Байрамлар арафасида тўпланиб, бафуржа суҳбат қурамиз.

- Ўтган йили Брунейда тўп суришингиз мумкин эди. Негадир, бу ўтиш амалга ошмади. Ўшанда нима бўлганди?

- Дарҳақиқат, чемпионат иштирокчиси бўлган клуб билан келишувга эришгандим. Бироқ мамлакатда коронавирус билан боғлиқ ҳолат кескин ёмонлашгани сабабли карантин эълон қилинган, чемпионат ўйинлари ҳам бекор қилинганди. Натижада, жамоа билан хайрлашишга тўғри келди.

- Кейинги режаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

- Яхши ўйнашда давом этсам, олдимда янги чорловлар бўлади. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Ҳозирда «Свадхината» мураббийлар штаби мендан кўп нарса кутмоқда, барча «қора меҳнат»ни бажариш менинг зиммамда. Балки иккинчи даврани Ўзбекистон чемпионатида ўтказарман. Ҳозирча аниқ нимадир деёлмайман.

ИЗЗАТБЕК суҳбатлашди

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 07:16, 23.03.2022.
Ўқилди: 1831 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.