Ушбу жамоалардан ҳеч бирининг мухлиси эмасман, шу сабабли бетараф инсон сифатида қизиқарли ёки кескин ўйин кутяпман.
Табиийки, "Челси" Каталонияда худди биринчи учрашувда бўлгани сингари ҳимоявий ҳаракатларга катта эътибор қаратади. Ди Маттео жамоа бошқарувига келгач, айнан шундай услубда ўйнашни афзал биляпти ва бу самара беряпти.
Ўз майдонида "Уиган"га қарши кечган беллашувда ҳам лондонликлар ҳужумга ташланишга шошилишмади, демак, жамоа ҳимоявий услубдан фойдаланишни маъқул кўрмоқда. "Барса" эса ҳар доим тўпни назоратига остига олишга уринади ва буни бугун уддалайди. Лекин тўпни ўзида сақлаб туриш кўплаб хавфли вазиятларни яратиш ва голлар уриш учун етарли бўлиш-бўлмаслиги бошқа масала.
Агар мезбонлар тезроқ гол уриб олишса, унда "Челси" ҳимоячиларининг ўзига бўлган ишончи тушиб кетиб, хатоларга йўл қўйишни бошлашади. Акс ҳолда, бугунги жавоб баҳси Гвардиола шогирдлари учун жуда мураккаб кўриниш олади.
Ҳисобни тахмин қила олмайман, лекин "Барса" танаффусга устунлик билан йўл олса финалга каталонияликларнинг, агар "Челси" иккинчи таймни ўзини қониқтирадиган натижа билан бошласа, у ҳолда Лондон жамоасининг Мюнхен финалига йўлланмани қўлга киритиш имкониятлари ортади. Нима бўлганда ҳам "Камп Ноу"даги учрашув бизга ҳақиқий футбол шиддатини тақдим этса бас.
Бекзод НАЗАРОВ,
"Пахтакор" ФК матбуот хизмати