Англия терма жамоаси сардори ҳамда «Тоттенхэм» юлдузи Ҳарри Кейн ўз ватанини ҳаммадан ҳам кўпроқ яхши кўради. 28 ёшли футболчи буни ҳар жабҳада исботлаб келмоқда. Унинг миллий терма жамоада амалга оширган ишлари таҳсинга сазовардир. Кейн ҳатто ўз машиналарини сотиб олишда ҳам миллийликка жиддий эътибор қаратар экан. «Шпорлар» ҳужумчиси дунёдаги энг зўр маҳсулотларнинг ҳаммаси Англияда тайёрланади деб ҳисоблайди. Шу сабабдан ҳам ўз автомобилларини асосан «Range Rovers», «Bentley» ҳамда «Jaguar» компанияларидан сотиб олган.
Оилапарвар футболчи ўта қулай ва саёҳатлар учун мослаштирилган «Land Rover»ида табиат қўйнида сайр қилишни яхши кўради. Унинг нархи эса 99 минг фунтга тенг. Шунингдек, Кейнда ушбу бренднинг «F-PACE» версияси ҳам мавжуд. Замонавий машинанинг нархи 35 минг фунтдан бошланади. Аммо ҳужумчининг кўнгли қачондир тезликни тусаб қолса, Кейн ўзининг «Continental GT Supersports» махсус пойгачисини ишга солади. Ушбу автонинг нархи 212 минг фунт атрофида. «Jaguar»нинг бу русуми ҳақида футболчининг ўзи шундай деган эди: «Мен Британиянинг исталган бренди билан ҳамкорлик қилишни ўзимга ғурур деб биламан. Машғулотлар ёки катта ўйинлардан кейин кўнглингиз қулай ва ёқимли машинага минишни истайди. Мен эса ушбу машинани жуда яхши кўраман. Чунки у катта ҳам эмас, кичик ҳам. Ичига мен, қизим ва севимли кучугимиз сиғади, холос. Шунингдек, уни ҳайдаганингизда ноқулайлик сезмайсиз. Унчалик қиммат ҳам эмас. Хуллас, мен учун ўта мос автомобиллардан бири айнан мана шудир».
«Менда илгари «Range Rovers» версияли машина бор эди. У ҳам менга ёқади. Мен уни каттароқ бўлишини истардим. Шу сабабдан «Bentley Supersports»ни харид қилдим. Мен ўшанда ўзимни янги машина совға қилганман. У ҳаётимдаги илк спортчи авто эди. Тўғри, мен футболда кўплаб соврин ютмагандирман. Аммо тез-тез ўзимни янги машиналар билан сийлаб туришни ёқтираман».
Кейн собиқ жамоадоши Деле Алли билан бир хил автоулов сотиб олганига ҳам изоҳ берди. У бу ҳақида шундай дейди: «Қайдам, лекин Деле ҳам ўшанда «Supersports»дан битта харид қилган экан. Мен машғулотга янги машинамда борганимда, Деле Алли буни кўриб, жуда ҳам ҳайрон бўлди. У менга худди шу туркумли машинага буюртма берганини айтди. Шундан кейин бир хил версиядаги автоларга иккимиз ҳам эга бўлдик. Аммо меники оқ, уники қора эди» .
Ҳарри Кейн футбол майдонида кўп тўқнашувларга учраб туради. Ҳужумчи ҳаётда ҳам машиналар билан авариялар содир этган. Бу ҳақида унинг ўзи шундай дейди: «Мен илк бора «Тоттенхэм» сафида дебют қилган куним автотураргоҳда ўз машинамни уриб олгандим. Бу бахтсиз ҳодиса мени деб содир бўлган. Шу сабабдан асабийлаша бошладим. Ўшанда атрофда машиналар жуда кўп, ёмғирли об-ҳаво эди. Жуда ҳам ҳижолатли ҳолат бўлган, албатта. Аммо биз ўша куни «Сандерленд»ни 5-1 ҳисобида мағлуб қилганмиз. Мен эса гол муаллифига айланганман. Мен учун ўша оқшом фантастик ўтган. Чунки ҳаммаси ёмонлик билан бошланиб, яхшилик билан тугайди. Шу сабабдан бу воқеаларни ҳеч қачон эсдан чиқармайман».
Айни дамда Ҳарри Кейн Англия терма жамоаси билан сешанба оқшомида бўлиб ўтадиган ўртоқлик учрашувига тайёргарлик кўрмоқда.
ИСМАТОВ Ж.