Шон Дайч 9 йил 5 ой 16 кунлик фаолиятидан кейин «Бёрнли»дан истеъфога чиқди. АПЛнинг ҳозирги мураббийлари орасида ҳеч ким бундан узоқ вақт ишламаган: Дайч кетганидан сўнг Юрген Клопп («Ливерпуль», 6 йилу 6 ой) ҳамда Пеп Гвардиола («Манчестер Сити», 5 йилу 9 ой) етакчиликни қўлга олишди.
Дайч истеъфосининг бош сабаби - қониқарсиз натижалар: «Бёрнли» ушбу мутахассис бошқарувидаги сўнгги олтита ўйиннинг бештасида мағлубиятга учраб, АПЛда 18-ўринга тушиб қолди (халоскорлик поғонаси ҳисобланган 17-ўрин билан орадаги фарқ 4 очкони ташкил этаётганди).
Ваҳоланки, 2021 йилнинг сентябрида раҳбарият ва мураббий ҳамкорликни давом эттириш истагини билдиришганди: мутахассиснинг шартномаси 2025 йилгача чўзилди. «Ушбу келишувни имзолаш, клуб келажаги ва унинг ривожланиши ҳақида ўйлаш имконияти туғилгани яхши бўлди. Шунча йилдан сўнг мазкур минтақа ва мухлисларга боғланиб қолдим. Жамоани тўғри йўналиш бўйлаб олға бошлашни давом эттириш, астойдил меҳнат қилишни орзиқиб кутяпман», - деганди Шон ўшанда.
Лекин «Бёрнли» мавсум-2021|2022 энди бошқа мураббий қўл остида якунлайди. Дайчнинг буюклигига сабабларни келтириб ўтамиз:
— Шон «Бёрнли» бошқарувини 2012 йилнинг октябрида қўлга олганди - бунга «Уотфорд» билан Чемпионшипдаги муваффақиятли фаолият сабаб бўлганди. Якунда у клуб билан нақ 425та ўйин ўтказди: 152 ғалаба, 114 дуранг ва 159 мағлубият.
— «Бёрнли» Дайч билан бирга икки марта Чемпионшипдан АПЛга қайтди ва 51 йилда илк бор еврокубокларга йўл олди - мавсум-2018/2019да Европа Лигасида қатнашди.
2021 йилнинг ноябрида Sports.ru Англиянинг митти шаҳри ҳисобланган Бёрнли ҳақида мақола тайёрлаганди. Унда Шон Дайч шахсига ҳам алоҳида эътибор қаратилган - мураббийни мухлислар яхши кўришади. Қуйида Дария Конурбаеванинг ёрқин саёҳатидан айрим лаҳзаларни ҳавола этамиз.
«2021 йилнинг сентябрь ойи бошида, «Арсенал» билан учрашув арафасида The Royal Dyche пабига ташриф буюргандим. Ушбу мўъжазгина масканга ўйинлар пайти болалар билан келиш мумкин. Деворлар ва шифтга турли йиллардаги футболкалар илиб қўйилган, бар устида эса шарфлар ва байроқлар осилган. Орқа ҳовлидаги боғ деворларига клубнинг турли йиллардаги логотиплари, шунингдек, Дайчнинг тўқ қизил-кўк рангли портрети чизилганди».
Фанатлар ҳам мураббийга жуда илиқ муносабатдалар. Дайчнинг «Бёрнли» учун нечоғли муҳим эканлигини фаолиятининг охирида у билан бирга ишлаган собиқ дарвозабон Пол Робинсоннинг сўзларидан ҳам англаш қийин эмас: «Англиялик мураббийларни одатда, футболнинг примитив услубини қўллашда айблашади. Қисман шундай, лекин Шон ихтиёридаги ўйинчиларнинг энг яхши хислатларини намоён эта билади. «Бёрнли»даги ва АПЛнинг бошқа клубларидаги бюджетни, кейин эса уларнинг сўнгги йиллардаги натижаларини солиштириб кўринг. Жамоа Европа Лигасига чиқди: «Бёрнли» тоифасидаги клуб учун бу ажойиб кўрсаткич. Ўйлашимча, Дайч бошқа мамлакатдан келган мураббий сифатида айни натижаларни қайд этганида, йирикроқ жамоалардан таклиф олиши турган гап эди. Бу йил «Селтик» ёки «Эвертон»да иш жойи бўшаганда, Шоннинг номзодлар рўйхатида йўқлигидан ажаблангандим. Клуб босиб ўтган йўл, ривожланиш ва барқарорликка назар ташлаб, ҳозирги АПЛда бундай муваффақиятга эришган мураббийлар кўп эмаслигини айтишим мумкин. Аммо сиз «Манчестер Сити», «Юнайтед», «Челси» ёки «Ливерпул»га мураббий қидираётган бўлсангиз, фанатлар ва раҳбарият «Бёрнли»нинг модадан йироқ устозини кўришни истамасликлари тушунарли. Бундай деворни бузиб, буюкликка интилиш Шон сингари мутахассислар учун қийин бўлади».
Энди Дайч янги клуб топиши керак - унинг собиқ жамоасида эришган кўрсаткичларидан келиб чиқсак, узоқ вақт ишсиз қолмаслиги аниқ.