Бемалол айтиш мумкин: ЖЧ-2022 финал раундига қуръа ташлаш жараёнида омад Марокаш миллий жамоасидан юз ўгирди.
Бемалол айтиш мумкин: ЖЧ-2022 финал раундига қуръа ташлаш жараёнида омад Марокаш миллий жамоасидан юз ўгирди. Ҳар ҳолда, Африка вакили Хорватия, Бельгия ва Канада термалари қатори «F» квартетидан жой олди. Қаранг, хорватлар охирги ЖЧда финалгача етиб боришди, бельгияликлар анчадан буён ФИФА рейтингининг юқори поғоналаридан тушишмаяпти, Канада футболи эса ҳозирда айни кўтарилиш палласида. Хоккей ватани футболчилари КОНКАКАФ ҳудудидаги саралаш гуруҳида бежиз 1-ўринни эгаллашмади. Лекин нима бўлишидан қатъий назар, марокашликлар Қатар мундиалини ўзига хос кўтаринки кайфиятда кутишмоқда - «Атлас Лайонс» таркибида умид уйғотувчи 5 нафар иқтидор бор. Айтиш ўринли, Марокаш миллий жамоаси бунга қадар ЖЧда 5 марта иштирок этган, энг яхши натижаси эса Мексика-86 турнирида кузатилган. Ўшанда АФК вакили гуруҳ босқичида Англия, Польша ва Португалия термаларига қарши ўйнаб, 1-ўрин орқали 1/8 финалга чиққанди. Марокашлик мухлислар хулосаларига кўра, бош мураббий Воҳид Халилхожич ихтиёридаги иқтидорли йигитлар Мексика майдонларида намойиш этилган ўша жасоратни такрорлашга қодирлар. Хўш, улар кимларни назарда тутишмоқда?
- Порлоқ келажакка даъво қилаётган беш йигит Марокаш миллий жамоаси ва унинг мухлисларига Қатар мундиалида яхши қатнашиш умидини бермоқда.
- Иқтидорлардан 2 нафари «Барселона»дан қўним топгани эътиборга молик.
- Марокаш миллий жамоаси бош мураббийи Воҳид Халилхожич шу беш йигитдан бири билан клуб миқёсида ҳам ҳамкорлик қилган.
Аззадин УНАХИ (22 ёш). Алоҳида иқтидор соҳиби. Аззадин Касабланка шаҳрида жойлашган «Муҳаммад V» стадионида Конго ДР термасига қарши кечган ўйинда «дубль» қайд этиш асносида мухлису мутахассислар меҳрини қозонди. Айнан шу голлари марокашликларнинг ЖЧ-2022 йўлланмасини қўлга киритишларига шубҳа қолдирмади. Касабланкада туғилиб-улғайган футболчи айни пайт Франциянинг «Анже» клуби ихтиёрида. Унахи айниқса, тўпни эгаллаганида ўта хавфли. Чунончи, ҳужум чизиғига кескин узатма амалга оширишни яхши ўзлаштирган. Зарбалари ҳам чакки эмас. Шу икки фазилат ёнига олис масофадан дарвозани аниқ нишонга олиш қобилиятини қўшсак, марокашликлар нима учун бу йигитдан кўп нарса кутишаётгани ойдинлашади.
Абдусамад ЭЗЗАЛЗУЛИ (20 ёш). Марокашлик ўта ноёб иқтидорлардан яна бири. «Барселона» футболчисининг ЖЧ финал раундида ўз сўзини баралла айтиши тахмин қилинмоқда. Катта умид уйғотаётган бу йигит ҳозирча «Атлас Лайонс»да дебют қилганича йўқ. Тўғри, Абдусамад ўтган ой саралашнинг «плей-офф» раунди 2та ўйинида ҳам Воҳид Халилхожич рўйхатидан жой олди. Демак, у жамоага яқин. Эззалзули қанотда юқори тезлик билан рақибларини алдаб ўтиш бобидаги маҳорати билан кўпчилик эътиборини қозонди. У шунинг баробарида жисмонан бақувват йигит, ҳар икки қанотда бирдек самарали ҳаракатланади. Абдусамад Каталония гранди тизимида ривожланиш жараёнини давом эттира олса, мундиалга қадар миллий жамоанинг етакчи ўйинчилари қаторига кириши ҳам ҳеч гап эмас.
Чади РИЁД (18 ёш). «Бар-селона» тизимидаги марокашлик ёш ҳимоячи айни пайт европалик тенгқурларининг энг сара гуруҳида бормоқда. Мукаммал жисмоний кўрсаткичга эга Чади мунтазам равишда ўз маҳоратига сайқал бериш билан машғул. Ўсмирлар ва ёшлар тоифасида Марокаш шарафини ҳимоя қилишга улгурган Риёд энди бош жамоада порлаш ишқида ёнмоқда. Ҳа, Воҳид Халилхожич Қатар-2022да катта эҳтимолки, Ромен Саис ва Найиф Агердга ишонч билдиради, Чади эса бемалол захира кучи вазифасини бажариши мумкин.
Имрон ЛУЗА (22 ёш). Бу йигит ўта қисқа вақт ичида Воҳид Халилхожичнинг юқори талабларига мослашиб, миллий жамоа етакчилари қаторига бош суқди. Умуман олганда, босниялик мутахассис Имронни Франциянинг «Нант» клубидаги ҳамкорлик давридаёқ яхши билиб олганди. Универсал саналган Луза жисмоний қуввати эвазига ҳужум ва ҳимояда бирдек самарали тўп суриш салоҳиятига эга. «Уотфорд» ярим ҳимоячиси юксак савиядаги ўйинлари билан бутун Марокашни тўлқинлантириб юбормоқда. Бордию, Имрон бўлажак ЖЧда мамлакат миллий жамоасида етакчиликни қўлга ололмаса, бу нохуш «сюрприз» сифатида баҳоланса керак.
Закария АБУҲЛАЛ (22 ёш). Воҳид Халилхожичнинг доимий ишончида юрган ва буни тўлиқ оқлаётган ўйинчилардан бири. Мураббий уни январь ойида ўтказилган Африка Миллатлар кубоги турнирида тўлиқ ўйнатди, йигитча ҳам чакки таассурот қолдирмади. Нидерландиянинг АЗ (Алкмаар) клуби ҳисоботига кўра, Закария ҳар доим рақиб дарвозаси олдида ҳозиру-нозир турадиган, чекланган ҳудудда ҳам эффектли ҳаракатланадиган туғма қобилиятли ҳужумчи. Абуҳлал яна чарчаш нималигини билмайди, ҳаттоки, орқага қайтиб, ҳимоя чизиғига ёрдам беради, тўпсиз қолган паллада рақибларга прессинг қўллайди. Закария ҳам бошқа жамоадошлари каби нималарга қодирлигини намойиш этиш онларини интизорлик билан кутаётганига шубҳа йўқ.