"Атлетико Мадрид"нинг икки ўйинчиси, ҳимоячи Ренан Лоди ва вингер Янник Феррейра Карраско Англиянинг "Ньюкасл" клуби қизиқишлари доирасида бўлиб турибди. Бу ҳақда Marca хабар бермоқда.
Манбага кўра, инглиз клуби бразилиялик ҳимоячи учун 40 миллион евро таклиф қилмоқчи. Қайд этилишича, Ренан Лоди хизматларига Туриннинг “Ювентус” клуби ҳам қизиқиш билдирмоқда.
"Атлетико Мадрид" бош мураббийи Диего Симеоне Феррейра Каррасконинг жамоадан кетишига қарши.
Бельгиялик футболчи Мадрид клубида қолиш нияти борлигини айтди, бироқ унинг янги агенти мижози учун унга кўпроқ маош тўлаши мумкин бўлган клуб қидираётгани айтилмоқда.
Ренан Лоди жорий мавсумда “Атлетико” сафида барча турнирлар доирасида 42 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол урди ва 5 та голли узатмани амалга оширди.
Янник Феррейра Карраско жорий мавсумда “матрасчилар” сафида 44 та ўйинда майдонга тушиб, 6 та гол урди ва 7 та голли узатмани амалга оширди.