Миллатлар Лигасининг июнь ойидаги босқичи аллақачон якунига етиш арафасида. Қуйида якунига етган баҳсларнинг асосий воқеалари билан таништириб ўтамиз.
No Ronaldo — No Party
Португалия терма жамоаси бу йил ҳисобидан яқингача мағлуб бўлмаган эди, аммо Фернанду Сантуш Криштиану Роналдуга Швейцария билан уй учрашувида дам беришга қарор қилди ва бу билан катта хатога йўл қўйди. Ўйин бошиданоқ ишлар режадагидек кетмади. Учрашувнинг 57-секундидаёқ Харис Сеферович қанотдан оширилган тўпни рақиби дарвозасига жойлаб қўйди - 1:0. Ушбу ҳисобни қолган вақт давомида Мурат Якин шогирдлари қаҳрамонлик билан сақлаб қолишди. «Монпелье» дарвозабони Йонас Омлин 8 та сейв билан энг яхши ўйинчига айланди.
Учрашувда Роналдунинг ўрни анча билиниб қолди. Ҳужумда португаллар сафида Рафа Леау, Андре Силва, Отавио, Бруно Фернандеш, Гонсало Гедеш ва Диого Жоталарнинг ўз жамоасига умуман фойдаси тегмади. Ушбу мағлубият португаллар учун йилнинг илк мағлубияти, Швейцария терма жамоаси учун эса йилнинг илк ғалабаси сифатида тарихга кирди. Сантуш шогирдлари бунгача беш ўйинда бир дуранг қайд этишган эди. Ушбу гуруҳдаги параллель ўйинда Испания Солер ва Сарабиянинг голлари эвазига чехларни 2:0 ҳисобида муаммосиз мағлуб этди.
Холанд - Миллатлар лигасининг энг яхши тўпурари
Миллатлар лигасининг ёзда бўлиб ўтган тўрт тури давомида Эрлинг Холанд аллақачон 5 та гол уришга муваффақ бўлган. Дастлаб шведлар «Манчестер Сити»нинг янги ҳужумчисидан дубл қабул қилиб олишди: 10-дақиқадаёқ Эрлинг дарвозани ишғол қилди ва иккинчи бўлимда пенальтини голга айлантирди. Норвегияликларнинг учинчи голида ҳам Холанд иштирок этди. Ҳужумчининг узоқ масофадан йўллаган зарбасидан сўнг Александр Сёрлот тўп учун курашда ғалаба қозонди ва гол урди. Ҳозирча гуруҳда фақат биргина жамоа Эрлингдан гол қабул қилиб олмаган – Словения. Ҳозирда Холанд Миллатлар лигасининг энг яхши тўпурари бўлиб турибди.
Сербия эса 2:0ни ғалабага айлантира олмади
Серблар очколар ҳисобига Голландияни олдинга ўтказиб юборишди, лекин умуман олганда, жамоа Миллатлар Лигасида яхши ўйнади: тўғри, норвегларга ютқазишди, лекин кейинчалик словенлар ва шведларга қарши баҳсларда очко йўқотилмади.
Словения билан ўйин аламлилиги билан ёдда қолади. Дастлаб Живкович ва Митрович жамоасини олдинга олиб чиққан эди - 2:0. Лекин словенлар иккинчи бўлимни учта алмаштириш билан бошлади ва мураббий танлови ўзини оқлади. Биринчи ҳужумдаёқ Адам Гнезда-Черин гол уришга эришди. 53-дақиқага келиб, умумий ҳисоб тенглашди - 2:2.
Шундан сўнг, ҳеч ким гол ура олмади, словенлар иккинчи дурангини қайд этди, шунингдек, жамоа яна икки баҳсда мағлуб бўлган, ғалаба йўқ. Айни дам серблар учун биринчи ўриндаги норвегияликларга етиб олиш анча қийинроқ бўлади.
Греклар учун байрам!
Бундай дейишимизга асослар етарли. Греция сўнгги тўртта ўйиннинг барчасида умумий 7 та гол уришга муваффақ бўлди ва максимал 12 очко тўплаб, «Б» гуруҳига йўл олди.