Михаэль Зорк “Боруссия Дортмунд”нинг рамзий фигураси ҳисобланади. Немис мутахассиси ҳаётининг 44 йилини ушбу клуб учун сарфлади: 20 йил футболчи, яна 24 йил спорт директори сифатида. Бир неча йил олдин, Зорксиз “асаларилар”ни тасаввур қилишнинг иложи йўқдек туюлар эди. Функционер “Дортмунд” клубида катта ҳажмдаги ишларни амалга оширди: у трансферлар, ёшлар жамоалари ва академия билан шуғулланган, шунингдек, скаутлар бўлимини бошқарган.
Зорк футболчилик фаолиятини 1998 йилда якунлаган. Унинг сўнгги клуби “Боруссия” эди. Фаолияти тугаганидан кўп ўтмай, клубга қайтиб, спорт директори бўлди. Михаэль Зорк клуб билан турли даврларни бошдан кечирди. “Боруссия” 2005-йилда банкротлик ёқасида эди. Клуб ўз фаолиятини тўхтатиб қўйиши ҳақида ҳақиқий хавф мавжуд бўлган. Агар шундай бўлса, шаҳарнинг барча аҳолиси учун бу фалокат бўларди.
“Боруссия” инқироздан чиқиб кетди. Клубни бўшлиқдан чиқариб юборган асосий одамлар: бошқарув кенгаши раиси Ханс-Йоахим Вацке, молиячи Томас Тресс ва Карстен Крамер эди. Инқирозга учраган жамоа учун ҳомийларни излаш ва улар билан тил топишиш осон бўлмади. Зорк ҳам “Боруссия”ни сақлаб қолишда муҳим роль ўйнади. Жуда чекланган бюджет билан функционер жамоанинг рақобатбардошлигини сақлаб қолишга ишонч ҳосил қилиши керак эди. Чемпионлар лигасига йўл олиш “асаларилар” учун жуда муҳим эди.
Бир неча йил давомида “Боруссия Дортмунд” учун қийин даврлар ўтди. Клубнинг спорт бўлими бутунлай Зоркка ишониб топширилган. У эса имкониятдан фойдаланиб, 2008 йилда Юрген Клоппни бош мураббий лавозимига таклиф қилди. Бунгача мутахассис “Майнц”да 7 йил ишлаган эди. Кейинчалик Михаэль Клоппни ноиложликдан ишга олганини тан олди – лекин у ютқазмади. Аста-секин ишлар яхшилана бошлади. Футболчилар 7 йил давомида Юрген билан биргаликда икки марта Германия чемпиони бўлишди, мамлакат кубоги ва суперкубогини қўлга киритишди, Чемпионлар лигаси финалига қадар етиб боришди.
Молиявий жиҳатдан ҳам вазият яхшиланди. Зорк ҳомийлигида “Боруссия” ёш футболчиларга яхши имкониятлар яратиб, кейин уларни фойда билан сотадиган клубга айланди. “Асаларилар” Пьер-Эмерик Обамеянг, Кристиан Пулишич, Генрих Мхитарян, Жейдон Санчо ва Усмон Дембеленинг сотувидан жами 400 миллион евро ишлаб топган. Зорк ўзининг энг яхши футболчиси, деб ҳисоблаган Роберт Левандовски “Бавария” текинга ўтиб кетди. Аммо Эрлинг Холанд “Манчестер Сити”га 60 миллион евро ва бонуслар эвазига сотиб юборилди.
Албатта, “Боруссия” учун спорт ютуқлари муҳим. Аммо Дортмунд клуби учун молиявий барқарорлик янада муҳимроқ. Ҳамма бунинг устида ишлади, жумладан Михаэль Зорк. У ўйинчиларни топиш, уларнинг ўйинларини очиш ва сотиш учун бутун бошли тизимни яратди. Яна бир жиҳат шундаки, спорт нуқтайи назаридан бу тизим унчалик самарали эмас, чунки у узоқ муддатда барқарор жамоани шакллантиришга имкон бермайди. Зорк “Боруссия Дортмунд”нинг сўнгги 10 мавсумдан олтитасида Бундеслигада 2-ўрин эгалланганини муваффақият, деб ҳисоблайди. Бироқ Себастьян Кель бундай фикрда эмас.
Бир неча кундан сўнг Зорк ўрнини Кель эгаллайди. Себастья Дортмунднинг “Боруссия”сида 13 йил ўйнади ва олти мавсум давомида жамоа сардори бўлди. 2018 йилдан бери у клуб тузилмасида ишламоқда – имкон қадар Зоркга яқин бўлишга ҳаракат қилди. Кель тажрибали ҳамкасбидан кўп нарсани ўрганганини тан олди. Шу билан бирга, у “Боруссия”га ўз услубини сингдириб, уларни кейинги босқичга олиб чиқмоқчи эканлигини айтди. Ёш функционер учун фойдадан кўра спорт ютуқлари муҳимроқ ва бу аслида тўғри қарор. “Асаларилар” аста-секин ўйинчиларни қайта сотишдан воз кечиши керак, акс ҳолда “Бавария” яна кетма-кет 10 йил чемпионликни қўлга киритаверади.
“Боруссия” сифатли трансфер кампаниясини Кель иштирокисиз ўтказмоқда. Жамоа ҳимоячилар Никлас Зюле ва Нико Шлоттербекни сотиб олди. Боз устига, иккита марказий ҳимоячи учун атиги 20 миллион евро сарфланган. Дортмунднинг “Боруссия” клуби ҳужумчи Карим Адейемини 30 миллион евро евазига сотиб олди. Бу ёш ҳужумчи учун анчагина мос нарх. Бундан ташқари, тез орада Дортмундга “Аякс”нинг тўпурари Себастьян Аллер келади. Бу трансфер “Боруссия” учун рекорд сумма бўлади.
Кель ақлли йигит. У UEFA лицензиясига эга малакали мураббий. Фаолиятини якунлагач, Германия футбол уюшмаси ва Германия футбол лигасида ишлашга муваффақ бўлди. Ҳар эҳтимолга қарши мураббийлик лицензияси ҳам бор. Кель ёш ва амбицияли мутахассис бўлиб, орадан бир неча йил ўтгач, Михаэль Зорк каби “Дортмунд” клубида жиддий ўрин эгаллайди. Себастьяннинг айтишича, унинг спорт директори этиб тайинланиши “асаларилар”ларнинг немис футболи чўққисига қайтишига асосланган янги лойиҳанинг бошланиши бўлади. Буни томоша қилиш қизиқарли. Агар барчаси кўнгилдагидек давом этса, “Боруссия” учун янги давр бошланади.