Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ахбор ака – унутилмас сиймо

Баҳо:
+ | -

Ҳаётда шундай инсонлар борки, улар ватанга садоқат, халққа намуна ва касбга профессионал ёндашув ўлароқ, тарихга киришади, одамлар учун унутилмас сиймога айланишади. Миллий футболимиз шарҳловчилик мактаби асосчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, «Шуҳрат» медали соҳиби, Республика тоифасидаги ҳакам, «Турон» халқаро фанлар академияси профессори Ахбор ака Имомхўжаев шундай жонкуяр ва фидоий инсон эди. 

Ҳа, дунёда машҳурлар кўп. Улар орасида инсонийликнинг барча тамойилларига қатъий амал қилган, ҳаёт фалсафаси билан намуна кўрсатганлар ҳақида ёзишнинг ўзига яраша мушкул тарафлари ҳам бор. Зеро, барчасини битта мақолада тўлиқ очиб беришнинг иложи йўқ. Ўзбек футболида шарҳловчилик дорулфунунига асос солган Ахбор ака Имомхўжаев қарийб 90 йиллик умри давомида ўзига хос ҳаёт китобини яратиб кетди. Ахбор дода мамлакатимизнинг қайси ҳудудига бормасин, мухлислар кўнгли чарақлаганию, дилдан мулоқот авжига чиққани кечагидек ёдимизда. Эсимда, Ахбор ака қашқадарёлик қадрдони, тиббиёт илми билимдонларидан бири Саъдулла Темиров билан Жалажин қишлоғига, истеъдодли ёш олим Имомжон Раҳматов ва муаллима Бозоргул Қиличеванинг никоҳ кечасига кириб келгани тантана руҳини тамомила ўзгартириб юборганди. Айни ёзнинг чилласи, ғўзалар ривожидаги муаммоларга ечим изланаётган пайт «Ҳосилот» ва «Ҳашорат» жамоалари ўйини репортажининг ўзгача оҳангда янграши ҳам деҳ­қонлар кайфиятини минг чандон кўтариб юборгани-чи... «Шу никоҳ оқшоми иштирокчиси сифатида қўшимча қилмоқчиманки, тантанада пахтакорлар қалбига ҳамоҳанг сўзлар янграганди, - дея эслайди қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, доцент Чори Асланов. - Ўша воқеага ҳам яқин ярим аср бўлди. Ҳамма Ахбор акани фақат футбол шарҳловчиси эмас, халқ дарди, ташвиши билан яшайдиган инсон сифатида билади. Шахсан ўзим Ахбор акани улкан қалб соҳиби сифатида эъзозлайман. У ёзган китоб­ларнинг ўзи бир олам...».

Ахбор ака ҳар гал воҳада меҳмон бўлганида, футболимиз ютуқларидан қувониб, камчиликлардан куюниб гапирарди. Яна «Пахтакор»-79 фожиасини худди ўз жигаргўшасини йўқотган инсондек кўзда ёш билан эсларди. Шунинг­дек, «Севинч» футболчиларини ўз қизларидек кўрарди, улар билан фожиа жойи - Куриловка қишлоғида бўлиб қайт­ганини ўзгача баён этарди. «Севинч»нинг ғалабали одимига гап йўқ, қани энди йигитларимиз ҳам бу жамоадан андоза олишса...», - дея ҳазил-мутойибани ўрнига қўярди Ахбор эка.

Ўтган асрнинг 80-йиллари собиқ иттифоқ иккинчи лигаси иштирокчиси - «Қарши-строй» ўйинларига ҳакамлик қилиш учун келган Ахбор ака билан меҳмонхонада тўлиб-тошиб суҳбатлашганимизни тез-тез эслайман. У киши шунчаки, ҳакам эмас, футболни илмий таҳлил қилувчи зукко билимдон эди. Ҳакамликдаги баъзи хатолар, футболимизда мавжуд таниш-билишчилик ҳақида куйиниб гапирарди: «Биласизми, шу қусурлар йўқолмас экан, футболда ўсиш бўлмайди». Албатта, бундай аччиқ ҳақиқатлар ҳаммага ҳам ёқмасди. Чунончи, нонни «туя» қиладиганлар Ахбор ака каби адолатпарварларни хушлашмасдилар. Хавотирли «шамол» қаҳрамонимизни ҳам четлаб ўтмаган. Эфир орқали рўй-рост айтилган сўзлар кимларгадир ўқдек тегади. Оқибатда Ахбор ака маълум муддатга давралар, тадбирлардан четлаштирилади. Ҳаттоки, 80 ёшлик қутлуғ юбилейни оила даврасида ўтказишига тўғри келади. Минг шукрки, ҳақиқат эгилади, лекин синмайди. Давлатимиз раҳбарининг халқ ва ҳақ йўлида олиб бораётган хайрли ишлари бундай адолатсизликларга чек қўйди. «Умрим, йўлимизда доимо шамчироқ бўлиб турган давлатимиздан миннатдорман, - деганди Ахбор Имомхўжаев суҳбатлардан бирида. - Қора кунлар бошимга тушганида, Президентимиз Шавкат Мирзиёевга икки энлик хат ёздим. Унда ёшим бир жойга бориб қолгани, бир оёғим ерда, иккинчиси гўрда эканлиги, айбим нималигини тушунмаётганимни баён этдим. Шунда Зафар ўғлим эътироз билдирганида, «Ҳақ, ҳақиқатни сўраяпман», - деб жавоб бердим. Аллоҳга шукр, тез орада давлатимиз раҳбаридан «Сизнинг ҳеч қандай айбингиз йўқ, йўлингиз очиқ» қабилида жавоб хати келди ва янги Ўзбекистоннинг янгиланиш жараёни шаффофлигидан бағрим тўлди».

Янги Ўзбекистоннинг нурли шабадасидан Имомхўжаевлар оиласи ҳам баҳраманд бўлди. Минг ойлик шодиёна баҳона «Севимли» телеканалининг «Эслаб-эслаб» кўрсатуви сонларидан бири Ахбор аканинг ибратли ҳаёти ва залворли меҳнат фаолиятига бағишланди. Кўрсатувда бошловчи Фарҳод Абдуллаев, Шерали Жўраев, Эркин Каримов, Аҳрол Иноятов каби эл ардоғидаги инсонлар устоз мураббийни эътироф этишди. Дарҳақиқат, Ахбор  Имомхўжаев бежиз, беиз яшамади. Ҳар гал Ўзбекистон терма жамоалари ҳақида сўз очилса, у киши миллий чемпионат савиясини кўтариш зарурлигини жўшиб сўзларди. Шарҳловчилик мактаби, унинг ютуқлари ҳақида ҳам мамнуният билан фикр билдирарди ва нуқсонларга ҳам бефарқ эмасди. Қарши шаҳридаги «Марказий» стадионида бўлиб ўтган ўйинларни бевосита кузатиб, сухандонлик бўйича қимматли маслаҳатлар бергани эсимда. Оддий бир мисол: «Қадрдоним, голни бирдан эълон қилманг, чунки мухлислар шовқин-суронида сўзингиз ҳавога учади. Тўп майдон марказига қўйилгач, гол муаллифини айтсангиз, стадиондаги мухлислар кайфиятига яна бир кўтаринкилик қўшасиз. Фақат бу гапимни оғир олманг...». Ахбор ака оиласи билан дўстлигимиз ХХ асрнинг 60-йиллари охирида бошланган. Марҳум Саъдулла акамнинг тиббиёт илмидаги устозларидан бири Абдулла ака Абдуазимов ва Ахбор ака турмуш ўртоғи Фаридахон ая (охиратлари обод бўлсин)нинг падари бузрукворлари Қарши тумани Дашт қишлоғидаги ота уйимизда меҳмон бўлишган. Улар отам билан бирга Қарши, Шаҳрисабз ва Бухоро бўйлаб саёҳатга ҳам чиқишган. Ахбор ака ҳар гал вилоятда бўлганида, ижодий учрашувлар ташкил этиш анъанага айланиб қолганди. Қарши педагогика билим юрти ва мактабларда ўтказилган жонли мулоқотларни мухлислар ҳамон соғиниб эслашади. Тўйми ёки маърака бўлсин, «Яхши кунга етишиш осон эмас», «Бир-биримизга елкадошлик - бурчимиз» қабилида таклифни бажонидил қабул қиларди. Шунинг учундир, халқ Ахбор акага ҳамиша «ўзимизники», деб қараган.

Инсон умри омонатлиги рост. 30 май куни оқшомда Ахбор ака вафоти ҳақидаги хабарни эшитиб, қалбим ларзага келди. Э-воҳ, шундай яқин инсоним, футболимизнинг чин фидоийсининг бандаликни бажо келтиргани дилимизни хира қилди. Унинг нурли чеҳраси, эзгу амалларини эслаб, Аллоҳ иродаси олдида ожизлигимизни яна бир бор идрок этдик. Кейин йўлга отландик. Эрта тонг билан буюк инсонни йўқотган Тошкентга етиб бордик. «Насаф» раҳбарияти ғамхўрлиги билан клуб бош директори Алишер Юсупов ҳамроҳлигида Имомхўжаевлар хонадонидамиз. Барча ғамгин кайфиятда. Инсон умри бир тутам эканлиги, эзгу ишлар бесамар кетмаслиги ҳам айни ҳақиқат. Футболимиз афсоналаридан бири Ахбор Имомхўжаев шундай битмас-туганмас фазилатлар эгаси эканлиги кўнгилларга таскин беради. Улуғлик йўлида ҳаёт шарбатини татиган инсонларнинг эл-юрт олдидаги хизматлари асло унитилмайди. 88 йиллик умри давомида одамлар ташвиши билан яшаган Ахбор Имомхўжаев шахси мангуликка дахлдордир. Илло, устознинг охирати обод, яратган ҳаёт мактаби боқий бўлсин.

Ҳусан ТЕМИРОВ

Манба: zakovat.uz
Киритилди: 12:30, 21.07.2022.
Ўқилди: 1868 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.