БААнинг Дубай шаҳрида ташкил этилган футзал бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган икки нафар футзалчи – Нодир Элибоев ва Жамолиддин Шарипов клублар ўртасидаги Осиё чемпионатининг 1-турида «Ардус»га ёрдам бера олишмайди.
1-6 июль кунлари Кувайтда футзал клублари ўртасидаги Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон шарафини Тошкентнинг «Ардус» клуби ҳимоя қилади.
Учинчи бор ташкил этилаётган футзал клубларининг қитъа чемпионатига йўл олиш учун «Ардус» Наврўз байрами арафасида Тошкентда ташкил этилган саралашни муваффақиятли якунлаганди. Қатар, Қирғизистон, БАА ва Ироқ жамоаларига қарши залга чиққан Александр Петров шогирдлари барча ўйинни ўз фойдаларига ҳал қилишган.
Осиё футбол конфедерациясининг ОФКга тақдим этган мактубига кўра, юқоридаги икки нафар футзалчи Осиё чемпионатининг финал қисмидан ўрин олган дастлабки ўйинни ўтказиб юборишади. Бунга сабаб қилиб айнан пойтахтда бўлиб ўтган саралаш турнирини кўрсатиш мумкин. Нодир Элибоев саралашдан ўрин олган «Ал-Васл» (БАА) ва «Ар-Райян» (Қатар)га қарши ўйинларда огоҳлантириш олган бўлса, Жамолиддин Шарипов «Налоговик» (Қирғизистон) ҳамда «Ар-Райян» (Қатар) клубларига қарши беллашувларда сариқ карточкага лойиқ кўрилган.
Қайд этиш керак, Кувайтдаги Осиё чемпионатининг 1-турида «Ардус» амалдаги қитъа чемпиони – Япониянинг «Нагоя Оушенс» клубига қарши залга чиқади. Гуруҳдан шунингдек Ливаннинг «Ол Спортс» ва Таиланднинг «Банк РБАК» клублари жой олишган. Ливан мамлакатининг чемпиони бир йил аввал турнирни 3-ўринда якунлаган бўлса, Таиланд терма жамоаси бир неча ҳафта илгари Дубайда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Эронни мағлуб этиб, финалга қадар етиб борганди.