Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«Ардус» Осиё чемпионининг қаршилигини синдира олди

Баҳо:
+ | -

Июлнинг биринчи куни Кувайтда Осиё футзал клубларининг энг нуфузли мусобақаси – 2009 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинадиган футзал бўйича клублар ўртасидаги Осиё чемпионати старт олди. Мусобақа бош соврини учун кураш олиб бораётган жамоалар орасида Ўзбекистоннинг кўп карра чемпиони, Тошкентнинг «Ардус» клуби ҳам бор.

«Ардус» мусобақани амалдаги ғолиб – Япониянинг «Нагоя Оушенс» клубига қарши ўйин билан бошлади. Тошкентликлар бош мураббийи Александр Петров бу ўйинда икки нафар асосий ўйинчиси – Нодир Элибоев ҳамда Жамолиддин Шариповдан фойдалана олмади (улар саралаш баҳсларида олинган карточкалар сабаб, финал босқичининг илк ўйинини ўтказиб юборишди). Шунга қарамай, Тошкент клуби кучли рақибига қарши муносиб ўйин кўрсатиб, чиройли, айни вақтда, жуда ҳам оғир ғалабани қўлга киритди.

Ўйиннинг бошланиши Александр Петров шогирдлари учун хайрли келмади. Ўзбекистон клуби ҳали ўйинга киришиб улгурмасидан, японияликларнинг биринчи ҳужумиёқ Рустам Умаров дарвозасининг ишғол этилиши билан якунига етди. Рафаэль Хенмининг ажойиб тўп узатишидан сўнг Мориока Хелмут қийинчиликсиз тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйди. «Ардус» бешинчи дақиқадаёқ ҳисобни тенглаштириши мумкин эди, бироқ Артур Юнусовнинг кучли зарбасидан сўнг тўп Япония чемпионининг дарвоза тўсинига тегиб, майдонни тарк этди.

Рақибга нисбатан босимни ошириб, «Ардус» ўйинчилари ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам шиддатли ўйин кўрсата бошлади, айни вақтда, имкон қадар камроқ хатога йўл қўйишга интилишди. Бу каби ўйин олиб бориш аста-секин ўз мевасини бера бошлади. Тўққизинчи дақиқада Жавлон Аноровнинг тўп узатишидан сўнг «Ардус» сардори Андрей Шлёма подкатда тўпни деярли дарвозага киритиб бўлганди ҳам, аммо бу вазиятда унга бироз омад етишмади. Бироқ кейинги вазиятда Шлёма имкониятни бой бергани йўқ. Биринчи бўлим якунланишига тўрт дақиқа қолганида у «Ардус» учун муҳим бўлган голни уришга муваффақ бўлди. Бу вазиятда, жамоа сардридан ташқари, Дилшод Ирсалиев ҳам жуда яхши ҳаракат қилди. Рақибнинг уч ҳимоячисини ортда қолдирган Ирсалиев тўпни рақиб жарима майдончаси марказида турган Шлёмага етказиб берди. «Ардус» сардори эса узоқ ўйлаб ўтирмай, дарвоза томон зарба берди – 1:1.

Иккинчи бўлимни жамоалар анча жонли бошлашди. Танаффусдан кейин, айниқса, японлар анча фаол ўйин кўрсатишди. Улар орасида Мориока Хелмут алоҳида ажралиб турди. Япон клубининг тўққизинчи рақамли футболчиси ҳар сафар ҳужумлар «ижодкори» ролида ҳаракат қилди ва у бу вазифани жуда яхши амалга ошира олди. Ўрни келганда эса Рустам Умаровнинг ҳушёрлигини ҳам синаб турди. 29-дақиқага келиб худди шу Хелмутнинг саъи-ҳаракатлари самараси ўлароқ японлар яна ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Бу вазиятда ҳаммуаллиф вазифасини бажарди, гол эса Йошикава Томоки ҳисобига ёзилди.

«Ардус»нинг жавоб голи ўзини кўп куттириб қўйгани йўқ. Аксинча, «Нагоя Оушенс»нинг иккинчи голидан 3 дақиқа ўтиб Тошкент клуби ҳисобда олдинда бораётган эди. Аввалига, 31-дақиқада, Дилшод Ирсалиев ўзини кўрсатган бўлса, орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас, «Ардус»нинг испаниялик легионери Жонатан Эрнандес ўз номини таблога ёздириб қўйди. Ҳар иккала вазиятда ҳам ҳужумчилар ўзларининг совуққонликларини намойиш этиб, япон жамоаси дарвозабонига ҳеч қандай имконият қолдиришмади.

Ҳужумга берилиб кетган «Нагоя Оушенс» футболчилари 36-дақиқага келиб ўз дарвозаларидан тўртинчи голни ҳам ўтказиб юборишди. Кичик пала-партишликдан сўнг Дилшод Ирсалиевнинг тиззасидан рикошет бўлган зарба Кавахара дарвозасидан ўрин олди. Худди шу лаҳзада «Ардус» ўйин ғолиби масаласи ҳал қилиб қўйгандек эди, бироқ японияликлар ушбу мусобақага катта мақсадлар билан келишганинин исботи ўлароқ, Ирсалиевнинг голидан дақиқа ўтар-ўтмас ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлишди. Шу сабаб ҳам ўйиннинг сўнгги дақиқалари курашларга бой тарзда ўтди.

Сўнгги дақиқалар ҳақиқатдан ҳам курашларга бой бўлди, ҳар иккала жамоа аъзолари ҳамда ишқибозлари уни ҳаяжон билан кузатишди. Японияликлар ҳарчанд уринишмасин, айтиш жоиз, улар озмунча ҳаракат қилишгани йўқ, «Ардус» охиригача туриб бера олди. Бунда жамоанинг барча аъзоларининг, айниқса, қайтариб, олиб бўлмайдигандек кўринган зарбаларни ҳам бартараф этишга муваффақ бўлган дарвозабон Рустам Умаровнинг ҳиссаси каттадир.

Шундай қилиб, Ўзбекистон чемпиони мусобақадаги икки йиллик иштироки ҳисобидан биринчи ғалабани қўлга киритди. Ўтган мавсум «Ардус» атиги бир очко тўплаган, шу сабаб, мусобақанинг биирнчи босқичдан кейиноқ тарк этишга мажбур бўлганди. Бу сафар эса жамоа ҳисобида ҳозирнинг ўзида уч очко бор. Яна қандай ғалаба!, - амалдаги чемпион устидан қозонилган ғалабанинг қиммати ўзгача бўлади.

Бироқ «Ардус»нинг хотиржамликка берилишига асос йўқ. Олдинда жамоани Ливаннинг «Ол Спортс» ҳамда Таиланднинг «Банк Рбак» жамоаларига қарши бугунгисидан осон бўлмаган ўйинлар кутиб турибди. Маълумот ўрнида, Ливан ҳамда Таиланд клублари ўртасидаги бугунги ўзаро ўйин 3:3 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунига етди. 

Клублар ўртасидаги Осиё чемпионати, финал босқичи

«В» гуруҳи, 1-тур учрашуви

1 июль, якшанба

«НАГОЯ ОУШЕНС» (Япония) – «АРДУС» (Ўзбекистон) 3:4 (1:1)

Голлар: Мориока Хелмут (1), Йошикава Томоки (29), Хенми Рафаэль (36) – Андрей Шлёма (16), Дилшод Ирсалиев (31, 36), Жонатан Эрнандес (32).

Огоҳлантиришлар: Йошикава Томоки (9), Хенми Рафаэль (29) – Артур Юнусов (10)

НАГОЯ ОУШЕНС. Дарвозабон: 1.Хисамитсу Кавахара; ўйинчилар: 3.Китахара Ватару, 8.Хенми Рафаэль, 9.Мориока Хелмут, 10.Кеничиро Когуре.

Захирадагилар. Дарвозабонлар: 19.Шинода Рюма, 20.Хирохиса Ишигуро; ўйинчилар: 6.Мори Шута (с), 13.Ватанабе Томоаки, 15.Йошикава Томоки, 16.Китажима Юичи, 18.Ито Наото.

АРДУС. Дарвозабон: 20.Рустам Умаров. ўйинчилар: 5.Жонатан Эрнандес, 9.Андрей Шлёма (с), 11.Артур Юнусов, 17.Шуҳрат Тожибоев,

Захирадагилар. Дарвозабон: 12.Николай Кравченко; ўйинчилар: 2.Дилшод Ирсалиев, 3.Шаҳзод Бўриев, 6.Жавлон Аноров, 7.Дилшод Раҳматов, 14.Константин Свиридов, 15.Фарҳод Абдумавлонов. 

P.S. Шарҳда ишқибозлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтдик. «Нагоя Оушенс» – «Ардус» ўйинини трибунадан Япония клубининг бир неча ўн нафар ишқибози ва биргина «Ардус» мухлиси – Абдураҳмон Фозилов – Ўзбекистон терма жамоалари фан-клуби етакчиси кузатиб борди. Сон жиҳатдан тенгсизлик кузатилган бўлса-да, сифат борасида Фозилов японияликлар фан-секторига ҳеч бир жабҳада имкониятни бой бергани йўқ.

 Бахтиёр Маметов,

Кувайт

Манба: the-uff.com
Киритилди: 09:42, 02.07.2012.
Ўқилди: 5897 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.