Бу ёзги трансферлар ойнасида "Барселона" энг фаол жамоалардан бири бўлди. Лапорта ва унинг жамоаси жуда самарали ҳаракат қилди. Хави ҳам бу трансферлар амалга ошишида катта рол ойнади. Жамоага келган футболчилар айнан унинг ғоясига ишонди. Яна баъзи футболчиларга чиқиш эшиклари кўрсатилса ҳам кетишни истамадилар. Чунки, ҳамма, ойнинг қолган ўн беш қисмини ёруғ эканлигига ишонардилар.
Каталонияликлар бу мавсум даҳшатли старт олди. Уларнинг рақибларига назар солсак, эҳтимол "даҳшатли" деган таъриф муболаға бўлиб кўринар. Лекин нима бўлганда ҳам, рақамлар тарихда қолади. "Барселона" жамоаси Ла-лига доирасида олтита ўйин ўтказиб уларнинг бештасида ғалаба қозонди. Тўплар нисбатига эътибор қаратинг: Урилган голлар сони — 18 та. Ўтказиб юборилгани — 1 та. Сермаҳсуллик юқори даражада. Лекин Испаниянинг бошқа клубларига ҳурмат сақлаган ҳолда айтаманки, улар Каталония суперклуби учун жиддий рақиб эмасдилар. Мураббийнинг дастхати эса катта ўйинларда кўринади.
"Барселона" ички чемпионатда жиддий рақибларга дуч келмади, лекин Чемпионлар лигасида бу синов бошига тушди. Биламизки, ҳар бир давлатда, ўша ернинг икки гранд жамоаси бир-бирига кескин адоват билан, яна қандайдир душманлик руҳи билан боқади. Масалан, "Барселона" ва " Реал Мадрид", "Манчестер Юнайтед" ва "Манчестер Сити" ва ҳоказо. Лекин бошқа-бошқа давлатларда бўла туриб бир-бирига бу қадар принципиал рақиб бўлган жамоалар жуда кам. "Барселона" ва "Бавария" — шундай рақиблардир. Уларнинг бири Испанияда, бошқаси Германияда бўлгани билан, ўрталаридаги адоват анча-мунча дербиларникидан кам эмас. Бу мавсум ҳам шу иккала жамоа бир гуруҳдан жой олишди. Бу — "Барселона" учун жиддий синов эди.
Шу ўйин Хавининг қандай мураббий эканлигини том маънода очиб берар эди. Зотан, Ла лигадаги аутсайдерларни ютиш учун мураббий даҳо бўлиши шарт эмас. Хави йиллар давомида тўпланиб келган аламларни кетказиши, қисқа қилиб айтганда, мухлислар учун "хун" олиши лозим эди. Хави буларнинг барчасини яхши тушуниб турарди. Шунинг учун ўша куни ўзининг бор салоҳиятини юзага чиқаришга уринди.
"Барселона" "Бавария"га қарши ўзининг оптимал таркибида майдонга тушди. Мураббий ўзи севган (4-3-3) тактик схемасини ишга солди. Хавининг юриши бундай бўлди: жамоа биринчи бўлимда юқори прессинг уюштириш орқали рақибларни саросимага солиши ва уларни хато қилишга мажбурлаши лозим эди. Мюнхенликлар агарда ҳимоядан узун паслар орқали чиқишни истасалар, уларнинг узатмаларини "Барселона"нинг бўйдор ҳимоячилари буткул кесиб ташлашлари керак эди. Ушбу расмга эътибор қаратинг!
Расмда "Барселона" ҳимоячилари деярли майдон марказида турибди. Каталонияликларнинг ҳимоя чизиғи жуда юқори тортилиб ҳаракат қилди ва бу орқали қисман мақсадга эришилди ҳам.
Каталонияликлар биринчи бўлимда бир қанча имкониятларга эга бўлдилар, улар мезбонларга босим уюштириб ўйинни ўз қўлларига олдилар. Хавининг режаси биринчи бўлимда яхши ишлади, фақат гол бўлмади. Гол эса - "Барселона" футболчилари учун жуда муҳим эди. Қуруқ ўтган тайм "Бавария" фойдасига ишлади. Иккинчи бўлимнинг бошида мезбонлар бурчак зарбасидан сўнг ҳисобни очдилар. Каталонияликлар ўзига келгунига қадар Лерой Сане иккинчи тўпни Тер Штеген дарвозасига жойлаб қўйди. Ҳа, футбол шундай шавқатсиз ўйин.
Лекин, аввалгиларига нисбатан бу ўйинда "Барселона" анча жонли ҳаракатланди. Бу сафар улар кучлари етмаганлари учун эмас, ўз имкониятларидан фойдалана олмаганлари учун мағлуб бўлдилар. "Барселона" яхши ўйнаб туриб мағлуб бўлди.
Мазкур учрашувдан сўнг "Барселона" ички чемоионатда "Эльче"га қарши тўп суриши керак эди. Мухлислар эса, мағлуб бўлиб келган суюклиларидан юз ўгирмадилар. "Эльче"га қарши ўйинда "Камп Ноу" га 85.703 мухлис ташриф буюрди. Ўтган йили айнан шу "Эльче"га қарши ўйинда шу стадионга атиги 41.664 ишқибоз келган эди. Натижа икки баробарга ошган, бу эса - "Барселона" яна мухлисларга ишончни қайтара олганига далолат қилади. Хуллас, мухлислар "Барселона" ўз уйида улар учун "Бавария"дан "қасос" олиб бера олишига ва аввалги пайтлардагидек титуллар ютишига ишонишмоқда.
Хулоса.
Хави ва унинг жамоаси ҳозир тўғри йўлдан бормоқда. Дўстларим, ишонтириб айта оламанки, каталонияликлар бу мавсумни қуруқ якунламайдилар.
Эрмон бува.