Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Эдгар Гесс: «Шўртан»ни менга топширишларини кутмагандим»

Баҳо:
+ | -

5 июль куни мамлакат Кубогида “Бунёдкор”га қарши нимчорак финалнинг жавоб ўйинида “Шўртан”ни майдонга Эдгар Гесс олиб тушди. Истеъфога чиқарилган Игорь Криушенконинг ўрнини ғузорликларга жуда яхши таниш бўлган мутахассис эгаллади. “Шўртан”ни икки ярим мавсум бошқарган Эдгар Яковлевич бир йиллик танаффусдан сўнг яна бош мураббийликка қайтарилди. Айтиш керакки, бунгача ҳам Гесс Ғузорда фаолият кўрсатиб, “Шўртан” клуби қошидаги футбол мактабида директор бўлиб ишлаётганди. Маълум муддатли танаффусдан кейин тажрибали мутахассис яна севли касби билан шуғуланишни бошлади. Ўтган ҳафта Гесс бош мураббий этиб тайинлангач у билан суҳбатлашдик.

- Эдгар Яковлевич, яна “Шўртан” бошқарувига қайтдингиз. Яқин-яқингача ҳам клубда Игорь Криушенко иш олиб бораётган. Бу ўзгариш тез содир бўлишини кутмаганмидингиз?
- Бу қарорга мен эмас клуб раҳбарлари келишди. Бунгача мен “Шўртан” футбол мактабида ўз вазифамни бажараётгандим. Тўғриси, жамоани менга топширишларини кутмагандим ҳам.

- Бошқарувни ўз қўлингизга олишингизни қачон айтишди?
- 3 июль куни Икром Норчаев бош мураббийликка қайтишимни айтди. Бу пайтда мен Тошкентда эдим ва буни эшитгач Ғузорга қайтдим. Пайшанба куни эса бошқарувни менга топширишди.

- Бу таклифга ўйланиб ўтирмай розилик билдирдингизми? Бундай дейишимнинг боиси сизга “Локомотив” клуби ҳам қизиқиш билдираётганини эшитгандик.
- “Локомотив”дан таклиф бўлгани тўғрисида ҳеч нарса эшитмагандим. “Шўртан”да аввал ҳам ишлаганман ва жамоага керак эканман ёрдам беришга тайёрлигимни айтдим. Шунинг учун бу борада ўйланиб ўтирмадим.

- “Шўртан” сиз учун бегона эмас. Жамоага иккинчи қайтишингизда қандай ўзгаришларни амалга оширмоқчисиз?
- Айни пайтда нималар қилишимни айтшим қийин. Чунки бош мураббий этиб тайинланганимга ҳали кўп вақт бўлгани йўқ ва клуб мутасаддилари билан буни муҳокама қилмадик. Бундан ташқари раҳбарият олдимга қандай вазифалар қўйилиши борасида ҳам гаплашганимиз йўқ. Раҳбариятнинг талаби ва мақсадига қараб иккинчи даврага тайёргарликни бошлаймиз. Албатта, “Шўртан” менинг жамоам ва унга менинг хизматим керак экан бор кучим ҳамда билимимни сарфлайман.

- Клуб мутасаддиларига Игорь Криушенконинг иши ва биринчи даврада қайд этилган натижа қониқтирмади. Сиздан ҳам раҳбарият юқори натижалар талаб этишига шубҳа йўқ. Буни яхши ҳис этиб турган бўлсангиз керак?
- Аввало шуни айтишим керакки, биринчи навбатда менга қўйиладиган талаб жамоа ўйинини ижобий тарафга ўзгартириш бўлади. Биринчи даврада жамоа намойиш этган ўйин раҳбарларга ёқмагани учун ўзгаришлар юз берди. Мавсумга яхши тайёргарлик кўриш учун Криушенкога барча шароитлар яратиб берилди. Жамоа қишда икки бор хорижда - Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркияда йиғин ташкил этди. Шунингдек, таркибга маҳоратли ўйинчилар таклиф қилинди. Албатта, бундай шароитлардан кейин раҳбарият бош мураббий ҳамда жамоадан чироийли ўйин ва яхши натижалар талаб қилади. Табиийки, биринчи даврада йўл қўйилган хатоларни ўнглашга ҳаракат қиламиз. Ўйлайманки, иккинчи даврада бошқача ўйин кўрсатамиз. Лекин яна қайтариб айтаман, раҳбариятнинг олдимизга қандай вазифалар қўйишига қараб ишга киришамиз ҳамда шу мақсад сари интиламиз. Мен бошқарган пайтда “Шўртан” мамлакат Кубоги финалигача борган. Қолаверса, ОФК Кубогида яхши иштирок этган. Бу сафар ҳам мухлислар биздан юқори натижалар кутишади.

- Биринчи даврада “Шўртан”нинг ўйинларини кузатиб борган бўлсангиз бунга қандай баҳо берасиз?
- Мен бошқа мураббийнинг ишига баҳо бера олмайман. Ҳар бир мураббийнинг ўз фикри ва ўйин услуби бор. Игорь Криушенко ўзига юклатилган вазифасини бажариш учун астойдил ҳаракат қилди. Унинг қўл остида жамоа яхши ёки ёмон ўйин кўрсатди дея олмайман. Биринчи даврадаги менинг вазифам “Шўртан” академиясига жавоб бериш бўлган. Ана шу ишим ҳақида гапирадиган бўлсам, футбол мактабида 500га яқин иқтидорли болалар тарбияланмоқда. Бу ёш футболчиларга яхши савиядаги мураббийлар сабоқ беришяпти.

- Жамоадаги ўйинчиларнинг кўпчилиги сизга таниш футболчилардир. Айтингчи, таркиб борасида қандай ўзгаришларни қилмоқчисиз?
- Кўпчилик ўйлаши мумкин, Гесс келганидан сўнг у бу футболчини ўйнатади ёки бошқасига жавоб бериб юборади деб. Йўқ, жамоага яхши савиядаги ўйинчилар йиғилган. Ҳамма нарса раҳбариятнинг талабига боғлиқ. Агар ёшларга катта урғу берилади дейишса, жамоанинг келажагини ўйлаб иш юритамиз. Ёки олдимизга совринларни қўлга киритиш вазифаси қўйиладиган бўлса, таркибни етакчи ижрочилар билан кучайтириш керак бўлади. Нима бўлганда ҳам биз тажриба билан ёшлар шижоатини бирлаштирган ҳолда иш олиб борамиз.

- “Шўртан”нинг иккинчи даврага тайёргарлик режаси қандай бўлади? Шу ҳақда ҳам айтиб ўтсангиз?
- “Бунёдкор” билан бўлган ўйиндан кейин футболчиларга бир ҳафталик таътил берилди. 13 июлдан тайёргарликни бошлаймиз. Дастлаб бир ҳафта Ғузорда шуғулланамиз. Шундан кейин Тошкентда яна бир ҳафта машғулотлар олиб борамиз. Ундан сўнг яна Ғузорга қайтиб тайёргарликнинг якуний босқичини ўз базамизда давом эттирамиз. Албатта, Тошкентдаги йиғин чоғида 2-3та назорат ўйинини ўтказишни ҳам айни пайтда режалаштиряпмиз.

- Криушенко истеъфога чиқарилгач унинг ёрдамчилари ҳам жамоани тарк этишди. Мураббийлар штабида ўзингизга ёрдамчилар танлаб олдингизми?
- Ёрдамчиларим олдиндан маълум эди. Дарвозабонлар билан Эркин Мирзаев ишлайди. Шунингдек, бундан аввал Криушенко билан бирга иш олиб борган Саид Сеидов менга ҳам ёрдам беради. Сеидов анчадан бери “Шўртан”да фаолият кўрсатиб келади. Қолаверса, у яхши инсон ва мураббийдир. Кўрамиз, вазиятга қараб мураббийлар штабига яна бир мутахассисни ҳам жалб этишимиз мумкин. Бундан ташқари ўз вақтида жамоада тўп суриб меҳнати сингган собиқ футболчиларни раҳбарият жамоага таклиф этиб мураббийлик салоҳиятини оширишга ёрдам бериши мумкин.

- Биринчи даврани доимгидек “Бунёдкор” пешқадам сифатида якунлади. Сизнингча, иккинчи давра қандай ўтади?
- Биринчидан, “Бунёдкор” ҳаққоний равишда пешқадамлик қиляпти дейишим мумкин. Таркибдан жуда кучли футболчилар жой олган ва уларнинг аксарияти миллий терма жамоа аъзолари саналишади. Қолаверса, “қалдирғочлар” Осиё Чемпионлар лигасида таркибдаги ижрочиларнинг маҳорати эвазига муваффақиятли иштирок этишмоқда. Иккинчидан, чемпионатда бугунда кўплаб жамоаларнинг иш олиб услуби ўзгарган. Мисол учун, илгари жамоалар эътиборни асосан легионерлар ва тажрибали футболчиларга қаратишарди. Бугунда ундай эмас, жамоалар ўз кадрларига таянган ҳолда чемпионатда кураш олиб боришмоқда. “Пахтакор”, “Олмалиқ” ва “Қизилқум” клублари таркибни сезиларли даражада ёшартиришган. Тан олиш керак, охирги пайтларда ўзбекистонлик кўплаб футболчилар хорижга чиқишаётгани боис чемпионат савияси бироз кучсизланганга ўхшамоқда. Лекин яна қайтариб айтаман, бир қатор жамоалар ёшларга ишонч билдириб келажакни ўйлаган ҳолда иш олиб боришяпти.

- Мавсум бошида чемпионат қизиқарли кўринганди. Ҳатто “Бунёдкор” ҳам бир нечта очколарни бой берганди. Бироқ биринчи давра охирига келиб яна ўша манзарага гувоҳ бўлдик. “Бунёдкор”, “Насаф” ва “Пахтакор” одатдагидек юқори ўринларни эгаллаб туришибди. Нима деб ўйлайсиз, мухлисларни бу зериктириб қўймасмикин?
- Чемпионатнинг бундай руҳда давом этиши ишқибозлар учун зерикарли бўлади деб ҳисобламайман. Масалан, пешқадам “Бунёдкор” ҳам биринчи даврада мағлубиятга учради. Шунингдек, “Пахтакор” ва “Насаф” ҳам кўплаб очколарни бой беришди. Турнир жадвалига эътибор қаратсангиз, пешқадамлар ва унинг ортидан бораётган жамоалар ўртасида унчалик катта фарқ йўқ. Бу эса чемпионатни қизғин ўтишидан далолатдир. Ҳозирда деярли барча жамоалар кучайиб бормоқда. Мисол учун, асосан ўз кадрларига ишонч билдирадиган “Нефтчи” мавсум бошида 10-ўринда кетаётганди. Давра ўртасида фарғоналиклар ўйинларини кучайтириб кучли бешликка кирдилар. Шу боис бугунда кучсиз клубнинг ўзи йўқ. Ўйлайманки, иккинчи даврада ўйинлар янада муросасиз кечади ва мухлисларга ҳам манзур бўлади.

Бобурбек ТУРСУНОВ суҳбатлашди

Манба: www.fcshurtan.uz
Киритилди: 22:59, 10.07.2012.
Ўқилди: 5933 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.