Айни дамда "Манчестер Сити" ҳужумчиси, Холандни тўхтатиш имконсиз ишга айланган. Харҳолда, кўпчиликка шундай туюлмоқда. Уни қандай зарарсизлантириш мумкин? Мана шу савол ҳозирда кўплаб мураббий ҳамда ҳимоячиларни ўйлантираётгани бор гап. Қуйида 22 ёшли футболчини тўхтатиш йўлларига назар ташлаймиз.
"Манчестер Сити" 9 та АПЛ баҳсида иштирок этишга улгурди. Холанд эса аллақачон 3 та ўйинда хет-трик қайд этган. Бу орқали у рекорд натижага эришди. Ҳозирга қадар 52 миллион фунтлик ҳужумчи "шаҳарликлар" сафида 12 та ўйинда жами 20 та голга муаллифлик қилди. Холанднинг янги мавсумда қарши ўйнаб, гол ура олмаган клуби фақат "Борнмут" эди. Хўш, уни тўхтатишнинг иложи борми?
Холанд ва жамоадошлари ўртасидаги алоқани узиб қўйиш
Қайсидир электр жиҳозини ишдан чиқариш учун, уни энг камида ток манбайидан узиш талаб қилинади. Футболда ҳам шундай. Холандни "зарарсиз" ҳужумчига айлантириш учун уни жароҳатлаш шарт эмас. Шунчаки, у ва шериклари ўртасидаги боғлиқликни иложи борича бўғиш керак. Бу ҳақида Гвардиола ҳам фикр билдирган эди. Ҳа, бу осон бўлмайди. Аммо буни уддалаган жамоалар албатта, "шаҳарликлар"га қарши қониқарли натижага эришиши мумкин.
Жисмоний фаолликка имкон бериш орқали ижодкорликни тўсиш
Холанд "Манчестер Сити"даги даврида тўпга энг кам тегиб, кўп фойда келтирган ҳужумчига айланди. 22 ёшли ҳужумчи тўп билан кам муомалада бўлади. Аммо гол уриш вазияти келганда ундан фойдаланади. Холанд тўпга ўртача 13,6 марта тегиб, голлар урмоқда. Бу борада иккинчи ўринни Жейми Варди эгаллайди. У ҳар 50 та тегишда битта гол уради. Кўриб турибсизки, фарқ ўта катта. Аммо Холанд нафақат голлар урмоқда, балки ассистлар муаллифига ҳам айланмоқда. Шу нуқтайи назардан Холанднинг ижодкорлик қобилиятига эътибор бериш керак. У майдонда жисмоний фаол бўлиши, шу билан бир пайтда тўпни шерикларига мақсадли етказиб бера олмаслиги керак. Бу учун эса уни кўпчиликлашиб қўриқлаш талаб этилади.
Холанднинг тезлигини назорат қилиш
Холанднинг устун тарафларидан бири бу унинг стандарт вазиятларда фойдали эканидир. "МЮ"га қарши баҳс буни яққол кўрсатиб берди. Шу сабаб узатмалар вақтида рақиб ҳимоячилари Холандга ўта яқин ўйнаши лозим. Бу эса ҳужумчининг тез қочиб кетиши ва ҳаводан узатилган тўпга бош билан зарба беришга халақит қилади. Албатта, вазият бунда ҳимоячилардан жисмоний оптималликни талаб этади.
Мана шундай омиллар орқали Холанднинг ултра-маҳсулдорлигига чек қўйиш мумкин бўлади.
ИСМАТОВ Ж.